23:30 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистонда “Inkar.Info” аталмиш ғайриоддий Интернет-лойиҳа иш бошлади

17.03.2007 12:23 msk

Феруза Жоний

Биринчи мартдан бошлаб Қозоғистонда одатий бўлмаган оммавий ахборот воситаси - Inkar.Info - “Интернет тармоғидаги радио” иш бошлади. Янги веб-сайтнинг бошқалардан нимаси билан фарқ қилиши, унинг нима мақсадда яратилгани ва муштарийларга нималар таклиф қилишга тайёр экани ҳақида Inkar.Info лойиҳаси раҳбари ва муассиси, қозоғистонлик таниқли журналист ва публицист Сергей Дувановдан олинган интервьюда ўқинг.

***

Сергей Дуванов
Фарғона.Ру: - Сергей, нима учун янгиликлар ўқилмасдан, тингланадиган сайт яратишга қарор қилинди?

С. Дуванов: - Электрон ОАВ жабҳасида ишлаш имконининг йўқлиги Интернет орқали овоз режимида ишлаш ғоясининг пайдо бўлишини белгилади. Моҳиятан, бу овоз сайтидир, аммо қатор ўлчовларга кўра у радиони эслатади. Бу янги ахборот манбаи, Интернет тақдим этган янги технологиялар ва имкониятлардир. Лойиҳамиз охирги пайтларда Қозоғистонда Интернет тезлиги аудиофайлларни кўчириб олиш имконияти пайдо бўлгани сабабли амалга ошди. Аммо муаммолар барибир бор: қозоғистонликларнинг ҳаммаси ҳам юқори тезликка эга бўлган Интернетга эга бўлиш у ёқда турсин, тармоқ хизматидан фойдаланиш имкониятига-да эга эмаслар. Шу сабабдан аудиториямиз ҳали биз истаганчалик кенг эмас. Мен улар Қозоғистондаги Интернет ҳамжамиятининг ярмидан озроғини ташкил этади, деб ўйлайман.

Фарғона.Ру: - Аудиофайлларнинг афзаллиги нимада, ахир ёзма матнларни ўқиш қулайроқ эмасми?

С. Дуванов: - Мен агар шундай бўлганида, радио умуман бўлмасди, деб ўйлайман. Гап шундаки, радио ўз таъсирига кўра ҳар доим чоп қилинган маҳсулотдан яхшироқ бўлган, телевидение эса овозга тасвир ҳам қўшилиши билан радиодан устунлик қилади. Мен бу каби ахборотнинг самараси матбуотдан кўра бир поғона юқорироқ, деб ҳисоблайман.

Фарғона.Ру: - Аммо радионинг матбуот ва телевидениедан афзаллиги унинг тезкорлигида-ку? Ваҳолонки, Inkar.Infoдаги ахборот ёзувда кетади...

С. Дуванов: - Шундай, аммо, келинг, бу лойиҳанинг одатдаги радио ҳам, Интернет ҳам эмаслигидан бошлайлик. Чунки бизнинг ОАВ ўзида одатий Интернетнинг ҳам, радионинг ҳам хусусиятларини жамлаган. Эҳтимол, бунга радионет ёки шунга ўхшаган қанақадир янги атама ҳам ўйлаб топилар. Ахир одатдаги радиода қандай бўлади: тингловчига журналистлар тайёрлаган ахборотни тиқиштирадилар ва у мустақил равишда ўзига ёққан янгиликни танлаб олиб, бошқасини ўтказиб юборолмайди. Бизда эса ўзингиз тинглашни истаган хабарларни белгилаб олиб, сўнгра радио режимида танланган ахборот билан танишишингиз мумкин бўлади. Яъни дастурни сиз ўзингиз тузиб оласиз. Мен буни афзаллик деб биламан.

Фарғона.Ру: - Таҳририятингизда қанча одам ишлайди?

С. Дуванов: - Ҳозирча тўрт ходимимиз бор. Бош муҳаррир - Сергей Хецуряни. Иш эндигина бошланди, биз биринчи қадамларни қўяяпмиз, ахборот йиғиш иши ҳали яхши йўлга қўйилмаган, сайтнинг ўзида ҳам ҳамма нарса тартиб билан жойлаштирилгани йўқ. Ҳозирча айрим муаммолар бор, лекин умуман олганда ахборот бериб борилаяпти ва одамлар янги лойиҳага кўника бошладилар.

Фарғона.Ру: - Оддий қозоғистонликларнинг қанчаси Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга?

С. Дуванов: - Ўртача ҳисобда, Интернетдан Қозоғистон аҳолисининг 12 фоизи фойдаланади. Интернетдан бир соат фойдаланиш провайдерга қараб бир доллардан икки долларгача туради.

Фарғона.Ру: - Сайтингизни ким молиялаштиради?

С. Дуванов: - Ҳали молиялаштиришнинг ўзи йўқ. Ҳозирча биз “Фуқаролик жамияти” жамғармасининг муайян техник кўмагида қарзга пул топдик. Умид қиламизки, яқин орада грант оламиз ёки сайтимиз ривожланишига қизиққан ва бизга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳомий топамиз.

Фарғона.Ру: - Қандай мавзуларни кўтармоқчисизлар?

С. Дуванов: - Сайтимиз ижтимоий-сиёсий йўналишдаги сайтдир, шунга кўра, бу ерда Қозоғистон иқтисодиёти муаммолари, ижтимоий муаммолари, сиёсат, президентнинг охирги чиқишлари муҳокама қилинади. Таҳлил ҳам бўлади, албатта.

Фарғона.Ру: - Қозоғистондаги веб-журналистиканинг бугунги кундаги аҳволини қандай баҳолайсиз?

С. Дуванов: - Йил ўтган сайин ривожланиш бўлаяпти. Агар беш йил аввал Интернет умуман жиддий қабул қилинмаган бўлса, бугунги кунда у мамлакатдаги турмушга таъсир кўрсатувчи тўлақонли воситага айланди. Бугун Интернетга кираётган беш фоиз [аҳоли] мамлакат элитаси эканини унутмаслик лозим. Булар сиёсатчилар, амалдорлар, мухолифат, таҳлилчилар, олимлар, яъни жамиятимизнинг олий қатламидир. Мамлакатдаги сиёсатга айнан ўшалар таъсир кўрсатаётганлари тушунарли, веб-сайтлар материалларини эса айнан ўшалар ўқийдилар. Шунинг учун ҳам Интернетда ёйинланган материаллар аҳамияти ва таъсирдорлиги бўйича энг оммабоп газетада чоп этилган материалдан қолишмайди.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз, агар воқеаларни “Чегараларсиз ҳаққоний” туриб ёритадиган бўлсангиз, расмийлар Inkar.Info сайтига қай даражада хайрихоҳ бўлар эканлар?

С. Дуванов: - Мен бу сайт расмийлар учун ҳам, мухолифат учун ҳам унча ёқимли бўлмаса керак, деб ўйлайман. Биз ҳар ким ва ҳамма нарса ҳақида ёзмоқчимиз. Биз ишлашни истаймиз ва буни қонунларни бузмай амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Расмийлар бунга қандай муносабатда бўлишлари эса бошқа масала. Аммо бизни ёпиб қўйиш ёки “унимизни ўчириш” учун кўп айёрлик ва уйдирмалар тўқиш лозим бўлади.