13:01 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги “Ахси фожеаси”нинг беш йиллиги: қишлоқ аҳли яна кутадиган бўлди (фото)

20.03.2007 03:33 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
17 март куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Қаражиғач қишлоғида Ахси воқеасининг беш йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган хотира маросими аввалгиларидан фарқ қилди. Биринчидан, у биринчи марта давлат раҳбари иштирокида ўтказилди, аммо унда маҳаллий аҳоли камроқ бўлди. Иккинчидан, маросим, расмийлар хушлаган таъбир билан айтганда, мухолифатнинг “сиёсий шоуси”га айланиб кетмади.

Эслатиб ўтамиз, беш йил олдин бўлиб ўтган “Ахси воқеалари” чоғида намойишчилар отилган пайтда олти фуқаро ҳалок бўлган, бир неча киши яраланганди. Намойиш қатнашчилари мамлакатнинг собиқ президенти Асқар Ақаевни қўшни Хитойга Қирғизистон ерларини бериб юборганлиги учун кескин танқид қилган депутат Азимбек Бекназаровнинг озод қилинишини талаб қилгандилар. Яқинда мамлакат президенти Қурманбек Бакиев фармони билан вафот этган олти ахсилик “Эрдик” (“Жасорат”) медали билан тақдирланди. Бироқ, янги расмийларнинг ваъдаларига қарамай, бу иш юзасидан тергов якунланмай қолиб кетган.

Қишлоқ аҳли билан учрашувга президентдан ташқари Жўғўрқу Кенешнинг (Қирғизистон парламенти) беш депутати келди, улар орасида Азимбек Бекназаров, унинг маслакдоши Дўўрўнбек Садирбаев ва фожеавий воқеалар юз берган пайтда Жалолобод вилоят губернатори бўлган Султан Урманаев бор эди. На “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати, на яқинда ташкил этилган “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган фронти Ахсига ўз вакилларини юбормадилар. Беш йил аввал қонли фожеа юз бермиш Бўзпиек қишлоғида ўқилган тиловатдан кейин меҳмонлар Қаражиғач қишлоғига келдилар. У ерда, айрим маълумотларга кўра, икки мингга яқин одам йиғилди.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Мамлакат президенти Қурманбек Бакиев ўн дақиқадан ошмаган ўз нутқида ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинларига таъзия изҳор қилди. У бош вазир лавозимидан истеъфо берганидан кейин уни мамлакат парламенти депутати этиб сайлаб ва 2005 йилдаги президентлик пойгаси пайтида давлат раҳбари этиб сайлаб, Қ. Бакиевни тушунганлари ва қўллаб-қувватлаганлари учун ахсиликларга миннатдорчилик билдирди. “Ўшанда мен гарчи айбсиз бўлсам-да, ўз лавозимидан кетган ягона киши эдим, - деди президент 2002 йилдаги воқеаларни назарда тутган ҳолда. – Мен бу фожеани олдини ололмаганимдан қаттиқ таассуфдаман”. Президентга кўра, мамлакат олий лавозимига келган дастлабки кунларданоқ у ушбу воқеалар юзасидан холис суриштирув ўтказилиши кераклигини талаб қилган. У бу ишнинг ҳалигача якунланмаганидан афсусда эканини билдирди.

Қурманбек Бакиевнинг қишлоқ аҳлидан ўз номига ёқимли бўлмаган кўплаб гапларни эшитишига тўғри келди. Қишлоқ оқсоқоллари президентни Ахси воқеаларини текшириш ва айбдорларни жазолаш юзасидан ваъдаларни бажармаганликда айбладилар. Анъанага кўра президентга сенсираб ва исмини айтиб мурожаат қилган оқсоқоллар президентнинг самимийлигига нисбатан шубҳа билдирдилар. Оқсоқол Бўрўнчу Қарамурзаев ҳатто ҳозирги президент қишлоқ аҳли ўз ўғилларининг ўлимида асосий айбдор деб билган собиқ президент Ақаев билан алоқадор экани юзасидан шубҳасини айтди. “Сиз бизга бу иш қачон тугаши бўйича аниқ муддатни айтинг, - дея талаб қўйди Қалмурзаев. – Мабодо яна бир марта бизни алдайдиган бўлсангиз, биз Бишкекка янги пиёда юришини бошлашга тайёрмиз”.

