11:05 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ўшда инқилоб байрами зиддиятларсиз ўтмади

24.03.2007 17:25 msk

Алла Пятибратова

Ўшда март инқилобининг икки йиллик байрами зиддият билан бошланди. Расмийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 2005 йил март ойида бўлиб ўтган “лола инқилоби” юбилейини нишонлаш учун марказий майдонга йиғилган халққа тўсқинлик қилишга ва ҳаммани тадбир учун барча нарса тахт қилиб қўйилган марказий ўйингоҳга йўналтиришга уриндилар. Бироқ одамлар майдонда қолишни истадилар. “Биз 2005 йилнинг мартида худди шу ерда инқилоб қилганмиз, ўйингоҳдаги байрам эса бошқа”, - уларнинг асосий далиллари шу эди.

Халқ ва расмийлар ўртасидаги муносабатларни ойдинлаштириб олиш иши қарийб бир соат давом этди. Ўш вилоят губернатори Жантўрў Сатибалдиев ҳечам сўз ололмади, чунки микрофон йўқ эди. Ғазабланган оломон губернаторга қарата анча-мунча таъна тошларини отдилар, унинг биринчи муовини Қушбақ Тезекбаев эса ўз бошлиғини очиқ ҳақорат қилди. Ўш шаҳри мэри Жумадил Исақов ҳам одамларни тинчлантиролмади, уни ҳам майдонда халқ сайлини ўтказишга тўсқинлик қилишга уринганликда айбладилар.

Губернатор учун микрофон топиб келганларидан кейингина у одамларни тинчлантиришга эришди. Ўйингоҳдан овоз кучайтиргичлар ва микрофон олиб келинди, шу билан байрам бошланиб кетди. Бир неча тумандан келган делегация аъзолари “Яшасин Бакиев!” ва “Яшасин инқилоб!” дея қичқиришиб, майдон бўйлаб ўтиб бордилар. Кейин одамлар минбардан туриб нутқ сўзлай бошладилар. Турли баҳоларга кўра, майдонда инқилобий омма вакиллардан иборат олти юзтадан икки минггача одам йиғилган. Байрамнинг асосий ташкилотчиси бўлмиш “Март халқ инқилоби” жамоатчилик ташкилотининг раиси Тимур Қамчибеков беш минг одам йиғилиши кутилганлигини, аммо майдон атрофи ўраб олинганлиги сабабли одамлар майдонга шунчаки ўта олмаганларини маълум қилди.

Жантўрў Сатибалдиев журналистларга байрамни ўйингоҳда ўтказиш Қушбақ Тезекбаев билан келишилганини, аммо у негадир барча одамларни бугун эрталаб болалар чизган расмлар танлови ўтказилиши мўлжалланмиш майдонга таклиф қилганини тушунтирди. Тимур Қамчибеков эса: “Биз бу санани майдонда нишонлашни истаймиз, барча инқилобий воқеалар айнан шу ерда бўлиб ўтган. Расмийлар эса пашшадан фил ясашга уринаяптилар”, деди.

“АКИ-пресс Фарғона” ахборот агентлиги бюросида ўтказилган яқиндаги матбуот анжуманида ҳам Қамчибеков худди шуларни айтганди. Бу ерда у ўзига таҳдид қилаётганларини ва икки марта унинг жонига қасд қилганларини, унинг уяли телефонига қўнғироқ қилишиб, бу анжуманда нутқ сўзлашига тўсқинлик қилганларини билдирганди. Анжуманни уюштирган Қушбақ Тезекбаевнинг ўзи эса унга умуман келмаганди. Журналистлар уни ва “Март халқ инқилоби” бирлашмаси вакилларини қарийб бир соат кутгандилар.

