10:20 msk, 13 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россияга ҳамюртларни кўчириш бўйича дастур Ўзбекистонда ҳали ишга тушгани йўқ

27.03.2007 20:50 msk

Феруза Жоний

Самарқанд вилоятидаги Боғизағон қишлоғи “Фарғона.Ру” АА мухбирини ҳувиллаган ҳолда кутиб олди. Журналист билан битта автобусда келган ўн саккиз ёшлардаги йигитчанинг изоҳлашича, қишлоқдаги эркаклар аллақачон пул топиш учун кетганлар, бу ерда фақат аёллар ва болаларгина қолган. “Иш-ку бор, лекин жуда оз ҳақ тўлайдилар, - деди журналистнинг ҳамроҳи. – Ўртача 50 минг сўм (40 доллар) топиш мумкин. Бу кам. Эркак киши оила боқиши керак. Бир қоп ун 25 минг сўм туради, бундан ташқари ёғ, гўшт, кийим-кечак сотиб олиш керак...”

Эслатиб ўтамиз, шу бугуннинг ўзида биз “Сибирь РАА”га таянган ҳолда Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятига қарашли Боғизағон тумани фуқароларини Красноярск ўлкасига кўчириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар қилгандик. Маълум бўлишича, ўлка корхоналари кўчиб келганларга юздан ортиқ бўш иш ўринларини тақдим этишга тайёр экан. Бизнинг биринчи суҳбатдошимиз бўлмиш автобусдаги йўлдошимиз ҳамюртларни кўчириш дастури ҳақида эшитмаган экан. “Қишлоқда руслар жуда кам қолган, ҳаммаси аллақачон кетиб бўлган”, - дейди у.

“Боғизағон” маҳалла раисини ўз жойидан тополмадик. Маҳалланинг масъул котибаси эса ҳайрон бўлиб бош силкиди: “Йўқ, бизда ҳеч қанақа гап йўқ, ҳеч қанақа дастур тўғрисида эшитганимиз йўқ. Одамлар ўз ҳолича кетаяптилар, аммо бутунлай эмас, пул ишлаб келиш учун кетаяптилар. Агар бирор иш дараги бўлганда, биз албатта бундан хабардор бўлардик. Биз қишлоғимизда бўлаётган ҳамма нарсадан хабардормиз”. Унга кўра, авваллари Боғизағонда жуда кўп русийзабон аҳоли яшарди, энди эса бор-йўғи бир неча оилагина қолган, холос.

“Бу ерда ўн бештача оила қолдик, шекилли”, дея тасдиқлайди масъул котибанинг сўзларини шу ерда яшовчи Александр (исми ўзгартирилган). Саша – йигирма беш ёшда, у ўзбек тилини яхши билади. У кўчириш дастури ҳақида эшитган экан, базўр эслади. “Бу ёқларда бу ҳақида ҳеч ким гапираётгани ҳам йўқ, биз ҳеч нарса билмаймиз. Бизнинг оила ҳеч ёққа кетмоқчи эмас, бу ҳақда ўйлаганимиз ҳам йўқ. Бизда Россияга пул топиш учун кетаётганлар кўп, аммо бутунлай ўша ёққа кўчиб кетмоқчи бўлганларни билмайман. Авваллари кўпчилик кўчиб кетганди, ҳозир эса бирор одамнинг кўчиб кетмоқчи бўлганини мен эшитганим йўқ”, - дейди Саша.

Самарқандда иккита рус миллий маданий маркази бор. “Русь” миллий маданий марказига киришим билан у ерда Россияга ҳамюртларни кўчириш бўйича дастур Ўзбекистонда ҳали ишга тушгани йўқлигини билдирдилар. “Русь” аъзолари муомаласидан бу савол билан уларни “бездириб юборган”лари сезилиб турарди. Улар дастур юзасидан марказга жуда кўп одам мурожаат қилишини маълум қилдилар. Уларнинг ҳаммасига Россия Федерал муҳожирот хизмати ҳали Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очмаганлиги, шу сабабдан дастур ишга тушгани ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини айтишга тўғри келаётган экан: “Агар кимдир қаёққадир кетган ёки отланаётган бўлса, буни у ўз ҳолича, Россия томон иштирокисиз, уларнинг ёрдам пулисиз амалга ошираяпти”.

Рус маданий маркази раиси Юрий Огнев “Фарғона.Ру” АА мухбиридан Красноярск ўлкасида бу ташкилот вакили юрганлиги тўғрисида эшитиб, танг қолди. “Биз ҳеч кимни у ёққа юбормадик, биздан ҳеч ким у ёққа, ҳар ҳолда, бу дастур асосида кўчиб кетаётгани йўқ, - дея билдирди Ю. Огнев. – Гап шундаки, Ўзбекистонда ҳали Россия ФМХ ваколатхонаси очилмади. У Россия элчихонаси қошида очилиши, биз эса аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак. Аммо буларнинг ҳаммаси май ойидан аввал бошланмайди. Самарқанд вилояти фуқароларининг Красноярск ўлкасига кўчишлари хусусидаги хабарга келсак, эҳтимол, кимдир ўз ҳолича нимадир уюштиришга ҳаракат қилаётгандир. Биз бу ҳақда ҳеч нарса билмаймиз”.

Суҳбат асносида телефон жиринглаб қолди. Юрий Михайлович яна бир марта кимгадир ҳамюртларни кўчириш бўйича дастур билан боғлиқ вазиятни тушунтира бошлади ва мазкур масала юзасидан баҳор охирида яна бир марта қўнғироқ қилишни сўради.

Дастур эълон қилиниши Самарқанд вилояти аҳолисини бефарқ қолдирмаганини маҳаллий газеталар ходимлари ҳам тасдиқлайдилар. Маълум бўлишича, бу ерга ҳам Россияга кўчиш ҳақида ахборот бериш илтимоси билан тез-тез мурожаат қилаётган эканлар. Бироқ ҳалигача Россия томонидан дастур доирасида ҳеч қанақа тушунтириш ишлари олиб борилмаётган экан. Маҳаллий аҳоли ҳам ҳозирча дастурда ким иштирок этиши мумкинлигини (фақатгина миллати рус бўлган кишиларми ёки Совет Иттифоқи даврида туғилган ва яшаган барча кишиларми) билмайдилар.