14:34 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Ҳеч қайси давр унутилиши мумкин эмас”

22.03.2007 12:09 msk

Муштарий мактуби

Иллюстрацияда: М. Пенсоннинг “Тошкент вилояти колхозчилари Чирчиқ гиганти қурилишига чиқдилар” фотосуратидан лавҳа, 1939 й.

Ассалому алайкум. Сизга ўзбекистонлик муштарийингиз мактуб йўлламоқда. Мен институтда ўқийман. Коллежда ишлайман, янги тарихдан сабоқ бераман. Мен журналист эмасман, шу сабабли ҳам, афсуски, ҳали мақола ёзишни билмайман.

Нашрингизда ўзим учун қизиқ бўлган, энг асосийси эса мамлакатимиз ҳақида ҳаққоний мақолаларни ўқийман. Аммо, афсуски, улар орасида мен ҳозирги Ўзбекистон расмийларининг яқин ўтмишимизга муносабати акс этган мақолани топа олмадим. Мамлакатимизда содир бўлаётган ишлар, шу жумладан, қадим замонлардан бошлаб шу кунгача тарихни қайта ёзиб чиқаётганлари мени изтиробга солади.

Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб ўзбекистонлик расмийлар тарихчилар учун фақат совет тарихинигина эмас, Ўзбекистоннинг қадим тарихини ҳам қайта кўриб чиқиш учун кўрсатма берганлар. Дейлик, сўнгги йилларда республикада Самарқанд ва Бухоро каби қадим шаҳарлар пайдо бўлган саналардан тортиб кичик чекка шаҳарлар (Қарши, Марғилон, Термиз ва бошқалар) пайдо бўлган саналаргача қайта кўриб чиқилди.

Масалан, ўтган йили республика эндиликда Самарқанд ва Бухородан салгина “ёшроқ” бўлган Қарши шаҳрининг 2700 йиллик юбилейини тантана билан нишонлади. Ваҳолонки, совет даврида Қаршининг ёши 2000 йил йилдан кўп эмас, деб қараларди.

1970 йилда бутун СССР Самарқанднинг 2500 йиллик юбилейини тантанали нишонлаганди. 2006 йилда эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллигини тантанали равишда нишонлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шу ўринда бу “қўшимча” 250 йил қаердан олинди, деган савол туғилади.

Бу тадбирларнинг барчасига ҳаққоний илмий характер бериш учун расмийлар томонидан бутун республика бўйлаб турли чора-тадбирлар (анжуманлар, семинарлар, кўргазмалар) ўтказилаяпти, уларда тарихчи олимлар тарихни қайта ёзишнинг нақадар зарурлиги ва ўринлилигини “фактлар” билан исботлаб бераяптилар. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ўз репортажлари ва шарҳларида совет ҳокимияти минтақа халқлари фани ва маданияти ривожида Россиянинг катта роль ўйнаганини “бўрттириб кўрсатиш” учун Ўзбекистон тарихини (шунингдек, бутун Ўрта Осиё тарихини ҳам) атай “камситиб” кўрсатганини таъкидлаб, мамлакатнинг минг йиллик тарихини ошиғич қайта ёзаётган расмийлар сиёсатини оқлаган ҳолда жонларини жабборга бераяптилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон ОАВ Ўрта Осиё халқлари, шунингдек, бутун дунё ҳам айнан Совет ҳокимияти шарофати билан бугунги кунда осори атиқаларимиздан ҳайратланиш имконига эга бўлиб турганларини қайд этишни “эсдан чиқариб” қўймоқдалар.

