23:18 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Қўллари кишанланмиш ҳолда кўзи ёриган аёлни ҳуқуқ ҳимоячисига қарши қуролга айлантиришга уринмоқдалар

28.03.2007 21:13 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

“Фарғона.Ру” ва бошқа қатор халқаро ахборот сайтлари бир вақтлар аянчли тақдири ҳақида ёзган ёш аёл Зулхумор Тўхтаназаровани Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари бу аёлга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақидаги фактларни ёйинлаган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга қарши “қурол”га айлантиришга уринмоқдалар. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзи шу кунларда Жалолободда бўлиб ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги “Воздух” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти раҳбари Азимжон Асқаровга кўра, ўтган бир неча йил мобайнида у ва вилоятнинг бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари адолатни қарор топтиришга, айнан эса ёш қизнинг ҳаёти барбод бўлишида айбдор бўлмиш терговчиларнинг жазоланишига эриша олмаганлар. Аксинча, энди Тўхтаназарованинг ишини олиб борган Бозорқўрғон туман ички ишлар бўлими терговчиси Мақсат Жаманқулов қизни аввалги гувоҳликларидан воз кечтиришга ҳаракат қилиб, ҳуқуқ ҳимоячисининг жазоланишига эришмоқчи бўлаяпти. Жаманқулов “Право для всех” бюллетенида чоп қилинган, ҳуқуқ ҳимоячиси томонидан ёзилган “Букрини гўр тўғрилайди” мақоласи учун А. Асқаровни судга берган. Бюллетень муассиси “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

Бу мақолада Азимжон Асқаров ювилган кирни ўғирлаганликда айбланиб, вақтинча тергов ҳибсхонасида етти ой сақланган Зулхумор Тўхтаназарова тақдири ҳақида ҳикоя қилганди. Бу вақт мобайнида, “Фарғона.Ру” аввал ёзганидек, милиция ходимлари ҳар хил йўллар билан унга зўрлик қилганлар, вақти-вақти билан тунда маълум миқдордаги пул эвазига уни эркаклар камерасида қолдириб кетганлар. Ҳомиладор бўлиб қолган аёлни сўнгги дақиқаларда туғруқхонага элтганлар, ўша ерда у қўллари кишанланган, каравотга боғланган ҳолда ва милиционер назоратида остида... туққан. Эртаси куни чала туғилган бола нобуд бўлади. Тўхтаназаровани эса хавфли жиноятчи сингари вақтинча сақлаш ҳибсхонаси камерасига ташлайдилар.

Асқаровнинг сўзларини Жалолободда ўтган матбуот анжуманида иштирок этган Зулхумор Тўхтаназарованинг ўзи ҳам тўла тасдиқлади. У фақат ишга ҳуқуқ ҳимоячилари аралашганларидан кейингина озодликка чиққан. Кейин суд уни шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Аммо, ҳуқуқ ҳимоячиларнинг маълум қилишларича, З. Тўхтаназаровага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган милиционерлар жазоланмай қолганлар. Бу эса адолатни тиклашга қарор қилиб, турли жойларга мурожаат қилган ҳамда ОАВда мақолалар эълон қилган Азимжон Асқаровни қониқтирмаган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, у қонунлар нақадар тўғри бажараётганини назорат қилиши керак бўлган прокуратура органлари томонидан қўллов топиш ўрнига, улар томонидан амалга оширилаётган тазйиққа дуч келмоқда.

2005 йилнинг 9 сентябрь куни милиционерлар Зулхумор Тўхтаназаровани яна қўлга оладилар ва вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирадилар. Аёл бу ерда прокурор санкциясисиз бир ҳафта ушлаб турилади, ваҳолонки, қонун бўйича бу муддат уч кун деб белгиланган. “У қийноққа дучор қилинган, - деб ёзади Асқаров ўз мақоласида жабрланувчининг аризасига таянган ҳолда, - терговчи уни ҳақоратлаган, унга қўйилаётган айбни бўйнига олдириш мақсадида тирноқлари остига игна тиққан, устидан қайноқ сув қуйиш билан қўрқитган”. “Аёл қўлида ручка тутолмагани сабабли ариза ёза олмаган”, - дея эътироф этади ҳуқуқ ҳимоячиси. Мақолада бу ҳодиса юзасидан ҳуқуқ ҳимоячиси туман прокуратурасига мурожаат қилгани, аммо у ёқдан жавоб ололмаганини маълум қилинади.

