00:13 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Рўза Ўтунбаева: “Биз президент истеъфосини талаб қилаётганимиз йўқ”

31.03.2007 15:46 msk

Алла Пятибратова

Роза Отунбаева. Фото ИА Фергана.Ру
Рўза Ўтунбаева. Фарғона.Ру АА фотоси

Минтақа мамлакатлари сиёсатчиларининг бошқа фотосуратларини “Фарғона.Ру” галереяси да кўриш мумкин
Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи, икки йил аввал собиқ президент Ақаев “мухолифат локомотиви” деб атаган Рўза Ўтунбаева ўшлик журналистлар билан учрашди. Бугунги кунда Рўза Ўтунбаева янги ташкил этилган “Яхлит Қирғизистон учун!” ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг мувофиқлаштирувчиси ҳисобланади. Ҳаракат ташкил этилгани тўғрисида 27 март куни оммага маълум қилинган эди.

- Мамлакатда фавқулодда вазият юзага келди ва у кундан-кунга таранглашиб бормоқда, - Р. Ўтунбаева учрашувни ана шу баёнот билан бошлади. - “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронти лидерлари ҳаммаси 11 апрель куни ҳал бўлажагини айтаяптилар. Афтидан, улар барча масалаларни музокаралар йўли билан эмас, майдонларда ҳал қилмоқчига ўхшайдилар. Расмийлар эса ҳалигача очлик эълон қилиш, муддатсиз ва кўп минг кишилик митинглар ўтказиш каби тадбирларга нисбатан бирор-бир чора ишлаб чиққанлари йўқ. Мен воқеликни бўрттириб кўрсатмоқчи эмасман, лекин бутун республика ҳозир ғулғула ичра яшаяпти.

Ўтунбаевадан ташқари Алмазбек Атамбаев, Эдиль Байсалов, Азимбек Бекназаров ва Дўўрўнбек Садирбаев томонидан имзоланган “Яхлит Қирғизистон учун!” ИСҲ тузилганлиги тўғрисидаги баёнотда қуйидагилар айтилади: “Агар “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронти томонидан қўйилган олийжаноб ва юксак мақсадлар [мамлакатда] юзага келган вазият, коррупциянинг ўсиши ва қонунсизликнинг авж олиши учун бевосита жавобгар бўлмаган сиёсатчилар томонидан таклиф қилинганида эди, ҳақиқатан ҳам бу таклифлар умумқўлловга муносиб бўларди. Бироқ биз “Бакиев ҳокимияти”дан четлаштирилганидан кейин бирданига кўзи очилмиш Феликс Қуловнинг бундай шиорларни олға суришга бўлган маънавий ҳақ-ҳуқуқини тан ололмаймиз. Мамлакатимизда янги ёрлиқ остида классик “ақаевчилик” қадамба-қадам тикланаётган пайтда у қаёқда эди? Нима учун у ўша пайтда бунга қарши чиқмаганди? Нима учун Қулов декабрь реваншига йўл очгани ва аксилдемократик декабрь конституциясини индамай ўтказиб юборгани учун жавобгар бўлмаслиги керак? Нима учун у ўтган йилнинг ноябрь ойида “Ислоҳотлар учун” ҳаракати чиқишларини жонини жабборга бериб танқид қилган, бизни фуқаро уруши оловини ёқишга уринганликда айблаган, [бизни] давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганликда айблаб, “дискетгейт” жиноий ишини бошлаганди? Энди эса унинг ўзи янада радикалроқ шиорлар билан митинг ўтказмоқчи бўлаяпти? Нега энди биз бу сиёсатчи учун ҳокимият тепасида туриш ҳозир ўзи гапира бошлаган демократик кураш ва қонун устиворлигидан кўра муҳимроқлигини кўрмаслигимиз керак?”

- Жамият бунақа тарангликни юзага келтирган “фронтчилар”га “балли” дейиш керак, - дейди Ўтунбаева. – Улар ультиматум шаклида баёнотлар бераяптилар ва энг мураккаб сиёсий масалаларнинг барчасини бирданига, жуда бўлмаганда, бир ой ичида ҳал қилиш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Аммо бу каби “жарроҳона” усуллар бизни хавотирга солади, улар расмийлар учун ҳам, бутун халқ учун ҳам жуда хавфли бўлиб, давлатчилик барбод бўлишига олиб келиши мумкин.

