14:52 msk, 23 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Туркманистон Халқ Маслаҳати ХХ мажлиси ўзига хос “КПСС ХХ съезди” бўла оладими?

30.03.2007 18:28 msk

Артём Улунян

Туркманистоннинг янги раҳбарияти томонидан қўйилаётган қадамлар экспертлар томонидан икки қарама-қарши нуқтаи назардан туриб қаралмоқда. Биринчи нуқтаи назар тарафдорлари С. Ниёзов вафотидан кейин 2006 йил 21 декабрида ҳозирги президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов расмий раҳбари ҳисобланмиш гуруҳ ҳокимият тепасига келгандан кейин аста-секинлик билан ислоҳотлар ўтказиш ва Туркманбоши меросидан воз кечишни кўзда тутиши тўғрисидаги фикрга мойиллар. Иккинчи нуқтаи назар соҳиблари Туркманистоннинг ҳозирги раҳбари баёнотлари ҳам, унинг ҳатти-ҳаракатлари ҳам Ниёзов йўналишидан четга чиқишдан гувоҳлик бермайди, улар вазиятни “функционал жиҳатдан ўзгартириш”гагина қаратилган, деган фикрдалар. 30 мартга белгиланган Халқ Маслаҳати мажлиси ҳар иккала гуруҳ экспертлари ва кузатувчилари томонидан мамлакатда кечаётган жараёнлар юзасидан айнан юқорида зикр этилмиш нуқтаи назарлар позициясидан баҳоланмоқда.

Бироқ Туркманистонда юзага келаётган вазият бу икки қарама қарши нуқтаи назарларга мувофиқ келмайди. Айни пайтда президент Қ. Бердимуҳаммедов олдида ҳал қилиниши керак бўлган, ижтимоий-сиёсий режим, унинг иқтисодий асослари ҳамда мамлакатнинг ташқи сиёсий позицияси учун стратегик характерга эга бир неча муаммолар турибди.

Долзарб мавзулардан биринчиси С. Ниёзов вафотидан кейин ҳокимият тизимини тузиб чиқишдир. У ҳукмронлик қилган йиллари, айниқса, сўнгги йилларда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижроия бутоқлари вазифасини бажариб, деярли унинг асосий органи бўлмиш Халқ Маслаҳати ўзининг қатор ваколатлари эндиликда йўқотган: бу ваколатлар Давлат Хавфсизлик Кенгашига топширилган. Халқ Маслаҳати раисини тайинлаш ҳақидаги масала 2006 йилнинг декабрида ҳокимият Қ. Бердимуҳаммедов ва унинг гуруҳи қўлига ўтган пайтда кўнгдаланг турарди. Бироқ у юзага келган вазиятнинг ўзига хослиги сабабли ўша пайтда ҳал қилинмай қолиб кетганди.

Ҳокимиятнинг юқори эшелонидаги сиёсий кучлар қандай жойлашиши (ҳозирги ҳолатдаги) Халқ Маслаҳатига кимнинг раҳбар бўлишига боғлиқ. Агар амалдаги президент раис этиб тайинланса, унда расмий Ашхобод Ниёзов даврида пайдо бўлган тизимни бузишни истамайди, дея ишонч билан айтиш мумкин. Бироқ мазкур жабҳадаги жузъий ўзгариш ҳам ҳозирги раҳбариятнинг “конвенционал” тизимига ўтиш истагини намойиш қилиши мумкин.

“Осойишталикни сақлаб қолиш” ва аламзадалар пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида ҳукмрон гуруҳ парламентни икки палатали органга айлантириб, Халқ Маслаҳатини унинг бир қисмига эврилтириши мумкин эди. Бироқ бундай қарор Ниёзов режими асосларига путур етказарди, ўз навбатида, бу ҳолат Туркманистоннинг ҳозирги раҳбариятини ўтмишдан воз кечиб, кўп нарсаларни тан олишга мажбур қиларди, бу эса ҳукмрон гуруҳ учун манфаатли иш эмас. Хусусан, бунда сиёсий мухолифатни ва унга қарши собиқ президент томонидан амалга оширилган тегишли ҳатти-ҳаракатларни тан олишга тўғри келарди. Ҳозирча эса Халқ Маслаҳатининг 2507 аъзо-иштирокчисига “сарф-ҳаражатлар учун” Туркманистонда каттагина пул ҳисобланган 1,5 миллион манатдан (300 АҚШ долларига тенг) тарқатиб берилди. Бу саҳофат ҳам муайян роль ўйнашига умид қилинмоқда.

