08:45 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ташқи сиёсатида Шимол ва Жануб. Ҳамкорларни алмаштириш кутилаяптими?

19.03.2007 15:13 msk

Санобар Шерматова

Россия ва Покистон бош вазирларининг март ойи ўртасида бўлиб ўтган Тошкент сафарларидан кейин шарҳловчилар Ўзбекистоннинг россияпарастлик йўналиши алмашинуви ҳақида гапира бошладилар. Ташрифлар бирин-кетин амалга ошди ва Михаил Фрадков бошчилигидаги Россия делегациясига маҳаллий ОАВ камтарона жой ажратгани баробарида Покистон бош вазири Шавкат Азизнинг Ўзбекистон ташрифини маҳаллий матбуот қандай кўтаринкилик билан ёритгани кузатувчилар назаридан четда қолмади. Ўзбекистон Интернет-нашрларидан бири ҳатто “Тошкент сиёсий йўналишини дин қардошлари билан ҳамкорликка йўналтираяпти”, дея хулоса чиқарган.

Агар Ўзбекистон бир қатор мусулмон ўлкалари билан совуқ муносабатда бўлиб келаётгани эътиборга олинса, бу анча кутилмаган хулосадир. Покистонга нисбатан эса экстремизм уруғини экканлик ва Ўзбекистондаги зўравонликни рағбатлантирганлик юзасидан айбловлар ҳам айтилган вақтлар бўлганди. Хусусан, 1997 йилнинг февраль ойида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тўрт юзга яқин ўзбекистонлик ва тожикистонлик фуқаро Покистон ҳудудидаги лагерларда тайёргарликдан ўтганлари ҳақида билдирганди. Толиблар режими томонидан қўллаб-қувватланган Ўзбекистон Исломий ҳаракати Фарғона водийсига киришга уринган пайтда ҳам ана шундай айбловлар янграганди.

Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар Исломобод Толибон ҳаракати раҳбарияти билан алоқаларидан фойдаланган ҳолда 2000 йилда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комиловнинг ҳаракат вакили мулла Мутаваккил билан учрашувидан кейин бошланган ўзбек-афғон консультациялари сериясини ташкил этиб бермаган пайтгача қарийб музлатиб қўйилганди.

Ўзбекистон ташқи сиёсати учун бу ҳақиқий инқилобий қадамга ўта кескин зарурат боис мажбур бўлинганди. Амударёнинг афғон қирғоқларидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) жангариларининг Фарғона водийси ҳудудига яна бостириб киришга тайёр экани ҳақидаги жанговар баёнотлари эшитилиб турарди. Боткендаги аввалги ҳарбий кампания (1999 йил ёзи) Ўзбекистон армияси доимий қисмлари тайёргарлигидаги ўянларни ҳам, тоғ шароитида жанг олиб боришда замонавий воситалар билан қуролланганлик жабҳасидаги тирқишларни ҳам фош этиб қўйганди. 1999 йил кузида Тошкент иссиғида Москва билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолашга эришди. Аммо бу кўп нарсани ўзгартирмади: россиялик ҳарбийлар томонидан Ўзбекистонга техника ва қурол-аслаҳа етказиб бериш пайсалга солинди.

Тинчликпарварлик ташаббуслари (жумладан, афғон кучлари иштирокидаги халқаро анжуманлар чақириқлари) ҳам муваффақият келтирмаганди. Натижада Ислом Каримов дастурий баёнот берганди: “Балки бизга “Толибон” ҳаракати ёқмас, аммо бу ҳисоблашмаса бўлмайдиган кучдир. Бизга Афғонистон билан бўладиган уруш керак эмас”.

Тошкент учун Афғонистондаги ички низолар ҳам Покистон билан алоқалар каби ЎИҲ муаммоси билан битта тугунга боғлиқ бўлиб қолди. Икки мамлакат ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш жангариларни заифлашувини англатарди ва Тошкент 2001 йилда Исломобод билан Террорчиликка қарши умумий кураш тўғрисида битим ҳамда Экстрадиция тўғрисида шартнома тузишга муваффақ бўлганди. Улар ЎИҲ жангарилари бундан буён Покистон расмийлари дастагидан фойдалана олмасликларига ўзига хос кафолат вазифасини ўтарди. Бу икки асосий ҳужжат алоқаларнинг тўла шаклда қайта тикланишига олиб келди.

Кейин давлат раҳбарларининг расмий ташрифлари бошланди. Покистон бош вазирининг яқиндаги ташрифини 15 йил аввал бошланган диалогнинг давоми дея ҳисоблаш мумкин. 1992 йили мамлакат бош вазири Наваз Шариф Афғонистондаги вазият қулайлашганини урғулаб, минтақа давлатлари бўлмиш Эрон, Туркия, Афғонистон ва Марказий Осиё республикаларини иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун бир блокка бирлашишга чақирганди. Исломобод ўз енгил саноати учун пахтага ва энергия заҳираларига муҳтож эди, Марказий Осиё мамлакатларини, жумладан, Ўзбекистонни эса ўз моллари транспортировкаси учун Ҳинд уммонига чиқиш қизиқтирарди.