Рўза Ўтунбаева “Ислоҳотлар учун” ҳаракатининг нима сабабдан парчаланганини айтиб берди. Унга кўра, ҳаракат республикадаги сиёсий вазиятни барқарорлаштириш учун озмунча иш қилгани йўқ. 2006 йилнинг май ойида ҳаракат тарафдорлари жиноят оламига мансуб шахсларнинг ҳокимиятга кириб олишига қарши чиққанлар. Ноябрь ойида Конституциянинг янги вариантини қабул қилишга мажбур қилганлар. Президент Бакиевнинг жамоатчилик телевидениеси ташкил қилиш ҳақидаги фармонни имзолаш, ҳукуматни тарқатиб юбориш, бош прокурор Қамбарали Қўнғантиевни ишдан олиш, Асосий қонуннинг янг матнини ёзишга розилик бериш каби ҳаракат талабларини бажаришига эришганлар. Бироқ ҳаракатнинг ўз ичида қарама-қаршиликлар бошланган. Президент билан музокаралар олиб бориш юзасидан баҳслар натижасиз якунланган. Собиқ сафдошлар иккига ажраганлар. Натижада президент ва мухолифат ўртасида қалқон ролини ўз зиммасига олган “Яхлит Қирғизистон учун!” ИСҲ ташкил топган.

- Биз президентни танқид қилишда давом этамиз. Бакиев-Қулов тандеми кўп зарар етказгани учун – мамлакатни шимол ва жанубга бўлиб юборгани учун. Президент ўз сайловолди ваъдаларини бажармаётгани учун – коррупцияни, оилавий олигархия тизимини енга олмаётгани, ҳокимиятга бўлган ишончни тиклай олмаётгани, туб ислоҳотлар ўтказа олмаётгани учун. Кўп хатолар учун. Аммо у билан музокара қилмаслик ҳалокатга олиб борувчи тактикадир, - деб ҳисоблайди Ўтунбаева. - Президентни митинглар воситасида ҳайдаб солиш ярамайди, ҳокимият алмашуви машруъ (легитим) йўсинда кечиши керак. Биз “фронтчилар”ни қўлламаймиз ва 11 апрель куни митингга чиқмаймиз. Биз умуман Бакиевнинг истеъфосини талаб қилаётганимиз йўқ, биз уни ишлашга мажбур қилмоқчимиз. Бакиевнинг ўзи мухолифатчиларни музокараларга чорлаяпти, аммо улар буни истамаяптилар. Гарчанд, яна бир марта таъкидлаб айтаманки, бу ягона тўғри йўлдир. Биз тўқнашувларга қаршимиз.

Янги ҳаракат лидерларининг “фронтчилар” билан конституциявий ислоҳотлар юзасидан қарашлари ҳам бир-биридан фарқ қилади. Асосий қонун матнини бетўхтов алмаштиравериш мумкин эмас, дея таъкидлайди Ўтунбаева. Энди, ниҳоят, универсал матн ёзиш керак, аммо уни босим остида татбиқ этиш эмас, парламентдаги биринчи ўқишдан сўнг фуқаролар муҳокамасига қўйиш керак. Конституцион суд ҳам матнни экспертизадан ўтказиши керак, у фақат шу учунгина керак-ку ахир.

- Президент мухолифат талабларини бажарар экан, коалицион ҳукумат тузишга ҳам рози бўлди, - дея қайд этади Ўтунбаева. - Ҳукуматга мухолифат вакили бўлган Алмазбек Атамбаев раҳбар этиб тайинланди. Янги вазирлар маҳкамаси, ўйлашимча, мухолифатнинг асосий ўйинчилари иштирокида ташкил этилади. Бу каби мувозанат асосида ташкил топган ҳукумат мамлакатни боши берк кўчадан олиб чиқа оладиган қарорларни қабул қилишга қодир.

Ўтунбаеванинг ўзи янги ҳукуматда бирор-бир лавозимни эгалламоқчи эмас. У “ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган пайтда давлатга етарли даражада хизмат қилдим”, дея қайд этди. У ва унинг ҳозирги сафдошлари, Ўтунбаевага кўра, “ҳокимият учун ўлиб турганлари йўқ” ва шаънига доғ тушмаган ёшларнинг раҳбарликка келишларини истайдилар.

- Биз барча асосий масалалар бўйича “Ислоҳотлар учун” ҳаракати билан ҳамфикр бўлиб қоламиз ва унинг кўп ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз, - дейди Рўза Ўтунбаева. - “Яхлит Қирғизистон учун!” ҳаракати ҳокимият тузилмаларини ўзгартиришни ҳам режалаган. Биз воқеаларни кузатиб борамиз, уларга муносабат билдирамиз ва улар юзасидан тахминларимизни билдирамиз. Биз ўз ҳаракатимизни мустаҳкамлай бориш ниятидамиз. Ҳозир унга етти турли партиялар, нодавлат ташкилотлари вакиллари, фан ва маданият арбоблари кирганлар. Биз туб демократик ислоҳотлар, биринчи навбатда, конституциявий ислоҳот ўтказилишини талаб қилишда давом этамиз.