12:39 msk, 22 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Конституциясидаги ҳокимият тизимига дохил ўзгартишлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди

29.03.2007 12:41 msk

Умар Шарифов

Ўзбекистон Конституцияси яқин орада сал-пал ўзгаради – Ислом Каримовнинг таклифига кўра унга бир неча тузатишлар киритилади. Март ойида Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонун ҳамда Конституциянинг уч моддасига айрим тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни кўриб чиққан ва бир овоздан қабул қилган. Бу каби қонунчилик ташаббуслари кўпчилик Ғарб ва Россия журналистларининг ниҳоят Ўзбекистонда демократик қурилиш йўналиши кўзга ташланиб қолгани ҳақида мулоҳаза юритишларига имкон берганди.

Аслида “Сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги қонун ва бошқа тузатишлар фақат конституциявий бўлгани билан, яъни Асосий қонуннинг айрим моддаларини ўзгартиришга қаратилгани билан қизиқ, холос. Бу ҳолатга катта аҳамият бериш шарт эмас – Ўзбекистонда Конституция анча осон ўзгартирилади: республика парламенти юқори ва қуйи палаталари барча депутатларининг учдан икки қисм овози билан. Бу овозларнинг ҳаммаси исталган пайтда йиғилишига ва президент тузатишлари бир овоздан маъқулланишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Унда бу қонунларнинг аҳамияти нимада ва улар нимага қаратилган?

Биринчидан, “Сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги қонун республика қонунчилигини “фракция” тушунчаси билан бойитади. Қонун матнида айтилишича, “сиёсий партия фракцияси - сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузилган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир”. Фракциялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар блокларга бирлашишлари мумкин.

Иккинчидан, Ўзбекистон қонунчилигига биринчи марта “мухолифат” сўзи киритилаяпти. Янги қонунда “ҳукуматнинг тутган йўли ва дастури ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин”, дейилган. Қонун бунинг учун уларга ҳеч нарса бўлмаслигига ишора қилади.

Шу билан бирга янги қонунда ўзини мухолифат дея эълон қилган партия фракцияси қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш, муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатаси ялпи мажлисининг баённомасига киритиш, Сенат (парламентнинг юқори палатаси) томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши ҳуқуқларига эга бўлиши кўзда тутилган.

Соддароқ қилиб айтганда, Ўзбекистон парламенти аъзоларига ниҳоят у ёки бу масала юзасидан ўз фикрига эга бўлишга ва ҳатто уни парламентнинг қуйи палатасида айтишга ижозат берилди. Лекин бу тартиб яқин орада эмас, балки 2008 йилнинг 1 январидан , яъни декабрь ойи охирида бўлиб ўтиши керак бўлган янги президентлик сайловларидан кейин ишга тушади.

Табиийки, бу ерда бир савол туғилади: нима, бунгача халқ ноиблари ўз фикрларини очиқ изҳор қилиш ҳуқуқидан маҳрум эдиларми? Масалан, Ўзбекистонда 1992 йилдан бери амалда бўлган Конституциянинг 29-моддасида ҳар бир одам (шу жумладан, депутатлар ҳам) фикр, сўз ва эътиқод эркинлигига эга экани айтилган. У ҳолда президентга шунингсиз ҳам мамлакат Конституцияси билан кафолатланган махсус қонунни қабул қилиш нимага керак бўлиб қолди? Бу саволга мантиқ ва соғлом фикрга таянган ҳолда жавоб беришга уриниш бефойда – бу саволга жавоб йўқ.

“Сиёсий партиялар ролини кучайтириш тўғрисида”ги қонуннинг кейинги банди иқтибос ўлароқ тўла келтиришга арзийди. Унда Ислом Абдуғаниевич сиёсий партиялар ва депутатларга вилоят ҳокимлари ёки пойтахт ҳокими томонидан қилинган суиистеъмол ҳоллари юзасидан президентга арз қилиш (сиз нима деб ўйловдингиз?!) ҳуқуқини беради:

“Назорат қилиш вазифаларининг самарадорлигини ошириш мақсадида халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларининг партия гуруҳларига вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосли хулосалар тақдим этиш ташаббуси ҳуқуқи берилади. Агар бундай ташаббус етакчи партия гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланса, Ўзбекистон Республикаси Президенти бу ташаббусни халқ депутатлари Кенгаши муҳокамасига киритади ва муҳокама натижаларига мувофиқ қарор қабул қилади”.

“Сиёсий партиялар ролини кучайтириш тўғрисида”ги қонуннинг қолган бандлари қуйидагиларда акс этган: президент аввалгидек бош вазирни тайинлайди ва уни лавозимидан озод қилади, агар парламент таклиф қилинган бош вазир номзодини тасдиқлашни истамаса, у ҳолда учинчи уринишдан кейин президент парламентни тарқатиб юборади ва бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди. Бош вазир в. б. бу лавозимда қанча ой ёки йил қолиши янги қонунда кўрсатилмаган.