Фото ИА Фергана.Ру
Фарғона.Ру АА фотоси
Мақтуллардан бирининг онаси Қамқажан Уркунбаева ўзининг бу мавзуда гапиргиси ҳам келмай қолганини қайд этди. У президентга бир йил аввал ўша пайтда мамлакат бош прокурори бўлиб турган Азимбек Бекназаров билан бирга шахсан бу аёлга айбдорларни топиш юзасидан берган ваъдасини эслатди. “Мен беш йил кутдим, яна сенга ишониб, бир ой кутишим мумкин, - деди у кўзда ёш билан президентга мурожаат қиларкан. – Менинг ҳам худди сендек ўғлим бор эди, аммо у ўшанда тоғларда қолиб кетди, биз эса ҳалигача айбдорлар жазоланганини кўрганимиз йўқ”. Сўз сўнгида Уркунбаева, агар давлат раҳбари бир-бир ярим ой ичида ўз ваъдаларини бажармаса, уни таёқ билан савалаб, “мамлакатнинг аввалги президенти Асқар Ақаевни қувиб солганидек” Қ. Бакиевни ҳам ҳайдаб солишини айтиб, таҳдид қилди.

“Сўнгги сўз”га чақирилган депутат Азимбек Бекназаров сўзга чиқишни истаган кишилар сонини чекламасликни талаб қилди. Сўнгра у ўз вақтида Бекназаровнинг ўринбосари бўлган, Ахси воқеалари бўйича ишни олиб борган бош прокуратуранинг собиқ ходими Нурлан Жээналиевни минбарга таклиф қилди. У фожеа куни воқеа жойида 61 киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари, прокуратура ва бошқа тузилмалар раҳбарлари бўлганини маълум қилди. Жээналиевга кўра, ўн икки ОМОНчидан фақат тўрттасидагина автомат бўлган. “Улардан иккитаси намойишчиларга қарата ўқ узганлар, қолган иккитаси осмонга отганлар. Отган кишиларнинг фамилиялари ҳам маълум. 2005 йилнинг 19 сентябрида биз ўз лавозимимиздан кетдик ва кейин нима бўлганини биз билмаймиз”, - дея сўзини якунлади у. Унга кўра, агар имкон берилганида, улар ишни 2005 йилнинг сентябрида тугаллаб, бу ҳақда қишлоқ аҳлига шахсан хабар берган бўлардилар.

Сўнгра Бекназаров йиғилганлар юқори лавозимли меҳмонлардан бу тергов тақдири юзасидан аниқ жавоб кутаётганларини қайд этди. Унга кўра, ўз вақтида унга фақат ишни охирига етказишга имкон бермайгина қолмасдан, балки тергов суриштируви бошқаларга ўтгандан кейин ҳам терговга ёрдам бериш таклифи билан қилган мурожаатларини ҳам эътиборсиз қолдирганлар. “Мен уларга ишни очишга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳужжатларни бердим, улар эса олмадилар, - деди Бекназаров. – Агар иш бошқаларга топширилмайдиган бўлса, бу тергов гуруҳи уни охиригача етказмайди”. Парламент аъзоси мамлакат раҳбариятига “Ахси воқеалари”да муҳтамал айбдор бўлган кўплаб амалдорлар яна ҳокимият тепасига чиқиб олганларини ва республика миқёсидаги лавозимларни эгаллаб турганларини айтиб, таъна қилди.

Давлат раҳбарини бу ишни охирига етказишга қизиқиши йўқлиги учун бевосита ва билвосита айблаган Бекназаров бу фожеанинг асосий айбдорлари “Оқ уй”да (Қирғизистонда ҳукумат уйини ана шундай атайдилар) ўтирганларини қайд этди. У президентга бу ишни якунлаш ҳамда тергов якунланадиган аниқ муддатни айтиш ва бу фожеада айбдор бўлганлар учун қандай жазо қўлланилишини айтиш юзасидан ахсиликларга яна бир марта ваъда беришни таклиф қилди. “Мен яна ишга киришишга тайёрман, - деди у президентга мурожаат қилар экан. – Бунинг учун сиёсий ирода бўлса кифоя. Мен сиздан фақат шунигина сўрайман... Агар бу ишни очиш истаги бўлмаса, биздан кейин ҳокимият тепасига келадиганлар очишига имкон бериш учун ҳеч бўлмаганда уни ёпмасдан, тўхтатиб қўйишни сўрайман”.

