06:53 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Халқ Маслаҳатининг ХХ йиғинига: Туркманистонлик деҳқонлар ўзгаришлар бўлишини кутмоқдалар, илло ҳозирча даромадсиз қолаяптилар

25.03.2007 10:17 msk

Байрам Нуриев (Лабоп)

Туркманистонда қишлоқ хўжалиги танг аҳволдалиги сир эмас. Мамлакат майдонининг бор-йўғи 2% ини ташкил ҳосилдор шудгор ерларга ўнлаб турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилади. Булар дон экинлари ва пахта, гуруч ва полиз экинлари, мева ва сабзавотлардир.

Мустақил экспертларнинг қайд этишларича, ер ориқлаб бораяпти. Режа мажбуриятлари ошиб бораяпти, ҳосилдорлик эса тушиб кетаяпти. Сўнгги етти йил ичида пахта йиғим-терими бўйича давлат буюртмасининг ҳатто 50% и ҳам бажарилмагани бунга ёрқин мисол бўла олади.

- Давлат билан қишлоқ иқтисодий муносабатларидаги энг ожиз жойларидан бири деҳқон (фермер) ҳамда ижарачиларга кредитлар ва даромад пулларини ўз вақтида тўлаш бўйича мажбуриятларнинг йўқлиги бўлиб келган ва ҳозир ҳам бу муаммо ҳал қилинмай келаяпти. Баҳорги дала ишлари арафасида ҳам қишлоқ аҳли 2007 йил янги ҳосили учун банклардан кредит ололмадилар. Давлатга топширилган 2005 ва 2006 йиллар ҳосили учун йиллик даромадлар ҳам ҳалигача тўлангани йўқ, - дея билдиради Лабоп вилоят хўжаликларидан бирининг аграр иқтисодчиси Мердан Башимов (фамилияси ўзгартирилган).

- Экиш кампаниясини қандай олиб боришни билмаяпмиз. Банклар кредит бермаяптилар. Нақд пулсиз эса биз ҳеч нарса қилолмаймиз. Ерни шудгор қилиш учун трактор ёллаш керак. Трактор ёллаш, ерларимизни суғориш, маъданли ўғитлар сотиб олиш учун бизда пул йўқ, - дея ўртоқлашади ўз муаммолари билан Лабоп вилояти Саёт этропи (тумани) ижарачиси Ўвез Режепов (фамилияси ўзгартирилган).

Туркманистоннинг янги сайланган президенти қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор ислоҳотлар ташаббуси билан чиққанлиги бежиз эмас. 2007 йилнинг 30 март куни бўлиб ўтиши керак бўлган Халқ Маслаҳатининг ХХ умумтуркман форумидан туркманистонликлар туб бурилишларни кутаяптилар.

- Шунинг учун ҳам, биринчи навбатда, қишлоқ ҳаётини тубдан ўзгартириши керак бўлган янги қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасига қўйилиши керак. Булар “Деҳқон бирлашмалари тўғрисида”, “Деҳқон хўжаликлари тўғрисида”ги қонунлар ва ш.к. қонунлардир. Бир қарашда, таклиф қилинган қонун лойиҳаларида қандайдир янгилик ва новаторлик ҳиссаси бордек. Аммо чуқурроқ ўрганилса, уларда қишлоқдаги совет колхоз қурилиши турмуши миллий урғу билан қайталанганини сезиш мумкин, - дея қайд этади таҳлилчи Зайна Таирова (фамилияси ўзгартирилган).

Гарчи Туркманистон қишлоқ хўжалик вазири Э. Ўразгелдиев мамлакат президенти Қ. Бердимуҳаммедовга баҳорги дала ишлари муваффақият билан бораётгани, пахта экиш ишлари бошлангани ва қишлоқ хўжалиги ишлари жуда яхши кетаётгани ҳақида ҳисобот топшираётган бўлса-да, буларнинг ҳаммаси “ғирт сохтакорлик” ва “кўзбўямачилик”дир, - дея қайд этадилар қишлоқ хўжалиги мутахассислари.

Аслида бугунги кунда қишлоқдаги аҳвол қандай? Миришкорлар ўз пулларига трактор ёллаяптилар.

- Ижарачилар пахта пайкалларини шудгор қилиш учун пул тўлаяптилар, тракторчи ҳақини тўлаяптилар. Шунингдек, ижарачилар оила бюжетидаги пулларга маъданли ўғит сотиб олаяптилар. Далаларни суғориш учун пул тўлаяптилар. Ҳаммасига ўз ёнларидан пул сарфлаяптилар, - дея вазиятни изоҳлайди Фароб этропидаги (туманидаги) деҳқон бирлашмаси агрономларидан бири.

Давлат ижарачилар олдидаги ўз мажбуриятларини бажармагунича, ўтган йили ва бурноғи йили топширилган ҳосил учун йиллик даромадни тўламагунича, қишлоқда янги қонунлар ишлай бошлаши ҳамда қишлоқдаги ҳар бир фуқаронинг ижтимоий ҳимояланиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

- Фақат мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги жабҳасидагина эмас, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш жабҳаларида ҳам ислоҳотлар ўтказилиши эълон қилинган. Давлат ҳаётининг қарийб барча муҳим жабҳалари ўзгартиш ва қайта қуришни талаб қилади. Бевақт вафот этган “Буюк” Туркманбоши мамлакатни номукаммал давлат тизими билан қолдириб кетди, - дея билдиради ҳуқуқшунос эксперт Юсуп Тажиев (фамилияси ўзгартирилган).

Туркманистон барибир кўпроқ аграр-саноат мамлакатидир. Қишлоқ хўжалигини “Янги қишлоқ”, “Дон” дастурлари билан жонлантиришга тириклик чоғида Туркманбоши ҳам уриниб кўрганди. Асосий гап уларнинг қай даражада амалга оширилганидадир. Қишлоқда янги қонунлар ишлай бошлармикан?