Бироқ Зулхумор Тўхтаназаровага нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги хабарлар Интернетда ҳам пайдо бўлганидан кейин, Бозорқўрғон туман прокурори Расул Умаровга кўра, бу масала билан Қирғизистон Бош прокуратураси даражасида шуғулланганлар. Бу борада ҳатто собиқ бош вазир Феликс Қуловнинг ахборот сайтларида эълон қилинган бу хабарларни текшириш зарурлиги тўғрисидаги қарори ҳам чиққанди. “Аммо мақолада баён қилинган фактлар суриштирув чоғида тасдиқланмади, - дейди туман прокурори. – Кейин бу воқеалар бўлиб ўтмаган деган хулосага келиниб, суриштирув ишлари тўхтатилди”.

Прокурор юқорида зикр этилмиш мақола муаллифи, ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга прокуратура томонидан қабул қилинган қарор ҳақида расмий жавоб йўлланганини қайд этди. “Мазкур мақолада баён қилинган фактлар тасдиқланмаган экан, жиноий иш қўзғаш учун асос бор, - дея қайд этади Расул Умаров. – Ҳозир томонлар судлашаяптилар, шекилли. Шунинг учун бу иш юзасидан қанақадир фикрларни дастак қилиб олиб, унинг атрофида шовқин-сурон кўтаришнинг ҳожати йўқ”.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Тўхтаназарова ишини олиб борган терговчи Мақсат Жаманқулов мазкур мақолада на унинг номи, на ТИИБ бошқа ходимларининг исмлари зикр этилмаганига қарамасдан, судга шикоят аризасини берганлигини қайд этадилар. Иш туман судига оширилган пайтда Азимжон Асқаров унга ишончсизлик билдирган. Шундан сўнг иш қўшни Новкен туман судига топширилган. Бироқ, маълум бўлишича, у ёқдаги ҳакам Шааркан Абдуллаева ҳам бир пайтлар ҳуқуқ ҳимоячиси танқидий мақолаларидан бирининг “қаҳрамони” бўлган экан. Бунинг устига, даъвогар ва ҳакам битта тумандан эканлар, бу эса Қирғизистон шароитида аҳамиятсиз нарса эмас, дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячиси. Пировардида Азимжон Асқаров вилоятнинг бутун суд тизимига нисбатан ишончсизлик билдирган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Асқаров Жалолобод вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд тизими иши ҳақида мунтазам равишда танқидий мақолалар чоп этиладиган “Право для всех” бюллетенининг доимий муаллифи бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати судга “ишни бошқа вилоят судига ўтказиб бериш учун уни Олий судга юбориш” тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган. Гарчи ҳуқуқ ҳимоячисининг вилоятдаги барча ҳакамларни рад этиши қабул қилинган бўлса-да, Новкен туман суди раиси Таалай Найманбаев ишни юқори инстанцияга юбормаган, ишни ўз тасарруфида қолдириб, маҳкама тингловини 2006 йилнинг 29 декабрига белгилаган. Бироқ тез орада даъвогарнинг икки марта маҳкама мажлисига келмаганлиги туфайли мамлакат Жиноий-процессуал кодексига мувофиқ ва адвокат Таир Асанов илтимосномаси бўйича ишни тўхтатишга мажбур бўлган.

