12:43 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Руслан Шарипов: “АҚШ ҳукумати ўзбекистонлик қочоқлар тақдирига бефарқ қарайди”

20.03.2007 20:06 msk

Даниил Кислов суҳбатлашди

Руслан Шарипов в США. Фото ИА Фергана.Ру
Руслан Шарипов АҚШда. Фарғона.Ру АА фотоси
Бутунжаҳон Газеталар Ассоциациясининг “Олтин қалам-2004” мукофоти нишондори, “Фирк эркинлиги-2004” мукофоти совриндори, “Human Rights Watch” халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институти грантлари соҳиби, ўзбекистонлик сиёсий қочоқ. Буларнинг ҳаммаси 2004 йил октябрида Ўзбекистон расмийлари томонидан тўхтовсиз таъқиб этиб келингани туфайли ватанни тарк этишга мажбур бўлган бухоролик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Руслан Шариповга тегишли.

Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетиш Руслан Шарипов учун шахсий ва ижодий эркинликка эришишни англатарди.

Бироқ Қўшма Штатлар ўзбекистонлик журналист учун “”жаннатмакон маъво” бўлолмади. Профессионал обрў муҳожирни иш ва турар-жой қидириш муаммосидан халос қилолмади, “эркинликка ўрганиб қолганлик” эса Русланни Ўзбекистон қамоқхонасидан Америка қамоқхонасига олиб келди.

Мажбурий мухожиротдан кейин икки ярим йил ўтгач, Руслан Шарипов Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди. Бунга расмий Тошкент қандай муносабатда бўлиши ҳозирча номаълум, Русланнинг ҳужжатларини Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консулхонаси ҳали узоқ муддат кўриб чиқади. Бироқ мағзуб журналистнинг бу қарори ўта жиддий равишда асосланган: Р. Шариповга кўра, АҚШда ҳам, кўпчилик ўйлагандай, эркинлик йўқ экан.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлигига берган эксклюзив интервьюсида Руслан Шарипов ўз тарихи ҳақида батафсил ҳикоя қилади.

* * *

Фарғона.Ру: - Руслан, АҚШга келганингиздан кейин нималарга умид қилган эдингиз? Шунча вақтдан бери қаерда яшадингиз, нима билан машғул бўлдингиз, нима иш қилдингиз?

Руслан Шарипов: - Сўнгги пайтларгача мен акам билан Калифорнияда, Сакраментода яшадим. Мен оиламизда АҚШ Миллий хавфсизлик бўлими ҳалигача “грин карта” (Green Card – “яшил карта”, АҚШда доимий яшаш учун рухсатнома вазифасини ўтовчи резидент картаси) бермаган ягона кишиман. Шунинг учун ҳам мен иш тополмаяпман ва акам Европага кетганидан кейин қаерда яшашимни билмайман. АҚШда ишлаш учун олган рухсатномам муддати 2005 йилдаёқ тугаган. Мен ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист сифатида ўз фаолиятимни давом эттирмоқчи эдим ва АҚШнинг Марказий Осиё минтақаси бўйича ишлаётган жамғармаларидан қўллов кутгандим, аммо бу натижа бермади.

Фарғона.Ру: - АҚШда юрган пайтингизда дўстлар орттирдингизми?

Руслан Шарипов: - Мен ҳамкасблар ва халқаро ташкилотлар билан алоқани узмай келаман. Бироқ менинг аксар дўстларим Ўзбекистонда қолганлар ва мен уларни жуда соғинаман.

Фарғона.Ру: - Америка сизда қандай таассурот қолдирди?

Руслан Шарипов: - Америкаликлар – ажойиб халқ. Бироқ давлат миқёсидаги муаммолар: АҚШда аҳоли ўрта қатлами орасида тиббий ва айниқса, стоматологик хизмат, камбағаллик ва уйсизлар миқдорининг ошиши одамни ташвишга солмай қўймайди. Уйсизлар сони бўйича штатлар ичида Калифорния олдинги ўринда туради.

Фарғона.Ру: - Нима учун кетишга қарор қилдингиз?

Руслан Шарипов: - Эркинлик ва демократия таъмини тотган Америка халқи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўксини қалқон қилиши керакдай эди. Бироқ Жўрж Буш маъмурияти ўз фуқароларининг элементар эркинликларига тажовуз қилишда давом этмоқда. АҚШда яширин равишда суҳбатни тинглашлари ҳеч ким учун сир бўлмай қолган. Оқ уй “террорчи деб гумон қилинган” ҳар қандай одамнинг, жумладан, АҚШ фуқароларининг ҳам қонунда кўрсатилганидай суд ордерларисиз телефон орқали суҳбатларини тинглайди ва электрон почтасини ўқийди.