Бу пойтахт ва вилоят ҳокимларига ҳам дахлдор. Агар Кенгаш учинчи марта ҳам президент томонидан кўрсатилган номзодни тасдиқлашга рози бўлмаса, Кенгаш тарқатилади, ҳоким (вазифасини бажарувчи) эса шахсан президент томонидан тайинланади. Бунда айрим журналистлар томонидан қайд этилган демократизм нимада акс этишини тушуниш қийин.

Конституциянинг уч моддасига тузатишлар киритиш тўғрисидаги алоҳида қонунга келсак, улар ичида фақат биттаси эътиборга лойиқ, у ҳам моҳияти билан эмас, ўз ифода йўсини билан диққатга сазовордир. Шу кунгача 89-модда қуйидагича таҳрирда баён этилганди:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасида давлат ва ижроия ҳокимияти бошлиғидир”.

Энди қуйидагича бўлади:

“Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат раҳбари бўлиб ҳисобланади ҳамда давлат ҳокимияти органларининг ўзаро мувофиқ ҳолда ишлашини ва ҳамжиҳатлигини таъминлайди”.

Яъни моддадан президент ижроия ҳокимияти бошлиғи бўлиб ҳисобланиши ҳақидаги жумла ўчирилган.

“Мамлакат президенти айни пайтда Ўзбекистонда ижроия ҳокимиятининг ҳам раҳбари бўлиб ҳисобланиши тўғрисида амалдаги модда меъёри Конституциядан олиб ташланади”, - деганди бу борада Ислом Каримов бунинг нақадар улкан ва буюк ишлигини назарда тутган ҳолда. Аммо амалда бу ҳеч нарсани ўзгартирмайди, чунки президент аввалда бўлгани каби бутун ҳокимиятни ўз тизгинида тутган ҳолда, ўз ваколатларини ҳеч ким билан бўлишмайди.

Бўлажак президентлик сайловлари билан боғлиқ ҳолда кўп кузатувчилар ана шундай рокировка амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида башорат қилгандилар. Ўзбекистон Конституцияси битта шахснинг икки муддатдан ортиқ президентлик лавозимини эгаллашига йўл қўймагани, Каримовнинг иккинчи муддати эса шу йилнинг 22 январида тугагани боис у бош вазирга ҳокимият ваколатларининг катта қисмини топшириб, бош вазир курсисини эгаллаб олиши ва шу тариқа ҳокимият тепасида яна чекланмаган вақтга қолиши мумкин эди. Аммо Конституцияга киритилган тузатишлар бу тахминларни тасдиқламайди. Президент бош вазирга қанақа реал ваколатларни топширди? Ҳеч қанақа. Президент аввалда бўлгани каби бош вазир, ИИВ раҳбари, МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати) раҳбари, Мудофаа вазири, Адлия вазири, Олий суд раиси, Конституцион суд раҳбари, Бош прокурор, Марказий сайлов комиссияси раиси, Сенат раиси, барча вазирлар, вилояту туманлардаги барча ҳакамлар, барча вилоят ҳокимлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимини (бевосита ёки билвосита тарзда) тайинлайди. Шу билан бирга, президент импичменти лоақал назарий йўсинда ҳам кўзда тутилмаган – Ўзбекистон Конституциясида бу ҳақда модда умуман йўқ.

Асосий муаммо шундаки, Конституцияда кўрсатилган Ўзбекистондаги ҳокимият уч бутоғи ўртасида ҳокимиятни тақсимлашнинг дараги ҳам йўқ – мазкур уч бутоқнинг ҳаммаси президент қўл остида жамлангандир. Ҳатто парламент депутатлигига номзодлар ҳам унинг шахсан иштирокида тасдиқланади. Шунинг учун ҳам яна ўша Ислом Каримов ташаббусига кўра барпо қилинган, парламентда ўтирган беш эгизак партия бир-бировидан ҳеч нарсаси билан фарқ қилмайди. Бу партиялардан бирови эртага ўзини “мухолифат партияси” дея эълон қилишини кутиш, энг камида, гўллик бўлади. Агар “юқори”дан шунақа буйруқ бўлса, бошқа гап.

Бундай шароитда энг гўзал қонунлар ҳам ҳеч қанақа аҳамиятга эга бўлмай қолади – агар бу қонунлар ҳукмрон киши манфаатларига зид келадиган бўлса, улар шунчаки бажарилмай қолаверадилар. Токи ҳокимиятнинг барча бутоқларини назорат қилиш битта одам томонидан амалга оширилар экан - Конституцияга ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган қанча тузатишлар киритилмасин, парламентда қанча “мухолифат” партияси ўтирмасин – мамлакатдаги вазият ўзгармай қолаверади.