19:00 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиядаги муҳожирлар: Улар орасида ранжитилганлар кўпми ёки ранжитганларми?

27.03.2007 14:36 msk

Абдумўмин Мамараимов

Россия ва бошқа мамлакатлардаги Марказий Осиёдан бўлган ҳақ-ҳуқуқсиз гастарбайтерларнинг аянчли тақдири тўғрисидаги ОАВ хабарларидан бутун бошли китобларни жамлаш мумкин. Муҳожирлар муаммолари билан шуғулланувчи қатор халқаро ва миллий ташкилотлар фаолиятига қарамай, уларни ҳалигача тўнаяптилар, қул қилиб сотиб юбораяптилар ва ниҳоят, ўлдираяптилар. Москвадаги гул дўконида сотувчининг юзига тўппончадан ўқ отган қирғизистонлик билан боғлиқ воқеа эса “Фарғона.Ру” АА мухбирини бу муаммога бошқа томондан ёндошишга ундади.

2007 йилнинг 12 март куни “24.kg” ахборот агентлиги Москвада чиқадиган “Твой день” газетасига таянган ҳолда хабар қилишича, “Қирғизистон фуқароси Москвада гул дўкони сотувчиси гулдаста учун пул тўлашни талаб қилганида унинг юзига қарата пневматик тўппончадан отган. Резина ўқлар жабрланувчининг бошида ўйиқ қолдирган. Ҳужум қилган киши гулдастани олиб, ғойиб бўлган. Тез орада бу жиноятда айбланиб ушланган Қирғизистон фуқароси Россия пойтахтидаги қурилишлардан бирида ишлаши аниқланган”. Шу ўринда Қирғизистоннинг Москвадаги элчиси, мамлакат собиқ бош вазири Апас Жумағуловнинг гул дўконида ўқ отилган кундан роппа-роса уч ой аввалги чақириғи диққатга сазовордир. Ўтган йилнинг 12 декабрида Россияда истиқомат қилувчи қирғизларнинг биринчи конгресси делегатлари олдида чиқиш қила туриб, Апас Жумағулов Россияда ишлаётган ҳамюртларни “бу ерда зиддиятларга киришмаслик, сабрли ва чидамли бўлиш, Россия халқи урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш”га чақирганди.

Таҳририятдан:

Гул дўкони сотувчисига “Қирғизистонда туғилган киши”нинг ҳужум қилганлиги ҳақида хабар қилган кўплаб ОАВ унинг миллатини кўрсатмаганлар. Биз унинг миллати рус бўлган Александр В. эканини аниқлашга муваффақ бўлдик.
Россияда ишлаётган ва уйларига бир муддатга келган қирғизистонлик муҳожирларнинг кўпчилиги Жумағулов ўз ҳамюртларини рус ерида “тўғри юриш” ва тартибга чақириш учун барча асосларга эга эди, деган фикрга қўшиладилар. Бир неча йиллардан бери Москва яқинида ишлайдиган Ойбек Низомовга кўра, “Россияда ишловчи кўпчилик қирғизистонликлар маҳаллий аҳолининг улар билан иккинчи нав кишилардай муносабатда бўлишларига лойиқлар”. “Уларнинг кўпчилиги у ёқда ўзларини уйдагидан кўра анча ёмон тутадилар, - дейди у. – Маош олганларидан кейин улар ресторан ва қаҳвахоналарга боришиб, тўйгунча ичадилар ва маҳаллий қизларга шилқимлик қила бошлайдилар. Ёки кўзларига ожиз ва ҳимоясиз кўринган маҳаллий фуқароларга ташланадилар”. Шу билан бирга, Ойбекнинг қайд этишича, улар “рус тилида жуда ёмон гаплашадилар ва уларнинг ҳужжатлари ҳам жойида эмас”.

“Уйга келганимизда, бизга Россияда ёки Қозоғистонда ҳамюртларимизни калтаклаганлари ҳақида воқеаларни гапириб берадилар, сўнгги пайтларда Россиядан олиб келинган ўликлар ҳақида эслайдилар, - дейди суҳбатдошимиз. – Бизни у ёқдаги “тақирбошлар” каби зўравонлар, ашаддий жиноятчилар билан қўрқитадилар. Нима, бизда муштлашувлар пайтида одам ўлдирмайдиларми? Зўрламайдиларми? Ахир бу ерда ҳам бундай воқеалар Россиядагидан кам эмас-ку! Бундан ташқари, бизнинг одамлар Россиядаги қанча юртдошларимиз безорилик ёки зўрлаш, талончилик учун судланганларини билмайдилар... Ваҳолонки, улар оз эмас”.

