17:40 msk, 22 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда кўпхотинлилик: Қонунлар бор нарсани ўзгартира олмайди

21.03.2007 18:06 msk

А. Мамараимов (Жалолобод)

Қирғизистон расмийлари Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакат аёлларига кутилмаган “совға” қилдилар. Адлия вазири Марат Қаипов мамлакат Жиноий кодексидан кўпхотинлилик учун белгиланган жазони олиб ташлашни таклиф қилди, бу жамиятда кенг кўламда акс-садога сабаб бўлди. Афтидан, бирлашган мухолифат тобора кўпроқ сиқувга олаётган расмийларга бошқа муаммо қуриб қолган кўринади.

Мамлакат президенти Қурманбек Бакиев Қирғизистонда кенг кўламда нишонланадиган аёллар байрамидан бир кун олдин ўз вазири хатосини гўё тузатгандай “Қирғизистонда муҳокама қилиш учун кўпхотинлиликдан кўра жиддийроқ мавзулар бор ва уларни ҳал қилиш учун аёллар иштироки зарур”, дея билдирганди. Бироқ кўпхотинлилик мавзуси қарийб бир ойдан бери жамиятда энг кўп муҳокама этилувчи масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Қирғизистон жанубидаги Жалолобод шаҳрида бўлиб ўтган, “Аёллар ҳамма ишга қодир!” тармоғи тарафидан уюштирилган давра суҳбати ҳам ана шу муаммога бағишланди.

Ҳудуд аёллар ташкилотларининг айрим фаолларига кўра, Қирғизистон расмийлари кўпхотинлиликни машруълаштиришга атай ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, аёллар ноҳукумат ташкилотларидан бири лидери Бермет Султанованинг фикрича, ҳаммаси мамлакат Конституцияси ўтган йилги таҳриридан Қирғизистоннинг “дунёвий давлат” экани ҳақидаги модда олиб ташланганидан бошланган. “Бу Оила кодексида бўлган кўпхотинлиликни маън этиш тўғрисидаги модданинг бекор қилинишига сабаб бўлади, - деб ҳисоблайди Бермет Султанова, - бу эса аёлларнинг шундоқ ҳам қийин аҳволини янада қийинлаштиради. Бу аёллар тошбўрон қилинган ўрта асрларга қайтишни англатади”, - дейди Султанова.

Жанубий ҳудудда таниқли бўлган руҳоний лидер, вилоят Мусулмонлар диний бошқармасининг собиқ раҳбари Дилмурат ҳожи Ўрўзов кўпхотинлилик хусусидаги масалани дин уламолари ва оддий мусулмонлар эмас, мамлакат ҳукумати аъзолари кўтараётганларини қайд этди. У кўпхотинлилик Исломдан бошлангани ҳақида кенг тарқалган фикрни рад этди. “Кўпхотинлилик Исломга қадар ҳам бир неча асрлар мобайнида мавжуд бўлган. Авваллари эркаклар тартибсиз равишда истаганларича хотин олишлари мумкин бўлгани ҳолда Ислом дини хотинлар миқдорини тўртта билан чеклаб қўйди, - деб билдирди Ўрўзов. – Исломдаги кўпхотинлилик мажбурият эмас, балки рухсат бўлиб, ундан муайян шартлар асосида ва рафиқанинг розилиги билангина фойдаланиш мумкин”.

Дилмурат Ўрўзов кўпхотинлиликни қонунийлаштиришга қарши, бироқ таъқиқлашлар билан бу кўринишни батамом йўқ қилиш у ёқда турсин, тўхтатиш ҳам мумкинлигига шубҳа қилади. Унинг фикрича, биринчи навбатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш керак, бусиз қонунчиликдаги ҳеч қандай ўзгариш, ҳеч қандай таъқиқ аёлларнинг аҳволини ўзгартира олмайди. “Аёлларимиз бугунги кунда ҳатто қул бўлишга ҳам рози бўладиган аҳволга тушдилар. Ижтимоий аҳволни ўнгламасдан туриб, аёлларимизнинг, бутун жамиятнинг онгини ўзгартирмасдан туриб, бу муаммони ҳал қилиш мумкин эмас”, - деб ҳисоблайди Д. Ўрўзов.