Шундан сўнг, Азимжон Асқаровга кўра, “тушунарсиз жараёнлар” бошланган. Даъвогар Мақсат Жаманқулов вилоят судига мурожаат қилади, шундан сўнг вилоят инстанцияси ишни яна Новкен туманига қайтаради. Асқаровнинг эътирозларига қарамай, суд барибир бўлиб ўтган, аммо иш айбланувчининг иштирокисиз кўриб чиқилган. Бу иш юзасидан ҳукм эълон қилиниши икки марта бошқа кунга қолдирилган. Шу билан бирга, Асқаровнинг “Фарғона.Ру” АА мухбирига билдиришича, 2007 йилнинг 24 март куни туман судьяси ўз қарорини эълон қилиш муддатини иккинчи марта бошқа кунга қолдирар экан, унга ҳуқуқ ҳимоячиси ўзи истаган муддатни айтишини ва суд ўз ҳукмини эълон қилишини айтган.

Вилоят судида Новкен туман судининг ҳуқуқ ҳимоячисига қарши жиноий иш тўхтатилгани ҳақидаги қарор бекор қилинганини тасдиқладилар. Вилоят суди қароридан келиб чиқишича, биринчи марта даъвогар Жаманқулов судга “иши кўплиги сабабли келолмаган ва суддан ишни кўриб чиқишни бошқа вақтга кўчиришни сўраган”. Иккинчи марта Мақсат Жаманқулов “судга 12.30 да келган, у пайтда ҳакамлар тушликда бўлганлар”. Ўз аризасида даъвогар “суд тушликдан қайтганидан кейин менга иш қисқартирилганини айтдилар”, дея таъкидлаган.

2007 йилнинг 8 февраль куни вилоят суди ишни яна Новкен туман судига қайтарган. Вилоят суди раиси Риспек Шукуралиевнинг айтишича, вилоят суди қарорида ҳеч қандай фитна йўқ ва қарор қонун доирасида қабул қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг вилоят суд тизимига ишончсизлик билдириши тўғрисидаги баёнотини изоҳлар экан, Риспек Шукуралиев вилоятдаги барча ҳакамларга ишонмасликка асос йўқлигини, “чунки уларнинг кўпчилиги ўз вазифаларини виждонан бажаётганлари”ни айтди. “Хўп, биз ишни бошқа вилоятга ўтказиб бердик, ҳам дейлик. Кейин у ёқдаги ҳакамларга ҳам ишончсизлик билдирадилар. Хўш, кейин-чи, шу тариқа бутун республика бўйлаб сарсон бўлиб юраверамизми? – дейди ҳакам “Фарғона.Ру” АА мухбири билан суҳбатда. – Масалан, мен бу ҳуқуқ ҳимоячисини танимайман, нима учун у менга ишонмайди?”

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, қисқартирилган ишнинг қайта кўрилишидан А. Асқаров танқидидан “бебаҳра қолмаётган” прокуратура органлари манфаатдор. “Шу тариқа, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳуқуқ ҳимоячиларини тизгинда ушлаб турмоқчилар, сўнгги пайтларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларни таъқиб қилиш ҳоллари кўпайди”, - деб ҳисоблайди Азимжон Асқаров.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг адвокати бўлмиш Таир Асановнинг сўзлари ҳам билвосита шундан дарак беради. “Бу ишни ўрганиш чоғида мен вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўплаб раҳбарлари билан учрашдим ва Азимжон Асқаров бу тизим халқумида туриб қолган суякка айланибди, деган хулосага келдим”, - деди адвокат Асанов журналистлар олдида сўзлар экан. – Прокуратура органлари раҳбарларидан бири “агар суриштирув натижаларига кўра улар [ҳуқуқ ҳимоячилари] Тўхтаназаровага қарши қийноқ қўлланилганини исботлай олмасалар, улар Асқаровни қамоққа тиқадилар”, дея билдирди. Адвокат бу раҳбарнинг исмини иш манфаатларини кўзлаб ошкор қилгани йўқ.