Шу ўринда Фарғона вилоятидаги Селенғур ғорида қадим замонлардаги одам сўнгаклари топилиши билан боғлиқ бўлган мисол қизиқ. Сўнгаклар археолог У. Исломов томонидан 1985 йилда топилганди, ўшанда у бу топилдиқни дастлабки палеолит даврига, яъни насроний эрасидан тахминан 700-650 минг йил аввалги даврга нисбат берганди. Аммо 90-йиллар охирига келиб Селенғурдан топилган одам сўнгаклари санаси қайта кўриб чиқилган: эндиликда ўзбекистонлик олимлар бу топилдиққа 1,5 млн. йил бўлганини таъкидламоқдалар. Шундай қилиб, буларнинг ҳаммаси республика олимларининг “замонавий Ўзбекистон ҳудуди энг қадимги одам пайдо бўлган ва ривожланган марказларидан бири бўлган”лиги юзасидан бугунги кундаги фикрини “тасдиқлайди”.

Булар бугунги кунда Ўзбекистон расмийлари ўз мамлакати тарихига нисбатан юритаётган сиёсатдан айрим кичик мисоллар, холос. Бу сиёсатдан мақсад Ўзбекистоннинг Миср, Месопотамия, қадимги Юнон ва ҳ. тамаддунлари билан бир қаторда сайёрадаги энг қадимги тамаддунлар “марказ”ларидан бири бўлиб ҳисобланишини бутун дунёга кўрсатиш бўлиб ҳисобланади. Шунингдек, бу ёш авлодни ўз мустақил Ватанига нисбатан “миллий ватанпарварлик” руҳида тарбиялашга уриниш ҳамдир! Аммо, афсуски, бу тадбирларнинг барчаси ҳозирча фақат акс самара бермоқда, холос.

Аснода республикада жавоб берилмайдиган кўп саволлар туғилади. Бу, айниқса, ҳамма нарса салбий деб топилиб, бошдан-оёқ тўлалигича ўчириб ташланган Ўзбекистоннинг совет даврига оид ўтмишига амалдаги расмийлар қарашига дахлдордир.

Республикада совет ўтмиши ҳақида бирор-бир ижобий фикр билдириш қатъиян маън қилинган. Ўзбекистон тарихининг бу даврини “Советларнинг тоталитар режими” даври ўлароқ эслашдан бошқа фикр билдириб бўлмайди. Ҳатто қизил ранг ҳам зимдан таъқиқланган.

Бир неча йил аввал Ўзбекистон президенти И.А.Каримов Тошкентнинг ўрта таълим муассасаларидан бирида бўлиб, у ерда телекамералар олдида талабаларнинг биридан “Хрушчев, Брежнев, Андропов ким эканини биласизми?” дея савол берганди. Рад жавобини эшитгандан кейин у буни маъқуллаб, ёшларнинг совет ўтмиши тарихини билишлари керак эмаслиги ҳақида гапирганди!..

Бугунги кунда Ўзбекистонда ёшлар яқин ўтмишимиз тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга эгамаслиги ҳайрон қоларли иш эмас. Й. Охунбобоев, У. Юсупов, Ш. Рашидов ва бошқалар каби Ўзбекистон ССР арбоблари мустақил Ўзбекистоннинг ёш фуқароларига маълум эмас. Бу номларни бугунги дарсликларда ва тарихга оид адабиётларда ҳам учратмайсиз. Шундай бўлгандан кейин собиқ СССР давлат ва партия арбоблари номлари ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?

Ўтган йили Тошкентда А. Икромов номидаги туман номи алмаштирилди, шунингдек, яқин орада Ҳамза ва бошқа арбоблар номидаги кўчалар ҳамда метро бекатлари номлари ҳам алмаштирилиши ҳақида миш-мишлар бор.

Аснода биз бугун ёшларга ўз яқин ўтмишларини ўрганиш ва ундан фахрланишни маън қилароқ, Ўзбекистонда қандай ёш авлодни тарбиялаяпмиз, деган савол туғилади. Бу яна бир неча ўн йиллардан кейин мамлакатимизда бугунги кун ҳам унутилишга маҳкум қилинажагини англатмасмикан?..

Агар бу иш амалга ошадиган бўлса, бунинг учун ҳаммамиз баробар айбдор бўламиз!