05:33 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Ислом динидан «жамият тараққиёти ва юрт равнақи йўлида» фойдаланишга қарор қилинган

17.03.2007 01:39 msk

ўз ахб.

Тўғрироғи, расмий Тошкент ҳукуматга мойил уламоларни президент Ислом Каримов сиёсатини фуқаролар ўртасида ташвиқ қилиш учун оммавий равишда сафарбар қилган. Уламолар вақти-вақти билан вилоятларга сафар қилиб, жой-жойларда маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маҳалла фаоллари, масжидлар имомларига “ғоявий саводхонлик” дарслари ўтмоқдалар. Ташвиқотнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида уламоларнинг чиқишлари маҳаллий телевизион каналларда қайта-қайта намойиш қилинмоқда.

Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент Ислом университети ректори маслаҳатчиси шайх Абдулазиз Мансурнинг яқинда Наманган вилояти ҳокимлигида маҳаллий фаоллар билан бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқидан иқтибосларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қиламиз.

Барқарорлик ва газандалар

Шайх Абдулазиз Мансур
Шайх Абдулазиз Мансур
“...Ҳозирги пайтда анча хотиржамлик сезаяпмиз, лекин бу деган сўз, ўша адашган оқимлар, халқимизни чалғитиб, шундай бир эзгу ишлардан тўхтатиб қолган, ...файзли ишларига халақит берган кишилар, оқимлар, шундай кучлар энди тамоман йўқ бўлди, дея олмаймиз. Бу нарсалар яна куртак отиб, яна бош кўтариши ҳам мумкин. Лекин, мана шу нарсаларни олдини олишимиз керак. Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) ҳадиси шарифлари бор: “Мўмин киши, битта индан, газандани инидан икки марта чақилмайди”. - деганлар. - “Бир марта чаққан бўлса, иккинчи марта ўша инга бармоғини ҳеч ким қўймайди”. - деганлар. Бу ҳадис остида бизлар учун шундай бир ибрат ётибдики, мана шу озгина тарихимизда ҳам, ўн беш, ўн олти йиллик тарихимизда ҳам сиз билан бизлар жуда катта тажрибага эга бўлдик. Бизлар энди, ҳушёр бўлдик. Демак, баъзи бир жиҳатларга бепарво, лоқайд, енгил қарашимиз тўғри келмас экан. Мусулмончилик – деган сўз бу ҳаёт, мана шу ижтимоий ҳаёт, маҳалла билан ўтказадиган ҳаёт, оила билан ўтказадиган ҳаёт бу. Наинки, бу ибодат бошқа, ҳаёт бошқа эмас. Шунинг учун, Ислом дини ҳар доим ҳаёт билан ҳисоблашиб келган”.