Муслималар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти билан танилган “Аёллар - лидерлар” НҲТ раҳбари Гулнара Нурматова, шариатнинг барча талаблари бажарилган тақдирда, кўпхотинлиликни нормал ҳодиса деб билади, аммо у ҳам кўпхотинлиликни машруълаштиришга қаршидир. Унга кўра, мамлакат қонунчилигидан кўпхотинлилик учун белгиланган жазо олиб ташланиши ташаббуси билан чиқаётганлар бу масаланинг моҳиятини тушунмайдилар. “Жамиятимиз мусулмонлар жамияти эмас, ҳатто ўзларини мусулмон санаган кишиларнинг кўпчилиги ҳам шариатнинг у ёки бу меъёрлари моҳиятини ҳар доим ҳам тушунавермайдилар, - дейди у. – Жамият Ислом талабларини тушуниш ва бажаришга тайёр бўлмаган шароитда кўпхотинлиликка рухсат бериш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин”. Шунингдек, у мактабларда рўмол ўраб юришни маън этаётган расмийларнинг ота-оналар билан зиддияти ҳақида эслатиб ўтди. “Улар буни нима учун таъқиқлаяптилар? Ахир бу ҳам дин талаби-ку? Бундан битта хулоса чиқади – амалдорлар барча масалаларга ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёндошадилар”, - дея сўзини якунлади у.

Кўпчилик кўпхотинлилик учун белгиланган жазони бекор қилиш ташаббуси билан чиқаётган юқори лавозимли амалдорлар ва уларни қўллаб-қувватлаётган парламент депутатлари бу ишни ўзларини муҳтамал суд даъволаридан иҳота қилиш мақсадида қилаяптилар, деган фикрга қўшилади. Қирғизистонда таниқли бўлган ҳуқуқ ҳимоячиси, мамлакат президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раисининг ўринбосари (!) Азиза Абдурасулова бунда давлат раҳбарининг ўзини ҳам очиқ айблашга жазм қилди. Президентга қарашли деб ҳисобланмиш “Бешинчи канал”да ўтказилган бевосита мулоқот кўрсатувида чиқиш қилар экан, у давлат раҳбари Қурманбек Бакиевнинг учта хотини борлигини билдирди ва ҳатто улар мамлакатнинг қайси жойларида яшашларини ҳам айтди. Абдурасуловага кўра, кўпхотинлиликни машруълаштириш ташаббускорлари ўз “хўжайин”лари – мамлакат раҳбарини ҳимоя қилиш йўлида чираниб ётибдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячилари кўпхотинлиликка қарши чиқаяптилар, бироқ ўзларининг бўлажак эрларига ишонган ва иккинчи ёки учинчи хотин бўлишга рози бўлаётган аёллар ҳуқуқини ҳам эсдан чиқармасликни сўраяптилар. “Справедливость” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти матбуот котиби Абдумалик Шарипов бир неча хотин ўзаро ахил-иноқ яшаётган оилалар тақдири юзасидан ташвиш билдиради. “Қонунга кўра кўпхотинлилик учун жиноий иш бу кишининг биргаликда бахтли ҳаёт кечиришга рози бўлган хотинлари хоҳиш-истакларига зид равишда учинчи шахслар ташаббуси билан қўзғатилиши мумкин, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси. – Бир кишини сиёсий ёки бошқа сабабларга кўра қамаб қўймоқчилар ва бунда кўпхотинлилик тўғрисидаги модда расмийлар қўлида қурол вазифасини ўташи, оила эса боқувчисиз ва севикли инсонсиз қолиши мумкин”.

Ёшлар ташкилоти лидери Муратали Учкемпиров ҳам ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрига қўшилади. “Агар қонунчиликда кўпхотинлилик учун жазо бериш тўғрисидаги модда қолган тақдирда ҳам бу иш учун ким ва қай ҳолларда даъво аризасини бериши мумкинлигини аниқ ёзиб қўйиш керак, - деб ҳисоблайди Учкемпиров. – Менимча, бу ҳуқуқлари камситилган аёлларнинг имтиёзи ёки агар унинг ўзи бундай ишга ботинолмаса, қариндошларининг имтиёзи бўлиши керак”.