Айни дамда Халқ Маслаҳатининг ХХ мажлисини, ўзининг рамзий тартиб рақами ва КПССнинг ХХ съездини ёдга солишига қарамасдан, қандайдир туб ўзгаришларнинг бошланғич нуқтаси деб қараш мутлақо жоиз эмас. Бу мулоҳаза бутун моҳияти ҳокимиятни сақлаб қолиш ва вазиятдан ўз мақсади йўлида фойдаланишдан иборат бўлган “21 декабрь гуруҳи”нинг умумий йўналиши билан изоҳланади.

Расман эълон қилинган ўзгаришлар – вилоятлар ўртасидаги марказий алоқа йўлларида транспорт назоратининг сусайтирилгани, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, С. Ниёзов ҳукмронлигининг сўнгги ойларида ишдан бўшатилган қатор амалдорларни хизматга қайтиши танлаш асосида амалга оширилган. Бир қатор шарҳловчилар томонидан вақт тақазоси ўлароқ қаралаётган “Туркманбоши йўналишини давом эттириш” юзасидан расмий баёнотлар аслида теранроқ маъно касб этади. У Туркманбоши томонидан қурилган, ҳозирги раҳбарият қисман модификация қилаётган тизим ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий вазиятни назорат қилишга имкон беришида акс этгандир, бу эса расмий Ашхобод учун энг муҳим жиҳатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Халқ Маслаҳати ХХ йиғинида унинг ташкилотчилар гўё ўтказишга ҳозирланаётган қанақадир туб ислоҳотлар ва ўзгаришларни кутиш кўпроқ бундай нуқтаи назар тарафдорларининг мамлакатдаги ҳақиқий аҳволдан яхши хабардор эмаслигига асосланади. Туркманистоннинг ҳозирги раҳбариятига 30 декабрдан бир неча вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиб қолиш муҳим.

Биринчидан, ижтимоий ва иқтисодий турмушнинг турли соҳаларида муайян тадбирлар ўтказишни қонунлаштириш ҳамда мамлакат ичкарисида ислоҳотчилар тимсолини шакллантиришга эришиш. Иккинчидан, ташқи оламга ўзгаришларга ҳозирликни намойиш қилишга уриниш, бу ҳаммага маълум сабабга кўра Евро-Атлантика ҳамжамиятининг Туркманистонга нисбатан қизиқиши кучайиши қабатида жуда аҳамиятли ишга айланмоқда. Учинчидан, аввал мунтазам қатағонлар хавфи остида яшаган давлат аппарати бюрократлар қатламларини жипслаштириш ҳамда шу йўл билан максимал даражада мансабдорлар қўлловига эришиш. Ва ниҳоят, тўртинчидан, президентлик-Давлат Хавфсизлик кенгаши-Межлис-Халқ Маслаҳати институтлари ўртасида узилишларга йўл қўймаган ҳолда, давлат ҳокимияти институтлари тизимига айрим ўзгаришларни киритиш.

Аснода “сонлар жодуси” (айнан эса йиғиннинг тартиб рақами КПСС съездларидан бирининг рақамини эслатиши) ҳам мамлакат ичкарисида-да, хорижда-да Туркманистон янги раҳбариятининг обрўси ошишига хизмат қилиши лозимлигини эътиборда тутмоқ лозим. Бунинг устига, йиғиннинг ўтказилиш жойи Қ. Бердимуҳаммедов президентликка номзоди кўрсатилган вилоят маркази бўлмиш Марв шаҳрига белгилангани ҳам рамзий характер касб этади.