Азимжон Асқаров ҳуқуқ-тартибот идоралари эндиликда мазкур мақолада баён қилинган фактларни рад этиш ва ҳуқуқ ҳимоячисини туҳмат қилганликда айблаш учун Зулхумор Тўхтаназаровадан фойдаланишга уринмоқдалар, дея қайд этди. Асқаровга кўра, терговчилар Зулхуморни қўрқитиш ва алдаш йўли билан унга қарши кўрсатмалар олишга эришолмаганларидан кейин, аёлни ҳатто жисмонан йўқ қилишга ҳам уриниб кўрганлар. “Улар Зулхуморни икки марта машина билан уриб юборишга ҳаракат қилдилар, аммо, хайриятки, бунга эриша олмадилар, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. – У ўз сўзларидан қайтмаётган менинг ягона гувоҳим. Мен унинг сўзлари асосида мақола ёзганман. Ҳозир мен ундан кўчага чиқмасликни илтимос қилиб, уни худди мурғак боладай асраяпман. Агар қаёққадир бориш керак бўлиб қолса, ўзим шахсан уни уйидан олиб кетаяпман ва ўзим қайтариб олиб келиб қўймоқдаман”.

А. Асқаровнинг мақолаларидан бирида 1997 йилдан 2004 йилгача Бозорқўрғон ВСҲда беш одам ҳалок бўлгани айтилади. Барча ҳолатларда тергов битта хулосага келган – гўё қўлга олинган киши ич кийими ёрдамида ўзини осган эмиш. Аммо бу, ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, мураккаб мавзу бўлиб, унинг очилишидан ҳуқуқ ҳимоячиларидан бошқа ҳеч ким манфаатдор эмас.

Айни пайтда, “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти кенгаши раисаси Валентина Гриценко фикрича, Бозорқўрғон ТИИБ ҳақида “у ерда фақат садистлар ишлагани учун эмас, бу туманда мазкур фактларни очиқлаётган муросасиз ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ишлаётгани учун” кўп ёзилади. “Афсуски, бизнинг доимий ҳамкоримиз бўлиши ва биздан ёрдамчи ўлароқ фойдаланиши керак бўлган расмийларнинг, шу жумладан, прокуратуранинг қийноқлар масаласига нисбатан муносабати ҳечам ўзгармаяпти, - дейди Валентина Гриценко. – Бу масала юзасидан прокуратуранинг позицияси ўзгармагунича бу жабҳада ижобий ўзгаришлар бўлишини кутиб бўлмайди”.

Айтиш жоизки, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларида қийноқлар қўлланилиши мавзуси “ёпиқ” мавзу бўлиб ҳисобланмайди. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қайд этишларича, тергов чоғида рухсат этилмаган усуллардан фойдаланганлик фактлари ҳақида матбуотда чоп этилган мақолалар бу соҳадаги вазиятга қарийб таъсир кўрсата олмаяпти. Бунақа фактларни ошкор қилган ҳуқуқ ҳимоячилари эса ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиб қилинаяптилар. “Айбсиз одамларни қамоққа тиқиш улар учун нормага айланди, - дея қайд этади Асқаров қайғу билан. – У ерда тартиб ўрнатилгунича, улар менга ўхшаганларнинг яна бир нечтасини йўқ қилишлари мумкин”.

Бир йил муқаддам “Фарғона.Ру” Жалолобод вилоят ИИБ ходими, милиция подполковниги Али Магаевни ҳомиладор аёлни хўрлаганлик ва ҳақоратлаганликда айблаган ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши унинг миллион сўм товон ундириш сўралмиш даъво аризаси ҳақида ёзганди. Милиция подполковнигининг даъво аризаси бўйича маҳкама жараёни ҳуқуқ ҳимоячилари жабрланувчи сифатида кўрсатмиш, милиция зобити эса туҳматчиликда айбламиш Наргиза Турдиеванинг туққанлиги муносабати билан тўхтатиб қўйилганди. Турдиеванинг боласи бир ёшга тўлиб қолди, бироқ бу иш юзасидан жараён ҳали қайта бошлангани йўқ.