05:11 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғиз инқилобининг қурилиши чўзилиб кетган ёдгорлиги

27.03.2007 15:48 msk

Э. Қобулов (Жалолобод)

Қирғизистонда “лола инқилоби” икки йиллигини тантанали нишонлашнинг имкони бўлмади. Ҳар ҳолда, у инқилоб бешиги бўлмиш Жалолободда кўтаринкилик билан нишонлангани йўқ. Бу шаҳарни инқилоб бешиги деб аталишига сабаб Асқар Ақаевни ҳокимиятдан четлатишга олиб келган воқеалар занжири айнан шу ерда бошланганидир.

Байрамни кенг кўламда нишонланмаганига эса вилоят маъмурияти биноси ёнидаги майдонда очилиши керак Инқилоб ёдгорлигининг битмай қолгани сабаб бўлди.

Шундай қилиб, ёдгорликни шунчаки битказа олмай қолдилар. Тўғрироғи, у аллақачон йигирма метрлик тагсупада турибди: бу миллий либос кийган, қўлида қанақадир дарахт шохини ушлаб олган қиз ҳайкалидир. Аммо унинг четлари эса “ростмана” қурилиш майдонини эслатади.

Дарвоқе, авваллари бу ерда шаҳар хиёбони жойлашганди. 2002 йили вилоятнинг янги губернатори Жусупбек Шарипов ўз бошқарувини хиёбонни йўқ қилиб, унинг ўрнига юмалоқ ва мураббаъ шакллардан иборат тасқара бетон фаввора қуришдан бошлаганди. Аммо 2005 йилнинг март ойида губернатор Шарипов ҳокимиятидан айрилди, янги раҳбарлар эса режим алмашганидан бир неча ой ўтибоқ “халқ инқилоби”ни ҳайкал тимсолида абадийлаштириш зарурлиги хусусида гапира бошладилар. Жалолобод шаҳрининг ўша пайтдаги мэри ҳайкал қурилиши 8 миллион сўмга (бугунги ҳисоб билан 210,5 минг долларга) тушишини билдирганди. Бу тадбирларнинг ҳаммасига сарфланажак пулни мэр “иона” шаклида маҳаллий тадбиркорлар ва ташкилотлардан йиғиб олишни истаганди.

Недостроенный памятник революции в Джалалабаде. Фото ИА Фергана.Ру
Жалолободдаги қурилиши битказилмаган инқилоб ёдгорлиги. Фарғона.Ру АА фотоси
Шаҳарга кираверишдаги арк ва 2000 йилда 500 йиллиги нишонланиши керак бўлган халқ қаҳрамони Қурманбекнинг от минган ҳайкалини қуришга ҳам худди шу йўсинда маблағ тўплагандилар. Аммо ўшанда тантанали тадбирлар бекор қилинганди, чунки бунинг учун етарли маблағ топишнинг имкони бўлмаганди. Фақат пойтахтга ишга ўтиб кетиши керак бўлган ва халқ хотирасида шаҳарга шундай чиройли иншоот совға этмиш раҳбар сифатида қолишни истаган губернатор Қубаничбек Жумалиевгина қурувчиларни шоширарди. Ўшанда ҳам пул корхона ва тижоратчилардан йиғилганди, табиийки, улар бу маблағларни мутлақо “ихтиёрий равишда” йиғиб бергандилар.

Бироқ Жалолободда ҳайкал ўрнатиш ҳаракатлари ҳар доим ҳам айнан шу тарз қийинчилик билан амалга оширилишини айтиш нотўғри бўларди. Бу борада ижобий ўрнаклар ҳам бор.

Амалдаги президентнинг туғишган укаси вафот этгандан сўнг шаҳар ва вилоят расмийлари 1939 йилдан бери М. В. Фрунзе номи билан аталиб келинган 3-ўрта мактабга марҳум Жусупбек Бакиев номини бердилар. Бу баҳорда бўлган эди.

1 сентябрь куни тантанали йиғилишга келган мактаб ўқувчилари, ота-оналар ва ўқитувчилари эса бошдан-оёқ таъмирланган мактабни кўриб жуда хурсанд бўлиб кетгандилар... Аммо ўша куни бу ердаги тантаналар биринчи қўнғироқ билан эмас, президентнинг укасига қўйилган биринж ҳайкал очилиши билан бошланганди.

Бунда ҳеч қанақа ҳайбаракаллачилик бўлмаганди, ҳайкал қурилиши билан мактаб таъмири бир пайтда олиб борилган, қурилишни ўз иш кунини “объектда” ўтказган қанақадир армия ва милиция амалдорлари ҳамда президентнинг қариндошлари назорат қилиб турганлар. Лекин юқори лавозимли раҳбарлардан ҳеч ким маблағнинг қаердан олингани ҳақида ҳеч нима демаган. Фақат бир нарса аниқ эди – бу маблағлар шаҳар ёки вилоят таълим бўлими бюжетидан олинмаганди.

* * *

Афтидан, қурилиши тугалланмаган Инқилоб ҳайкали бугунги кунда унча долзарб бўлмай қолди. Шунинг учун ҳам ҳеч ким жонини жабборга бераётгани йўқ. Унинг долзарб эмаслиги сабаб эса ҳайкалнинг эндиликда ҳар қандай ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан алмаштириш мумкинлигини эслатишидир. Бу эса ҳозирги расмий Бишкекка мутлақо маъқул эмас.