18:30 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Узнет фестивали-2005: тармоқ аҳли mp3 ва эмиграцияни танлайди

19.08.2005 10:37 msk

Д. Кислов

Номаълум муаллиф чизган сурат - If.uz сайтидан

Узнет фестивали сайтида қарийб икки ҳафтадан буён онлайн-овоз бериш давом этмоқда. Болаларга хос бўлмаган «демократия ўйинини ўйнашга» қарор қилган Фестиваль ташкилотчиларининг режасига кўра, даставвал веб-юзерларга жанри ва мавзу йўналишидан қатъий назар «Узнетнинг энг яхши сайти» ёки «халқона веб-сайт» дея аталувчи сайтни ўз ҳолича танлаш ҳуқуқи берилган. Шундан кейингина «интернет технологиялари, санъат, маданият, давлат бошқаруви соҳасидаги эътиборли мутахассислардан ташкил топган» салоҳиятли ҳайъат ўн тўрт ном бўйича сараланган бир неча минг ресурслар ичидан энг муносибларини танлаб олади.

Ўзбекистондаги интернет, умуман олганда, бироз аломатроқ нарса. Расмий маълумотларга кўра, йигирма беш миллион аҳолига эга бўлган мамлакатда Тармоқдан у ёки бу даражада сал бўлмаса бир миллион киши фойдаланади. Муқобил баҳоларга кўра эса, Интернетга фақат бир неча минг компьютергина уланган, у ҳам бўлса фақат йирик шаҳарларда. Тошкентда деярли ҳар бир чорраҳада муштарийлар билан тўла бўлган Интернет-кафелар бор. Аммо бу каби муассасаларнинг деярли ҳар бирида шаҳвоний ресурслар ва «fergana.ru, centrasia ва бошқа ш. к. сиёсий сайтлар»га киришни маън этувчи эълон осилган. Телекоммуникацион маҳкама вакилларидан тортиб ташқи ишлар вазири гача бўлган расмийлар ахборотни бўғиш ва фильтрлаш юзасидан барча айбловларни қатъиян рад этмоқдалар. Бироқ, факт фактлигича қолаверади: республика фуқароси учун Тармоқдан фойдаланиш фақат каналларнинг ўтказиш имконияти анча пастлигидангина эмас, цензура туфайли ҳам чеклангандир.

Цензура Интернет ҳақида ёш авлодда ўйин-кулги салтанати ёки ошиб борса, ўқув маълумотномаси ўлароқ тасаввур пайдо қиларкан, бу ўз самарасини бермоқда. Расмий ОАВни ўқиш зерикарли ва қизиқ эмас, мустақилларини ўқиш эса ҳавфли. «Бизда сиёсатга ҳеч ким қизиқмайди. Биз дўстларимиз билан ўзаро хат ёзишамиз ва Тармоқдан рефератлар ҳамда мусиқа кўчириб оламиз», - дейдилар менга шаҳар марказидаги Интернет-клубга кирган икки тошкентлик толиба.

Фестивалнинг онлайн-овоз бериш дастлабки натижалари ҳам ушбу сўзларнинг билвосита тасдиғи бўлди. Биринчи ўринни ҳозирча мустаҳкам ишонч билан http://www.mp3.uz бепул мусиқа сайти эгаллаб келмоқда. Шундай бўлса-да, бу сайтга кираётганимизда биз манзилга фақат Ўзбекистондан бўлган фойдаланувчиларнинг кира олишига имкон берувчи «IP-манзиллар бўйича тескари фильтрация» намунасига дуч келамиз. Чет элдаги фуқаро овоз бериш пешқадами ҳақида бироз бўлса-да тасаввур ҳосил қила олсин учун, биз Ўзбекистондан бўлган ҳамкасбларимиздан бизга ушбу сайтнинг скриншотини юборишни сўрадик. Мана у:

“MP3.uz

Умумхалқ овоз беришида иккинчи ўринни «Ўзбекистон эмигрантлари сайти» эгаллайди. Унинг асосий афзаллиги эмиграция ҳақида маълумот берувчи ахборот жамламаси, Ўзбекистон ҳақида «энг катта» деган номга даъвогар фотосуратлар коллекцияси, шунингдек, Тошкент мактаблари ва олий ўқув юртларининг турли мамлакатларга кетиб қолган битирувчиларини учратиш мумкин бўлган форумдир. Сайт муаллифи ва эгасининг ўзи ҳам Ўзбекистондан чиққанларнинг нафақат виртуал, балки ростмана учрашувларини ташкил этишга уринган ҳолда Москвада яшамоқда.