Шунингдек, матбуот анжуманида Тимур Қамчибеков инқилобчиларни террорчилар деб ҳисобламаслик кераклигини айтган ҳамда ҳеч қанақа тўполон ва митинглар бўлмаслигига ваъда берган. “Биз шунчаки тоза қалб билан амалга оширганимиз ва ҳалигача ишонишда давом этаётганимиз инқилобнинг икки йиллигини нишонламоқчимиз, холос”, - дея таъкидлаганди у.

Бу анжуман ғайриодатий тарзда якунланганди. Тимур Қамчибековни ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари гўё ҳибсга олишга уринганлар, уларнинг бир қисми конференц-залда уни тинглаб ўтирганлар (“кўряпсизларми, улар мени назорат қилаяптилар” – деганди бу ҳақда Қамчибеков), қолган қисми эса бир тўп бўлиб кўчада турганлар. Фақат гўё журналистларнинг аралашуви туфайлигина уни қўлга олмаганлар. Яъни бу бир қарашда шундай туюлади. Бироқ кейинчалик журналистларда бу юзасидан кўп саволлар пайдо бўлди. Масалан, милицияга шунча гувоҳ олдида амалиёт ўтказишнинг нима кераги бор? Тимур Қамчибековга йигирмата журналист олдида ўзининг газли тўппончасини намойиш қилиш нима учун керак бўлиб қолди? Қуролни кўрганлардан кимдир гўё “тегишли жойга хабар қилиб қўйган” ва шу оннинг ўзидаёқ ўнлаб милиционерлар Қамчибековда қурол олиб юриш учун рухсатнома бор-йўқлигини текширгани учиб етиб келганлар. Бу саҳнанинг ҳаммаси журналистлар учун махсус ўйналгани тушунарли, албатта. Аммо пировардида бундан ким ютди?

Бундан майдондаги зиддият ҳам ўша мақсад – очко тўплаш мақсадида уюштирилгандир, деган тасаввур пайдо бўлди. Ахир Қушбақ Тезекбаевни халқ қувончли ҳайқириқлар ва гулдурос қарсаклар билан олқишлагани, уни миллий либосга буркаганлари бежиз эмасдир? Ўша заҳотиёқ “ишни уддалай олмаган” Жантўрў Сатибалдиевни йўқотиш ва унинг ўрнига Тезекбаевни ўтқазиш пайти аллақачон келгани ҳақида ҳайқириқлар янгради. Янги доҳий, аслини олганда, бу қарорга бугун келгани йўқ. Губернатор ва унинг биринчи муовини ўртасидаги зиддият анчадан бери пишиб келаяпти, аммо уларнинг иккалови ҳам ёнма-ён туриб ўз ҳолича ишлашда давом этаяптилар.

“Бугун расмийлар инқилобчиларнинг ўйингоҳга кетказиш талабида қаттиқ туролмай, уларга очиқдан-очиқ ютқаздилар. Ёки бошданоқ майдонда байрам қилишга рухсат бериб, баҳсу мунозараларга киришмасликлари керак эди. Кейинроқ минбарда Тезекбаевни табриклаб, уни қучоқлаган мэр ҳам ютқазди. Тезекбаевга ўзини жим туриб ҳақорат қилдирган губернатор ҳам ютқазди”, - халқаро ташкилотни тамсил этган ва шу сабабли ўз номини айтмасликни илтимос қилган ўшлик эксперт ана шундай фикр билдирди.

Майдонда Ўшдаги инқилобий воқеаларда катта роль ўйнаган яна бир киши – Анвар Ортиқов ҳам бўлди. 2005 йилнинг март ойида халқ йиғини айнан шу кишини Ўш вилоят губернатори этиб сайлаганди ва у бу лавозимда бир неча ой ишлаганди. Анвар Ортиқовнинг маълум қилишича, ҳозир у яқинда ташкил этилган “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронтига кирган. Фронт штаби Ўшда ҳам аллақачон ташкил этилган. Ортиқов журналистлар билан суҳбат чоғида 11 апрелдан кейин Ўшда “нимадир бўлиши”ни айтди. Аммо айнан нима бўлишини аниқ айтмади.