Яқинда Тошкентга келган Шавкат Азиз ҳам тахминан шу мақсадлар билан ташриф буюрганини баён қилди. Ташриф чоғида у тез суръатлар билан ривожланаётган иқтисодиёт учун Покистон газ ва электр энергияси сотиб олишни исташини билдирди. Ўзбекистон эса ўз маҳсулотини жаҳон бозорига экспорт қилиш учун Гвадар бандаргоҳидан фойдаланиши мумкин.

Кўриб турганингиздек, бу ерда “исломий бирдамлик” белгиси мутлақо йўқ. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, Жанубга “туйнук очаётган” минтақадаги қўшни мамлакатлар сиёсати каби, бутунлай прагматик характерга эгадир. 2006 йилнинг май ойида Исломободда бўлиб ўтган минтақавий конференцияда Тожикистон ва Қирғизистон Афғонистон ҳудуди орқали Покистонга энергия экспорт қилиш истагини тасдиқлагандилар. Бу лойиҳа CASA-1000 номини олганди.

Бу режаларнинг шимолий қўшни билан алоқаларда қай даражада акс этиши эса бошқа масаладир. Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ташқи сиёсати ўз йўналишини ўзгартираяптими?

Аввало Марказий Осиёдан углеводородлар ва энергия заҳираларини экспорт қилиш каби жанубий денгизларга транспорт йўлакларини очиш ҳам фақат қатор муаммолар ҳал қилинганидан кейингина мумкин бўлади, бу муаммоларнинг энг асосийси ҳалигача Афғонистондаги вазият бўлиб қолмоқда. Афтидан, бу мамлакатда тўла тинчлик ўрнатилишига анча бор кўринади. Бундан келиб чиқадики, баландпарвоз лойиҳаларнинг кўпчилиги ҳозирча фақат қоғоздагина қолади.

Айни пайтда Ўзбекистон учун Шимолга йўналиш олиш шунчаки Россия билан алоқаларнигина англатмайди. Бу йўналиш, шунингдек, Россия асосий роль ўйнаган ЕврОсИҲ, ШҲТ ва КХШТ доирасидаги минтақавий интеграцияни ҳам ўз ичига олади. Бу лойиҳалар нисбатида, бир қатор сабабларга кўра, Марказий Осиё учун альтернатива йўқ. Бу, умуман олганда, бошқа ҳамкорлар қидиришдан воз кечиш дегани ҳам эмас.

Шу ўринда минтақа мамлакатлари ташқи сиёсатда кўп йўналишлилик концепциясига ўтаётганларини эслаш жоиз. Ғарбда “демократик ривожланиш намунаси” деб аталган, аммо шу билан бирга Россия билан иттифоқчилик алоқаларини ва постсовет фазоси интегратори номини сақлаб қололган Қозоғистон мисоли бу йўналишнинг барча афзалликларини қўшниларга яққол намоён қилмоқда. Диверсифакация ташқи хавфга нисбатан объектив муносабатга айланди, уларнинг энг асосийси минтақада катта ўйинчиларнинг ўзаро рақобатидир. Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридан Марказий Осиёда биринчиликни талашаётган Россия ва Қўшма Штатларга энди Хитой ва Европа Иттифоқи ҳам қўшилди; ЕИ Россия ҳудудини айланиб ўтган янги қувурлар ётқизиш лойиҳаси билан чиқмоқда. Нефть ва газ транзитининг таклиф қилинаётган кўп йўналишлилиги монополист харидорга қарам бўлишни истамаган Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби ишлаб чиқарувчилар манфаатларига тўла мос тушади. Катта мамлакатларнинг манфаатлар қарама-қаршилиги ичида ўйнаётган минтақа ҳукмрон элитаси маневрлар қилиш учун ўзларига майдон кенгайтираяптилар. Муаммо, биринчи навбатда, минтақа ҳукмрон қатлами учун фойдали ва кучли ўйинчиларни озми-кўпми қаноатлантирадиган мувозанатни барпо эта билишдадир. Минтақа мамлакатлари бу малакани ҳосил қилиш учун ҳали анча-мунча нарса ўрганишларига тўғри келади.

Марказий Осиёга таъсир ўтказиш йўлидаги рақобат вазиятида маҳаллий элита, табиийки, гапга кўнмас бўла боради. Шунинг учун ҳам Михаил Фрадков делегацияси Тошкентда ҳамкорларнинг эътирозларига дуч келганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Уч йил аввал Россиянинг кўп сонли делегацияси таркибида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзолаш учун келган Газпром ва ЛУКОЙЛ стратегик иттифоқчи шарафига айтилган баландпарвоз сўзлар ва дабдабали садолар қабатида қаршиланган эдилар. Аммо эндиликда томонлар кундалик иш билан машғул бўлаётган бир пайтда бунинг нима зарурати бор?..

* * *

Санобар Шерматова, “Новости” РАА экспертлик кенгаши аъзоси – “Фарғона.Ру” АА учун махсус