Ҳамсуҳбатимизга кўра, кўп бахтсиз ҳодисалар ва ишлаб чиқариш жараёнида олинган жароҳатларда ҳам иш берувчиларнинг талабларига эътибор бермай, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаётган муҳожирларнинг ўзлари айбдор. “Руслар бизни қўлқоп билан ишлашга етмиш йил давомида ўргатиб келдилар, лекин кўпчиликни барибир бунга ўргата олмадилар. Россияда ҳам шундай – гарчи қўлқоплар қарийб чекловларсиз тарқатилса-да, юртдошларимизнинг кўпи қўллари тилинган, кесилган ва қаварган ҳолда юрадилар, - дейди Ойбек Низомов. – Шундай пайтлар ҳам бўладики, хавфсизлик камарлари йўқлиги туфайли муҳожирлар қурилишларнинг юқори қаватларидан тушиб кетадилар. Тепадан ғиштлар тушиб кетган пайтда ҳам кўпинча айнан уларнинг бошларида каска бўлмайди. Кейин ҳамма иш берувчиларни айблайди. Ваҳолонки, уларнинг айримлари баъзан қўшимча махсус кийим берадилар, бу кийимларни эса юртдошларимиз ароққа алмаштириб юборадилар...”

Қирғизистонлик муҳожирларнинг россияликлар жамиятига аралашиб кетишига ҳалақит берувчи асосий омил, гастарбайтерларнинг ўзлари қайд этишларича, бу тил ва маданиятни билмаслик ҳамда шундан келиб чиққан ҳолда, руслар менталитетини тушунмасликдир. “Мен рус тилини мутлақо билмаган ҳолда у ёққа [Россияга] бориб олган одамларни тушунмайман, - дейди бошқа бир муҳожир – Абдумажид Матхолиқов ўз аччиғини яширмай. – Бунақа одам шартнома тузиш ва иш ҳақи тўғрисида келишиш у ёқда турсин, қандай қилиб иш топади-ю қандай қилиб ишлайди? Кўпинча биз ўз юртдошларимиз ҳолидан уяламиз”.

“Кўпинча бизникилардан хитлар фақат уларни тутиб кетаётганини эшитиш мумкин, - дея ўз фикри билан ўртоқлашади йигирма саккиз ёшли Талант Узақбаев. – Уларни тутмай кимни тутсинлар ахир? Улар ўз овулларида юргандек соқоллари ўсган, юз-кўзлари кир-чир, бунинг устига маст аҳволда юрадилар. Ахир улар ўзларининг кўринишлари билан нафақат милицияни, балки ҳар қандай ўткинчини ҳам ғашини келтирадилар-да...” Бошқа томондан эса, суҳбатдошларимизнинг бир овоздан маъқуллашларича, Марказий Осиёдан бўлган муҳожирлар у ёқдаги милиционерларни пора олишга ўргатиб юборганлар. Москванинг Ясеново туманида ишлайдиган гастарбайтерлардан бирига кўра, у ёқдаги милиционерлар “ўз” одамларини яхши танийдилар, шунинг учун ҳам улар ўзларини эркин тутадилар. “Агар бирор воқеа юз берса, юз - икки юз рубль билан қутилиб кетиш мумкин”, - деб ўйлайдилар улар.

Исмини айтмаслигимизни истаган бошқа бир ҳамсуҳбатимизга кўра, “қўшимча пул” ишлаш ҳаваси баъзан бошқа хизматлар, кўпинча турар-жой-коммунал хўжалик хизмати ходимларида ҳам уйғониб қолади. Ўз ҳамюртлари қилиқларидан ҳафсаласи пир бўлган бу қизнинг маълум қилишича, “у ёқда кўп қаватли уйлар ҳовлисини супириш ёки йўлакларини ювиш билан арзимаган пул топаётган кўплаб муҳожирлар турар-жой-коммунал хўжалик хизмати ходимларини сотиб олиш билан бир-бирларининг нонларини тортиб олаяптилар”. “Юртдошларимдан бири бекага менинг ўрнимга уни олишни, бунинг эвазига ўз ойлигидан бир қисмини бериб туришни ваъда қилибди, - дейди у. – Бека яхши аёл экан – у юртдошимни уришиб берибди, кейин эса унинг бир қисм ишини олиб менга берди”. “Бунақа келишувлар бизнинг туманда тез-тез бўлиб туришини кейин билибман”, - дейди у нафратини яширмай.