Халқ афзал кўрган сайтларнинг дастлабки рўйхатида «Examen.uz – Тест Саволларининг Ягона Ҳаммабоп Электрон Жамғармаси» учинчи бўлиб келади. Нақадар қайғули бўлмасин, бу сайт ҳам Москвадан ҳаммавақт очилавермайди.

“Экзамен.Уз”

Тўртинчиси яна бир «эмигрантлар» сайти - Чирчиқдан чиққанлар томонидан яратилган Chirchik.ruдир. Бу ўз шаҳарларга ошиқ бўлган, сайёранинг исталган бурчагида қадрдон шаҳарларининг белгиларини изловчи ва муваффақият билан уларни топувчи собиқ чирчиқликлар учун бутун бошли порталдир. Масалан, ушбу сайт ўз саҳифаларида маълум қилишича, Юрмала юлдузларидан бўлган Matiin чирчиқлик Хуршид Иноғомовнинг баайни ўзидир. Бошқалардан ўзиб кетиши мумкин бўлган, ҳозирча эса рўйхатда бешинчи ўринда турган сайт Фарғона.Рунинг эски дўсти, жаҳон халқлари пазандачилигининг ҳайратомуз даражада иқтидорли билимдони, Мажнун Лайлини севгани каби қозон билан ўчоқни суювчи Худо сунган пазанда ЖЖ Сталик саҳифаси дир!.. Фарғонача палов тайёрлашнинг бундан кўра батафсилроқ ва дурустроқ усулини унинг «қомус»идан бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Икки мингдан ортиқроқ одам ЖЖ Сталикнинг доимий муштарийлари бўлиб ҳисобланадилар, шунинг учун биз ушбу ресурс юзасидан овоз беришнинг якуний натижалари ҳозиргиларидан, дастлабки натижалардан тартибан юқорироқ бўлишига умид қилиб қоламиз.

«Фарғона.Ру» ахборот агентлигининг янгиликлар тасмаси сайти олтинчи бўлиб келади. Назаримда, Фарғона.Рунинг бу каби рейтингларда биринчи ўринлар учун курашишига ва ўзининг оммабоплигини исботлашига ҳожат йўқ. Гарчи, мисол учун, ўзбек тилидаги янгиликлар тасмаси «Давлат тилидаги энг яхши сайт» тоифасида, архив материаллари эса маданият ва санъат бўлимида овозга қўйилиши мумкин бўлса-да, таҳририятимиз сайтнинг бир неча номда (номинацияда) овозга қўйилишини зарур деб топмади. Биз Фестивалда матбуотда муқобилига эга бўлмаган даврий Интернет-нашр сифатида қатнашишдан мамнунмиз. Фақат, агар «ҳалқ танлови» натижаларига кўра Фарғона.Ру биринчи ўринлардан бирини эгаллайдиган бўлса, расмийлар бунга эътибор қаратадилар ва солиқ тўловчилар пулини бизнинг янгиликларимизни техник жиҳатдан бўғишга сарфлашни бас қиладилар, деган гизли умид билан ўзимизни юпатмоқдамиз.

Фестиваль ташкил қилинишининг ўзига келсак, афтидан, сайтларни номлар бўйича ҳайъат истагига кўра тақсимланишининг ўзиёқ Фестивалнинг кўплаб иштирокчиларида бир-бирига зид кайфиятни вужудга келтирмоқда. Баъзилар уларни «ўзлари истаган жойга» қўймаганликларидан, бошқалар эса фақат битта тоифада иштирок этиш билан чеклаб қўйганликларидан норозилар. Шунга қарамай, Фестивалнинг асосчи-оталари энг олийжаноб ниятларга таянганлар, дея ўйлагинг келади. Умид қиламанки, улар томонидан ётқизилган йўл Узнетни очиқликка ва ўзаро чидамли бўлишга, хилма-хиллик ва ранг-барангликка олиб келади.

Д. Кислов

«Фарғона.Ру» АА бош муҳаррири