20:40 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ўз-ўзга” тизими асосида: Тожикистон президентининг кечиккан ватанпарварлиги ҳақида сўз

25.03.2007 08:01 msk

Юрий Земмель

Бутун дунёда одамлар фамилияларини ё оилавий аҳволи ўзгаргани муносабати билан ёки ўз шахсини яширин ўта зарур бўлиб қолганда ёхуд бошқа бир зарур сабаб билан ўзгартирадилар. Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонов эса ўз фамилиясидаги русча “-ов” қўшимчасидан қутилгани ҳақида анча шов-шувли баёнот берди. Қўшимчадан халос бўлиш маросими қадим ориёна илдизларга эга бўлган Наврўз байрами арафасида республика раҳбарининг миллий зиёлилар вакиллари билан учрашуви пайтда бўлиб ўтди. Президентнинг талабига мувофиқ, бундан буён у фақат ўзини Эмомали Раҳмон деб мурожаат қилганларгагина жавоб беради.

Русча “-ов” ва “-ев” қўшимчали Марказий Осиё исмларидан воз кечиш Совет ҳокимияти даврида ҳам қонунбузарлик деб қаралмаган ва бунга жазо берилмаган. Анъанавий фамилиялар олиш ижодкор зиёлилар муҳитида деярли ҳар доим бўлган. Бунга мисол жуда кўп. Масалан, Латифов ўрнига Латифий, Файзуллоев ўрнига Файзулло, Қаноатов ўрнига Қаноат каби... Бироқ паспортлар, дипломлар, турли гувоҳномаларда исмлар расмий милиция ва бошқа совет йўриқномаларига мувофиқ равишда кўрсатилган, ўзбошимчаликка йўл қўйилмасди.

Агар Тожикистон президенти Э. Раҳмон баёнотида ҳеч қандай кутилмаган ҳолат бўлмаса, нима учун у айнан ҳозир миллий анъаналарга риоя қилишга чорлади экан? Тахмин қилиш мумкинки, президент яқинда ташкил қилинган “Ватандор” (“Ватанпарвар”) мухолифат ҳаракати талабларига қарши нимадир ўйлаб топиши керак бўлиб қолган. Бу янги туғилган ташкилот фақат Эмомали Раҳмоннинг ихтиёрий равишда истеъфога кетишинигина талаб қилаяпти. Ўз сиёсий эҳтиросларини аниқ йўналишга сола билмаган, аммо президент тимсолида барча бегона, ёт нарсалардан халос бўлишни истамиш ҳақиқий ватанпарварни кўрган миллий зиёлиларнинг қандайдир қисми “Ватандор”дан юз ўгириши мумкин. Кучларнинг бу каби тақсимланишида президент томонидан кўрсатилган ўрнак авиацияда “ўз-ўзга” деб номланувчи қурилма вазифасини бажаради. Бунда келгинди, исталмаган одамни узоқдан кўриш ва бехато таниб олиш мумкин бўлади.

Умуман олганда, президент чақириғи республиканинг олти миллиондан зиёд аҳолиси ўртасида оммавий акс-садога эга бўлмаса керак. Биринчидан, мутлақ кўпчилик турмуш даражасининг жуда пастлиги қандай фамилия остида бўлишдан қатъий назар фақат тирикчилик ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда. Иккинчидан, барча фамилияларни ўзгартириш жуда кўп маблағ талаб қиладиган иш, бунақа ишни фақат етарли даражада бой бўлган мамлакатларгина амалга ошира оладилар. Бунинг устига президент Раҳмон барча жой номларидаги руслашганлик хоссасидан халос бўлишни, барча тарихий обидаларнинг аслий номини тиклашни талаб қилди.

Тожикистон президенти хоҳиш-истаклари жам бўлганда, агар улар амалга оширишга киришилса, анча катта ақча талаб қилибгина қолмай, кўп йиллик мақсадга йўналтирилган меҳнат ҳам талаб қилади. Шундай экан, яқин орада Тожикистонда фамилия ребуслари ва топонимик бошқотирмаларни ечишга тўғри келмайди.

* * *

Муаллиф ҳақида: Юрий Земмель – журналист, Марказий Осиё муаммолари бўйича мутахассис, “Фарғона.Ру” АА экспертлик кенгаши аъзоси, ГФРда яшайди.