Айниқса, қочоқлар масаласи 2003 йилда АҚШ Миллий Хавфсизлик Бўлимига (DHS – Department of Homeland Security) уларга қийин бўлаяпти. Бу халқаро ташкилотларнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлди. Жумладан, ҳатто Нью-Йорк ва Вашингтонда штаб-квартираси бўлган “Human Rights First” ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ҳам Миллий Хавфсизлик Бўлимидан АҚШ ҳудудидаги қочоқларга адолатли муносабатда бўлишни талаб қилган.

Менинг ўзим ҳам АҚШ Миллий Хавфсизлик Бўлимига (DHS) вакиллари билан бир неча маротаба мулоқот қилишимга тўғри келди. МХ офицери менга “грин карта” бериш юзасидан ўтказилган охирги интервьюда мени жосуслик фаолиятига алоқадорлик юзасидан сўроқ қилди. Албатта, Жўрж Буш маъмурияти учун миллий хавфсизлик масалалари ўзбек қочоқлари тақдиридан кўра муҳимроқ.

Бошқа бир мисол. Яқинда мени Мексика билан чегарадош бўлган Сан-Исидро (Калифорния) шаҳрига таклиф қилдилар. Менга номаълум бўлган сабабларга кўра автобус ҳайдовчиси бекатда тўхтамай, мени Мексика чегарасидан олиб ўтиб кетибди. Менга ҳалигача “грин карта” бермаганлари учун чегарадан ўтишим ва АҚШ ҳудудини тарк этишим мумкин эмасди, шунинг учун мен автобус ҳайдовчисидан нима учун Сан-Исидрода тўхтамай, чегарадан ўтиб кетганини сўрадим. Ахир унда менинг чиптам бор эди ва у менинг қаёққа кетаётганимни биларди. Бунинг устига, расмий йўналишга мувофиқ, автобус Сан-Исидрода 10 дақиқа танаффус қилганидан кейингина кетиши керак эди.

АҚШга қайтишда МХ офицерларига мени Мексика чегарасидан ихтиёримга зид равишда олиб ўтиб кетганларини тушунтирдим ва далил сифатида уларга чиптамни кўрсатдим. Бироқ менга Мексикага чиқиб кетишни амр қилишди. Иккинчи уринишда Миллий Хавфсизлик офицерлари мени ҳибсга олдилар ва ойналарсиз хонага қамаб қўйдилар. Менга қариндошларим ва яқинларим билан боғланиш учун рухсат бермадилар. Қўпол тарзда олиб борилган сўроқлар чоғида МХ офицерлари мени Сан-Исидрога таклиф қилган кишиларнинг исмлари ва манзилларини айтишни, улар билан танишган жой ва вақтни, шунингдек, нима учун улар билан учрашмоқчи бўлганимни гапириб беришни талаб қилишди ва шу тариқа, менинг шахсий ҳаётимга аралашишди.

Жўрж Буш маъмурияти томонидан қочоқларга шафқатсизларча муносабатда бўлинади. Бу ерда ҳамдардлик ҳақида гап кетаётгани йўқ. Мен қочоқларга иш топиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштиришдаги элементар ёрдам тўғрисида айтаяпман.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз, андижонлик қочоқлар АҚШдан нима учун кетаяптилар?

Руслан Шарипов: - Ҳар бир ҳолат алоҳида хоссага эга, аммо шахсий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда мен бугунги кунда АҚШдаги қочоқларга нақадар қийин экани ҳақида гувоҳлик беришим мумкин. Бироқ, менимча, савол бошқачароқ қўйилиши керак: нима учун Андижон воқеаларидан кейин Европадан бошпана топган ўзбек қочоқлари Ўзбекистонга қайтмаяптилар?

Фарғона.Ру: - Агар Сиз Ўзбекистон консуллигига мурожаат қилган бўлсангиз, бу маҳкамадан бирор жавоб олдингизми?

Руслан Шарипов: - Мен Нью-Йоркдаги Ўзбекистон консуллиги билан Ўзбекистонга қайтишим борасида гаплашдим. Мендан ёзма равишда мурожаат қилишни сўрадилар ва аризамни кўриб чиқишларини айтдилар. Жавоб ижобий бўлган тақдирда, консуллик берган маълумотга кўра, иккинчи босқич Ўзбекистонга қайтиш учун менга сертификат бериш ҳақидаги масаланинг ҳал қилиниши бўлади.

Фарғона.Ру: - Ватанда яна Сизга нисбатан таъқиблар бошланиб қолишидан чўчимайсизми? Қайтганингиздан кейин Ўзбекистонда нима иш билан шуғулланмоқчисиз?

Руслан Шарипов: - Ўзбекистонда тақдирим қандай кечишини билмайман, аммо, афсуски, Америкага келганимдан сўнг ўтган икки йил ичида менда АҚШ ҳукумати ўзбекистонлик қочоқлар тақдирига бефарқ қарар экан, деган тасаввур пайдо бўлди. Нима бўлганда ҳам, Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг, мен журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолиятимни давом эттиришга умид қиламан. Албатта, мен Тошкентни ва ўз дўстларимни жуда соғинганман.