“Россиядаги руслар бизнинг ўлкалардаги русларга ўхшамайдилар. Бизнинг русларимиз феъл-атвори бошқача”, - дейди муҳожирлардан бири.

Уларнинг айримлари ҳатто муаммони ҳал қилиш юзасидан ўз йўлларини таклиф қиладилар. Дейлик, юқорида номи зикр этилмиш Абдумажиднинг фикрича, Қирғизистонда Россияга кетмоқчи бўлган муҳожирлар марказлари яратиш мақсадга мувофиқ бўларди. “Бу ерда одамларга ҳеч бўлмаганда рус тилини, муомала маданиятини ўргатиш мумкин эди. Бирор касб ўргатиш ҳақида-ку гапирмай қўя қолай. Касб-ҳунарсиз бўлганлари учун одамларимиз энг ифлос ва кам ҳақ тўланадиган ишлар билан шуғулланишларига тўғри келаяпти”, - дея ўз мулоҳазаси билан ўртоқлашади бу йигит.

Айтиш жоизки, ушбу муаммо Қирғизистон расмийларни ҳам маълум даражада ташвишга солиб қўйган. Дейлик, Қирғизистон муҳожирлик ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат комитетининг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси раҳбари Тажимамат Шабўлўтов Қирғизистон ташқарисига пул топиш учун чиқиб кетаётган ҳамма одамларнинг ҳужжатлари юзасидан мажбурий текширув жорий этишни таклиф қилаяпти.

“Кўпинча қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари Россияга эски, титилиб келган ҳужжатлар билан ёки ўз қариндошларининг ҳужжатлари [бировнинг паспорти] билан ёхуд мутлақо ҳеч қанақа ҳужжатсиз келиб оладилар, - дея билдирганди у февраль ойи бошларида 2006 йил якунлари юзасидан бўлиб ўтган ТИВ коллегиясида. Шунингдек, Тажимамат Шабўлўтов тез орада уларнинг маҳкамаси рус ва қирғиз тилларида “Россияга чиқиб кетаётганлар учун барча зарур кўрсатмалар берилган” тегишли қўлланмалар тайёрлашини маълум қилганди.

Турли маълумотларга кўра, ҳар йили Россияда ишлаётган қирғизистонлик муҳожирлар ўз қариндошларига умумий ҳисобда 450-500 миллион доллар пул ўтказадилар, бу мазкур кичик мамлакатнинг йиллик бюжети билан қарийб тенгдир. Бепоён Россия кенгликларини ўзлаштираётган гастарбайтерлар сони ҳақидаги маълумотлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Кимдир уларнинг миқдори беш юз минг деса, бошқалар уларнинг миллионга яқинлигини таъкидлайдилар. Аснода экспертлар ва маҳаллий кузатувчиларнинг кўпчилиги мамлакатдан чиқиб кетаётган меҳнат муҳожирлари миқдори “кундан-кунга ошиб бораётгани” юзасидан бир фикрдалар.

Жалолободлик таксичи Рашид поездда Россиянинг турли ҳудудларига кетадиган кишиларни мамлакат пойтахти Бишкеккача олиб бориб қўяди. Унга кўра, бир йил аввал ҳам у ва унинг ҳамкасблари ёз пайтларида йигирма минг аҳоли истиқомат қиладиган кичикроқ қишлоқдан ҳафтасига 15-20 кишини олиб кетардилар. Энди эса “улар икки-уч баробар кўпайган”. Шунингдек, у авваллари рус тилини билган ва Россиядаги вазиятни биладиган озми-кўпми ўқимишли одамлар кетган бўлсалар, ҳозир “ёппасига ҳамма кетаяпти”, дея қайд этади. “На рус тилини биладилар, на у мамлакатдаги тартибларни, - дейди суҳбатдошимиз. – Биз кўпинча Россияда ўз бахтини топа олмаган одамларни ҳам уйга олиб келамиз. Улардан қанақа воқеаларни эшитмадик дейсиз!”

“Уларнинг кўпчилиги ўзларига у ёқлардаги тартиб-қоидалар ёқмаганлиги айтадилар. Ие, бу қанақаси бўлди?! Руслар айтганидек – ўз низомингиз билан бировнинг ибодатхонасига боролмайсиз. Агар у ёқда ишлашга қарор қилган бўлсангиз, марҳамат қилиб, у ёқдаги тартиб-интизомга бўйсунинг”, - дея сўзини якунлайди таксичи.