22:00 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Бўлўт Шамшиев: Қирғизистондаги энг катта офат нигилизмдир

30.03.2007 21:09 msk

Алла Пятибратова

Ўш Қирғиз-Ўзбек университетида айни пайтда президентнинг маданият бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган таниқли кинорежиссёр, СССР ва Қирғизистон халқ артисти, СССР Давлат мукофоти лауреати Бўлўт Шамшиев билан учрашув бўлиб ўтди.

- Мен Ўшга сиёсатчи сифати келганим йўқ ва бу ерда сиёсий ташвиқот билан шуғулланмоқчи эмасман, - дея билдирди Бўлўт Шамшиев аввал-бошданоқ. – Сўнгги йилларда томошабин билан алоқа йўқолиб қолди. Мастер-классларимни Россияда, Озарбайжонда, узоқ хорижда ўтказаман ва юртдошлар билан кам мулоқотда бўламан. Энди эса менга тез-тез қўнғироқ қилишиб, мамлакатда нима бўлаётганини, шу жумладан, киномиз тақдири қандай кечаётганини гапириб беришни илтимос қилаяптилар.

Қирғизистондаги замонавий кино аҳволи ҳақида, Шамшиевга кўра, икки оғиз сўз билан айтиб бериш қийин. Совет даврида шуҳрат тутган қирғиз кинематографи нима учун узоқ йиллар узлатга чекинганлигини англаш учун СССР парчаланган пайтларга қайтиш лозим бўлади.

- Ўн беш йил мен фильмларни суратга олмадим, чунки президент Ақаев менинг ишлашимни хоҳламасди. Ақаев фақат кинематографгагина эмас, умуман маданиятга пул ажратмасди, маданият уни қизиқтирмасди. Ҳозир аҳвол ўзгарди, расмийлар ниҳоят маданиятга эътибор қаратдилар ва уни ривожлантириш учун ҳар йили 500 миллион сўм, жумладан, кино учун 120 миллион сўм ажратишга ваъда бердилар. Менинг вазифам ёшларнинг оёққа туришига ёрдам бериш, уларни фикрлашга ўргатишдир. Энди ёшлар ҳақида фильмлар суратга олиш керак. “Қирғизкино” концерни телевидениемиз билан биргаликда ёшларбоп сериаллар яратиш миллий лойиҳасини ишлаб чиқаяпти. Шунга ўхшаш бир сериал экранга чиқди, албатта, уни яхши деб айтолмайман, аммо бу фақат бошланиши, холос. Бизга ўз касбининг усталари керак.

Маълум бўлишича, ўтган йиллар мобайнида Бўлўт Шамшиев ишсиз ўтирмаган экан. У бир неча романлар, қиссалар, комедия, шунингдек, ўзи қирқ йилдан бери ўрганаётган “Манас” эпосига бағишланган ишлар ёзибди. У Манас ҳақида кўп қисмли фильм суратга олишни жуда истар экан, аммо, унга кўра, бунинг учун замонавий кинотехнологияларга эга бўлган Ҳолливуд керак. “Мен бу дунёга Манас ҳақида ҳикоя қилиш учун келган бўлсам керак”, - дейди Шамшиев.

Президент маслаҳатчисининг сиёсат ҳақида гапиришни истамаганлигига қарамасдан, талабалар томонидан берилган саволлар уни ижодий муаммолардан ҳозирда барча қирғизистонликларни ташвишлантираётган муаммоларга ўтишга мажбур қилди. “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронти ташкил этилганидан сўнг республикада яна аҳвол таранглашган, унинг лидерлари 11 апрелдан бошлаб амалдаги расмийларга қарши муддатсиз митинглар бошлашларини эълон қилганлар.

- Митинглар фитнадан бошқа нарса эмас. Уни халқни ўн беш йил талаган ўнглар уюштиряптилар. Ақаев даврида уларнинг пичоқлари мой устида эди, энди эса уларни ёғли жойларидан маҳрум қилдилар. “Фронтчилар” эски тизимни қайта таъмирламоқчилар, аммо энди бунинг иложи йўқ. Мен президент маслаҳатчиси сифатида эмас, фуқаро сифатида айтаман: Қурманбек Бакиев – зиёли одам. У кескин чоралар кўришни истамаяпти, шунинг учун бундан айримлар фойдаланиб, вазиятни таранглаштираяптилар. Ўмурбек Текебаев, Мелис Эшимканов ва бошқалар “Бакиев нима билан шуғулланаяпти – бошланғич синф ўқувчилари учун емак (булочка билан бир стакан сут) жорий қилди...” деб кулган эдилар. Тўғри, Бакиев ўз фаолиятини кичикроқ ишлардан бошлади. Аммо у кейин, масалан, қишлоқ ҳукуматлари учун 190 та машина, 1600 комбайн ва тракторлар берди. Ақаев қишлоққа умуман машина бермаганди. У ҳукмронлик қилган даврда техника олиб келганлари тўғри, лекин бу техника жуда қиммат эди. Ўшанда қишлоқдагиларга “Истасанглар - сотиб олинглар”, дейилганди. Лекин қайси пулга? Ақаев аввал, ўзининг айтишича, “қизил директорлар” билан уруш олиб борди ва бутун саноатни барбод қилди. Кейин у “қизил раислар” билан кураша бошлади. Унинг сиёсати натижасида бутун иқтисодиёт барбод бўлди, коррупция, ерни чайқов қилиб сотиш гуллаб-яшнади. Бишкек атрофидаги ерларни нима қилаётганларини кўринг. Муқаддас Иссиқкўл қирғоқларини эса хусусий қурилишлар учун сотиб юбормоқдалар, ҳатто президентга қарашли 16 гектар ерни ҳам сотиб юборибдилар. Энди ҳаммасини Бакиевга ағдаришга ҳаракат қилаяптилар, унинг ишлашига йўл қўймаяптилар.

Шунингдек, Бўлўт Шамшиев ҳозир майдонга митинг қилиш учун келадиганлар орасида 2002 йил Ахсида бўлиб ўтган фожеадан сўнг бўлгани каби ғоя учун курашадиган одамлар йўқлигини айтди. Унинг фикрича, энди одамлар майдонга ишга келгандай келаяптилар, улар рўйхатдан ўтиб, ўз пулларини олаяптилар - бунга режиссёрнинг ўзи гувоҳ бўлган. Ақаев қашшоқликка гирифтор қилган бу одамлар нима ҳам қилсинлар, дея савол беради у.

- Мен сайлов комиссияси Бермет Ақаевани қандай қилиб парламент депутатлигига номзод сифатида рўйхатдан ўтказганига ҳайронман, - дейди Бўлўт Шамшиев. – Миш-мишларга қараганда, у ҳар бир овоз учун катта пул ваъда қилганмиш. Мен бу миш-мишни тўғри, деб таъкидлай олмайман. Аммо бу билан у нимага эришади? Ўзининг ҳамма ишга қодирлигини исботламоқчими?

Ўшлик талабалар билан бўлган учрашув ниҳоясида Бўлўт Шамшиев ҳозир Қирғизистон учун маҳаллийчиликдан ташқари энг мудҳиш офат нигилизм (нигилизм – ҳар қандай меъёр, тамойил ва қонунларни инкор этиш - таҳр. изоҳи) эканини қайд қилди .

* * *

Алла Пятибратова – “Фарғона.Ру” АА учун махсус