Эркакларни иккинчи ёки учинчи ва ҳ. хотин олишга ундаётган сабаблар сифатида экспертлар биринчи хотиннинг саломатчилигига тўғри келмагани учун бола туғмаслиги, бошқалари эса эрига ўғил туғиб беролмаётгани, эр-хотин ўртасида жинсий ва интеллектуал жиҳатдан бир-бирларини тушуна олмасликлари ва бошқаларни айтадилар. Аммо энг асосий сабаб бу “пул, ҳокимиятга эга бўлган” бойлар ва баланд мавқели эркакларнинг инжиқлигидир. Бу тоифага, биринчи навбатда, йирик тадбиркорлар, амалдорлар ва парламент депутатлари кирадилар. Аёлларни иккинчи, учинчи, тўртинчи ёки бешинчи хотин бўлишга муҳтожлик, ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаганлик, оиласиз қолишдан қўрқиш, фарзанд кўриш истаги ва албатта, жисмоний эҳтиёж мажбур қилади.

Мамлакатдаги демографик вазият ҳам бунда кам аҳамиятли нарса эмас. Дейлик, расмий статистикага кўра, Қирғизистонда аёллар сони эркаклардан қарийб олтмиш мингтага кўп. Бундан ташқари, кўп эркаклар Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга пул топиш учун кетадилар, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам чет элда яхши иш топиб, уйга пул юборолмайди. Натижада ёлғиз қолган аёллар тирикчилик қилиш учун яна ўзлари курашишларига тўғри келади. Улар ичида бой эркакларга иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб тегишга рози бўлган аёллар кам эмас, бунинг эвазига эса эркаклар хотинларни ўз фирмаларига ишга киритиб қўядилар ёки уларни таъминлаб турадилар.

Иккинчи ва қолган никоҳлар фақат муллалар томонидан амалга оширилади ҳамда қонуний ҳисобланмайди (лекин яқиндан бери Жалолобод вилоятида шариат бўйича никоҳдан ўтганлиги ҳақида гувоҳнома бериш амалиётини қўллай бошладилар). Шунга кўра, аёллар ҳар қандай ҳуқуқий ҳимоядан мосуво бўладилар. Қонун бўйича улар моддий қўллов ҳуқуқига эга бўлмайдилар ёки фарзанд туғиладиган бўлса, алимент ололмайдилар, меросга даъвогарлик қилолмайдилар.

Аснода, “Аёллар ҳамма ишга қодир!” миллий тармоғининг Ўшдаги ресурс маркази раҳбари Шахида Хабибуллинага кўра, охирги йилларда кўпхотинлилик учун ўз эрларини судга беришга мамлакат бўйича бор-йўғи беш ёки олти аёлгина жазм қилган. Шунга қарамай, у кўпхотинлилик учун белгиланган жазони бекор қилиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди, чунки бу “мазкур никоҳлардан жабр кўраётган” аёллар ва фарзандлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тегишли тайёргарликсиз қилинмоқда. “Биз Жиноий кодексда бу моддани қолиши учун курашмоқчимиз, - дейди Хабибуллина. – Бунинг учун биз барча қонуний усуллар ва имкониятлардан фойдаланамиз, жумладан, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борамиз”.

Бу муаммони ҳал қилишда қонунларнинг кучсизлигини қайд этаётган фуқаролик жамияти вакиллари ва диний раҳбарлар муаммони ҳал қилиш бўйича ўз йўлларини таклиф қилмоқдалар. Ҳамжамиятларни ривожлантириш муаммолари билан шуғулланувчи “Арис” ташкилоти мутахассиси Айнура Музаппарова ёвузлик илдизи ҳақида гапира туриб, “бизнинг амалдорларимиз ва депутатларимиз чўнтаклари қаппайиб қолди, улар олдиларига ёш хотинларни лаганга солиб олиб келишларини истаяптилар”, дея таъкидлади. “Бўлажак парламент ва президентлик сайловларида биз ўзларининг ғаразли мақсадлари амалга ошириш учун эмас, халқ муаммолари билан шуғулланадиган муносиб инсонларни онгли равишда сайлашимиз керак”, - дейди Музаппарова. “Қонунга ўзгартиш киритиш билан ҳеч нарса ўзгармайди. Агар эркак киши кейинги хотинга уйланмоқчи бўлса, у бу ишни барибир амалга оширади”, - дея қайд этади у.