05:35 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Наталья Бушуевага қарши қўзғатилган жиноий иш Ўзбекистонда қолаётган саноқли мустақил журналистларга босим ўтказишнинг янги босқичи бошланганидан нишонадир

26.03.2007 19:31 msk

Фарғона.Ру

Фарғона.Ру 23 март куни Тошкент шаҳар прокуратураси “Немис тўлқини” радиостанциясининг мухбири Наталья Бушуевага қарши Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184-моддаси (даромадларни яширганлик ва солиқларни тўламаганлик) бўйича жиноий иш қўзғаган. Журналистга қарши жиноий иш очишнинг ҳукуматпараст сайтларда баён этилмиш расмий ифодаси тубандагича:

“Наталья “Немис тўлқини” радиостанциясида олиб борган ўзининг 5 йиллик журналистик фаолияти мобайнида маҳаллий солиқ идораларига чет эл ташкилотидан олаётган молиявий даромадлари ҳақида бирор марта ҳам декларация топширмаган. Бунинг устига, у Ўзбекистон ТИВ томонидан берилувчи тегишли аккредитацияга эга бўлмаган ҳолда ўзини “Немис тўлқини” радиостанциясининг мухбири дея таништирган, бу ҳам маҳаллий қонунчиликни бузиш бўлиб ҳисобланади.

Республика ташқи ишлар вазирлиги ГФРнинг Тошкентдаги элчихонасига ва “Дойче велле” телерадиокорпорацияси раҳбариятига бу борада бир неча маротаба мурожаат қилган, аммо фақат уларга маълум бўлган сабабларга кўра улардан жавоб келмаган. Ваҳолонки, Ғарб мамлакатларида солиқларни тўламаганлик ва қўшимча даромад манбаларини яширганлик жазоланадиган жиддий жиноят бўлиб ҳисобланади. Шунга қарамай, “Немис тўлқини” раҳбарияти бунга мутлақо аҳамиятсиз нарсадек қарамоқда.

Шундай қилиб, қўзғатилмиш жиноий иш доирасида журналист деб аталаётган аёлнинг молиявий фаолиятига аниқлик киритилади ҳамда унинг Республика солиқ қонунчилигини мунтазам равишга бузишга журъат қилиши сабаблари аниқланади”.

Айни пайтда, Наталья Бушуеванинг ўзига кўра, солиқ идоралари вакиллари уни бирор марта ҳам чақиртирмаганлар ва ўзининг барча “жиноятлар”и ҳақида у биринчи марта яқинда прокуратурага чақиртирилган пайтда хабар топган. У ерда Н. Бушуевага давлатга тақрибан уч миллион сўм (2,5 минг доллар) пул тўламаганлигини эълон қилганлар.

Хабарларда зикр этилмиш аккредитациясиз ишлаш билан боғлиқ бўлган қонунчилик бузилганлиги ҳам қизиқ туюлади, чунки бу 2006 йилнинг февралида мазкур қоидалар эълон қилинганидан бери журналистга қўйилган биринчи айблов бўлиб ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касбий фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидалар” қарорига мувофиқ, чет эл ОАВ мухбирларига Ўзбекистон ТИВ қошида аккредитациядан ўтмасдан туриб касбий фаолият юритиш таъқиқланарди. Бошқача қилиб айтганда, бу каби аккредитацияга эга бўлмаган ўзбекистонликларни чет эл оммавий ахборот воситаларига ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилганлар. Ҳозирги пайтда бу ҳуқуққа ўн беш – йигирма чет эл журналисти эга бўлиб, уларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ҳукуматига ўта хайрихоҳ бўлган Россия ОАВни тамсил этадилар.

Республика фуқароларини ТИВда аккредитациядан ўтмаган ҳолда ишлашини маън этиш ҳақидаги қарор фақат Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги барча қонунларгагина эмас, мамлакатнинг асосий қонуни бўлмиш Конституцияга ҳам зид келиши прокуратурани мутлақо ташвишга солмаётгани диққатга сазовордир. Ўзбекистон томонидан тузилган (ОАВ фаолиятига дохил) халқаро шартномалар ҳақида-ку гапирмай қўя қолайлик.

Наталья Бушуевага қарши жиноий ишнинг қўзғатилиши журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилиш кампаниясини доирасига кирувчи юз фоизли сиёсий буюртма эканига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Республикада содир бўлаётган воқеалар ҳақида ҳалол ва очиқ репортажлар тайёрлашга журъат қилаётган кам сонли журналистлардан бири бўлмиш Натальянинг фаолияти сўнгги пайтларда расмийларни қаттиқ ғазаблантираётган эди. У “юқори”нинг айрим пайтларда жуда хунук шаклларда намоён бўлувчи босимини доим ҳис қилиб турган. Бир йил муқаддам қандайдир одамлар уй сотилиши ва сексуал хизматлар кўрсатилиши битилган, Натальянинг уй телефон рақами кўрсатилган эълонларни тун пайти икки миллион аҳоли истиқомат қилувчи пойтахт бўйлаб ёпиштириб чиққандилар, шундан сўнг унинг уйига қўнғироқлар ёғилиб кетганди. Унга қарши қўзғатилган жиноий иш ҳали ҳам мамлакатда қолаётган саноқли мустақил журналистларга босим ўтказишнинг янги босқичи бошланганидан нишонадир.