Қурманбек Бакиев ўзининг якуний сўзида Азимбек Бекназаровга мамлакат бош прокурори бўлиб турган пайтда бу ишни охирига етказа олмаганини айтиб таъна қилди. “Менинг Азимбек Бекназаровга берган биринчи топшириғим айнан Ахси воқеалари бўйича ишни якунлаш бўлганди. Бунинг учун унда ваколатлар етарли эди, ахир бош прокурор ҳатто суд қарорига ҳам қарши чиқиши мумкин-ку. Ҳар бир амалдорнинг ўз мажбуриятлари бор, шунчаки уларни аниқ бажариш керак, холос”, - деди президент ва у прокурорга кимни айблаш кераг-у кимни айбламаслик кераклиги юзасидан кўрсатма беролмаслигини қайд этди. Шу билан бирга, у охирги пайтларда “расмийлар бу ишни тўла очишга турли-туман йўллар билан ҳалақит берганлар”и хусусида билдирилган фикрга қўшилди. “Энди ҳаракат қиламиз, агар бу прокурор ишни уддалай олмаса, балки бошқасини тайинлармиз”, - деди президент Қурманбек Бакиев.

Шундан сўнг президент йиғилганларга янги ҳокимиятнинг иқтисодий ва бошқа ютуқлари ҳақида гапириб берди. Унга кўра, охирги икки йил ичида мамлакат бюжети ўн миллиард сўмга ошган. “Бу йил депутатлар бюжетнинг даромад қисмини яна икки миллиардга оширдилар. Демак, бизда шундай имконият пайдо бўлган”, - деди Қ. Бакиев. Давлат раҳбари 2006 йилда 600 километр магистрал йўллар қурилганини, бу 2005 йилдагига қараганда ўн икки баробар кўп эканини қайд этди. “Бюжетдан ойлик оладиганларнинг маошлари икки баробар оширилиши удумга айланиб бормоқда”, - дея қайд этди у.

Бакиев сайланганидан озгина вақт ўтгач, ўзини унга нисбатан мухолиф эълон қилган депутат Дўўрўнбек Садирбаев президентни қўллаб гапирди. У ахсиликларни сабр қилишга ва кечиримли бўлишга чақирди. “Биз ҳаммамиз президентимизнинг яхши иқтисодчи, сиёсатчи эканини айтамиз, аммо у профессионал ҳуқуқшунос эмас-ку”, - деди у.

Учрашув тугаганидан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб берган Азимбек Бекназаров мамлакат президенти Ахси воқеалари бўйича аниқ муддатни айтишга рози бўлмагани сабабли унга ишонмаслигини билдирди. Бекназаров бу юзасидан ўзининг якуний хулосасини кейинроқ айтишини билдирди.

Маҳаллий кузатувчилар одамлар бу воқеа атрофидаги шов-шувдан чарчаганларини қайд этмоқдалар. Бу нарса маросим иштирокчилари сони билан ҳам билвосита тасдиқланаяпти. Агар авваллари мухолифат бу ерда бир неча минг кишини йиғишга муваффақ бўлган эса, бу сафар маросимга мингта ҳам одам келмаган. “Улгу” НДТ матбуот маркази раҳбари Абдумўмун Қалбаевга кўра, етти юзга яқин одам маҳаллий кишилар бўлганлар, қолганлар эса бошқа жойлардан келганлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маҳаллий расмийлар, НДТ вакиллари ва бошқалар бўлганлар.

Ахси воқеалари билан шуғулланувчи бошқа бир ноҳукумат ташкилоти вакилига кўра, аҳолида барибир норозилик потенциали тўпланиб қолган. У қишлоқ аҳлининг кўпчилиги бу каби учрашувлар ёрдамида бирор нарсага эришиш мумкинлигига ишомай қўйганлари учун бу маросимга келмай қўя қолганларини айтди. “Учрашувда иштирок этганлар эса ўз саволларига аниқ жавоб ололмаганлари учун норози бўлиб кетдилар. Ҳали ҳам халқ орасида обрўси катта бўлган Азимбек Бекназаров таъна-дашномлари қабатида давлат раҳбарининг гаплари ишончсиз кўринди”.

Ҳамсуҳбатимизга кўра, яхши уюштирилган пиар-кампания бўлса, ҳозирги мухолифат бу норозилик потенциалидан ўз сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланиб қолиши мумкин. “Одамлар президентдан эшитмоқчи бўлган нарсаларини, айнан эса беш йилдан бери чўзилиб келаётган ишнинг якунланиши бўйича далил ваъдани эшитолмадилар, - дея билдирди НДТ вакили. – Улар яна кутадиган бўлдилар. Аснода, расмийлар бу кутишларга қанча тез жавоб бера олишларига қараб уларнинг обрўлари белгиланади”.