23:30 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистондаги “исён-уруш” практикуми

23.03.2007 10:27 msk

В.Дубовицкий

Ҳар бир давр ўзининг ҳарбий назариётчиларига эга. Насоро эрасидан аввал хитойлик Сунь Цзи ўзининг “Ҳарб иши” билан ном чиқарганди, ўн тўққизинчи аср Жомини ва Клаузевица асри бўлди, йигирма асрнинг иккинчи ярми эса миллати рус бўлган муҳожир зобит, Европада танилган сиёсатшунос Евгений Эдуардович Месснер томонидан ишлаб чиқилган исён-уруш назариясини тақдим этди.

Унинг назариясига кўра, “урушлар исёнлар билан, исёнлар урушлар билан аралашиб кетди, ҳозирда қуролли тўқнашувларнинг янги шакли пайдо бўлди, исён-уруш деб номлаганимиз бу тўқнашувда фақат қўшинларгина эмас, халқ ҳаракатлари ҳам жанг қиладилар”. Бу каби таъриф Ўрта Шарққа – Ироқдан Шинжон ва Тибетгача бўлган улкан ҳудуд учун кўпроқ мос келади.

Бу улкан ҳудудда тартиб ўрнатиш оғирлигини зиммаларига олган америкаликларга бу минтақада исён-уруш тажрибаси ҳаводек зарур ва улар бу тажрибани Тожикистонда тўплашга ҳаракат қиладилар.

Мендай ҳаракат қил!

Тожикистоннинг махсус топшириқ бажарувчи ва чегара қўшинлари бўлинмаларини халқаро террорчиликка қарши кураш тактикаси ва республикага ноқонуний равишда бостириб кирган қуролли экстремистик гуруҳларни зарарсизлантириш усулларини ўргатишлари керак бўлган америкалик денгиз пиёда аскарларининг Фахрободдаги “мастер-класс”и ҳақида биринчи марта эшитган пайтимда уларнинг ўқитиш услублари ва ўқитувчиларнинг ўзлари ҳақида беихтиёр ўйга толдим.

Таърифга мувофиқ, “мастер-класс” ўргатиш усули сифатида юқори малакали мутахассис фаолияти мисолида унинг ўзи томонидан ўтказиладиган ўқув машғулоти бўлиб ҳисобланади. Ҳақли савол туғилади: АҚШ денгиз пиёда аскарлари Тожикистонда бу йўналишда дарс бериш учун қаерда “қуролли экстремистик гуруҳлар”ни самарали зарарсизлантириш тажрибасини орттирган эканлар? Бир нарса жуда аниқки, Қўшма Штатларнинг ўз ҳудудига ҳеч ким бостириб кирган эмас. Демак, қимматли ва фойдали тажриба бошқа бирор ерда орттирилганми? Агар узоқ ўтмишга шўнғимайдиган бўлсак, улар бу тажрибани қўшни Афғонистонда орттирган бўлишлари мумкин. Аммо 2001 йилнинг 20 октябридан бошлаб Америка томонидан бу мамлакатда ўтказилган амалиётлар хроникасини диққат билан кўриб чиққач, мен америкаликлар бу ердан “мастер-класс” олиб чиқмаганлар, деган хулосага келдим.

Лекин “ҳамма нарса қўлдан бой берилгани йўқ”, - НАТОнинг халқаро ҳарбий алоқалар бўйича тезкор штаби бошлиқ ёрдамчиси генерал-майор Айвен Фентон фикрича, “Афғонистондаги амалиётлар келгуси ўн йиллар мобайнида амалга оширилади”!

Балки унда Ироқда орттиргандилар бу тажрибани? Аммо бу жабрдийда мамлакатдан олинган февраль ойидаги хабарларни кўриб чиққанимдан кейин, бу фикрни ҳам хаёлимдан нари қувдим: бу ерда америкаликларнинг ўзларига қандай қилиб жуфтакни ростлаш ҳақида бирор киши “мастер-класс” ўтиб берса яхшироқ бўларди...

Беихтиёр савол туғилади: олти йиллик фуқаролар урушини бошдан кечирган ва 1998 йил ноябрида полковник Маҳмуд Худойбердиев минг кишилик қўшинининг Сўғд вилоятига ҳужумини бир неча кунда муваффақият билан даф қилолган кишиларга америкалик денгиз пиёда аскарлари нимани ўргатар эканлар?

Бунақа машғулот кимга керак? Кўпроқ... америкаликларга бўлса керак.

Шамолдан тез елувчилар

Исён-урушнинг умумий практикумида чегара ишларини ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Минг бор афсуслар бўлсинким, Тожикистон ниҳоясиз жангу жадаллар билан машғул Афғонистон билан бўлган 1036 километрлик чегаранинг “саодатманд” соҳибидир. Март ўрталарида Тожикистонда сиу, чероки ва апачи қабилалари ҳиндулардан ташкил топган ва чегара бузувчиларни изларига қараб топиб олишга мўлжалланган анча экзотик бўлган бўлинмалар пайдо бўлди. Уларнинг “Арвоҳ бўрилар” деган жарангдор номлари ҳам бор.

Уларнинг меҳнати оғир. Ўзингиз ўйлаб кўринг: маълумки, Шимолий Америка ҳиндулари овда итни изқувар сифатида тан олмаганлар, балки ўзларининг беш сезгиси ва из ўқиш малакасига таянганлар. Шу билан бирга, таъқиб қилиш учун уларнинг ўзлари бот-бот тўрт оёқлаб туриб, йўқотилган изни “топиш”ларига тўғри келади.

Умуман олганда, америкаликлар ўз туб аҳолиси қолдиқларидан урушларда анча кашшофона фойдаланиб турадилар.

Тожикистонлик ҳарбийлардан суриштириб билишимизча, “арвоҳ бўрилар” уларни тўрт оёқлаб чопишга ўргатмаганлар, балки ўзлари маҳаллий шароитда Бин Лодинни тутиш учун машқ қилганлар! “Арвоҳ бўрилар” Ўрта Осиёда биринчи марта пайдо бўлаётганлари йўқ: биринчи марта улар Евросиё тоғли-чўл ерларини 2002 йилда Ўзбекистонда ва Қозоғистонда ўзлаштиргандилар ҳамда ҳосил қилинган малакалар билан қўшни Афғонистонга ўтиб, ўша пайтлардаёқ тутқич бермас саудияликни излаб топишга урингандилар. Натижа маълум – “биринчи рақамли террорчи” яқинда ўзининг эллик ёшини муваффақият билан нишонлади. Умид қиламизки, Помир тоғи этакларида шамолдан ҳид олишни ўрганиб олган “арвоҳ бўрилар” охир-оқибат Бин Лодин билан учрашадилар. Агар у буни лозим топса, албатта.

Муаллиф ҳақида:Виктор Дубовицкий – тарих фанлари доктори, Рус Жўғрофия Жамиятининг ҳақиқий аъзоси, “Фарғона.Ру” АА эксперти, Душанбеда яшайди.