Бағрикенглик ва миссионерлар

“...Ислом динимизда, айниқса, Ҳанафий мазҳабининг жуда ҳам бағри кенг. Бошқа дин вакилларига ҳам биз ҳеч қандай тажовуз қилмаймиз. Ислом динимиз, Қуръони Каримда, ҳадисларда шундай буюрилган. Бошқа дин вакиллари шариат тилида “Зиммий” дейилади. Мусулмон халқи ичида яшаётган, бошқа дин вакиллари. Ўшаларга нисбатан бизда иззат–ҳурмат юзасидан алоҳида аҳкомлар қабул қилинган. Мужтаҳидларимиз томонидан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Зиммий”ларга, бошқа дин вакилларини камситмаслик, уларни хафа қилмаслик, ҳақ–ҳуқуқини поймол қилмаслик, уларга озор бермаслик тўғрисида бир ҳадиси қудсийда айтишларича, Аллоҳ Таъоло “кимки “Зиммий”ни таҳқирлаб, унга озор берса, гўё менга озор берибди, агар ким менга озор берса, қиёмат куни унинг жазосини бераман” – дер экан. Демак, “Зиммий” бу Ислом динидан бошқа дин вакиллари, уларга нисбатан бизда ҳеч қандай беҳурматлик, ё ҳақ–ҳуқуқларини камситиш йўқ. Бу ҳам қонун билан белгилаб қўйилган, ҳам бизнинг Ислом шариатимизда уларни ҳақ–ҳуқуқлари бор. Лекин, битта лекини бор, ҳам қонун бўйича, ҳам динимиз кўрсатмалари бўйича ҳар бир дин вакили, қайси динга эътиқод қилмасин, ўз дини аҳкомларини бемалол бажариш ҳуқуқига эга. Лекин бошқа динга эътиқод қилиб, ибодатини қилиб юрган инсонни чалғитиб, “Сани дининг нотўғри, буёққа ўт” деб даъват қилишга ҳаққи йўқ. Бу миссионерлик деб номланган. Қонунда миссионерлик фаолияти таъқиқланган. Лекин шунга қарамасдан, кузатиляпти ҳозир, республикамизнинг баъзи минтақаларида миссионерлик фаолияти давом этаяпти. Бу миссионерлар кимлар? Биласизми? Миссионер – деган сўз бу ё проваслав черкови, ё бир яҳудийлар ташкилотларининг намоёндаси эмас. Бизда оқимлар бор-у, мана тўртта мазҳабдан ташқари яна оқимлар ҳам бор-ку. Унга бу тўрт анъанавий мазҳаблар эгалари қарши. Шунга ўхшаган, ўша насроний, яҳудий дини ташкилотлари ҳам ўша миссионерларга ўзлари ҳам қарши. “Ундай қилмагин” дейди. Лекин улар қандайдир вазифалар билан, қандайдир ғаразлар билан бари бир ишларини давом эттиришяпти. Бу қонун жиҳатдан ҳам таъқиқланган, уларга ўзига яраша чоралар кўрилиб келиняпти”.

Миллий ва диний мафкура

“...Ёшларни диний қобиқдаги ахборот хуружларидан асраш масаласи жуда муҳим. Уларда тўғри эътиқод бўлиши керак. Эътиқод - бу мафкура. Мана миллий мафкура, диний мафкура бизда уйғунлашиб кетган. Миллий мафкурадан диний мафкурани ажирата олмаймиз. Сингиб кетган. Агар эсларингда бўлса, муҳтарам президентимиз мана шу миллий мафкурани тузиш тўғрисидаги маърузаларида доим айтганлар: “Бу давлат мафкураси эмас, яхши тушуниб олинглар”. – деганлар. Бу миллий мафкура, давлат ўз мафкурасини, қандайдир мафкураси бор-у, шуни халққа сингдирмоқчи эмас Шўролар ҳукуматига ўхшаб”.

Гиёҳвандлик

“...Гиёҳвандлик ва ҳасадга қарши иш олиб боришимиз керак. Бу гиёҳвандлик қайси бир халқда ёйилса, ич¬-ичидан емирадиган бир бало, офат бу. Гиёҳвандлик тўғрисида ман бир китоб ёзганман, агар кўрган бўлсанглар, 98-йили чиққан. Шунда кўп манбалардан фойдаланганман. Унинг ижтимоий зарарлари, сиёсий зарарлари, соғлиққа зарарлари, оилага зарарлари, бошқа–бошқа зарарларини шу ерда санаганман, бу тўғрида узоқ тўхталиб ўта олмайман. Мендан яхши биласизлар, гиёҳванддан нима кутиш мумкин? Гиёҳванд бўлган, гиёҳвандликка мубтало бўлган боладан нима кутиш мумкин. Унинг учун уй ёниб кетса ҳам, оиласи йўқ бўлиб кетса ҳам, мамлакат харобага айланса ҳам фарқи йўқ. Бизга шунақа авлод керакми? Шунинг учун гиёҳвандликка қарши, қўлимиздан келганича хоҳ сўз билан, хоҳ амал билан, хоҳ бошқа тарбиялар билан курашишимиз керак”.

Ҳижрат ва ватангадолар

“...Ҳижрат, муҳожир деган сўзларни кўп эшитамиз, а? Ҳижрат қилибди, ўзини Ватанини ташлаб, кетиб қолибди. Мана шу тўғрисида ҳам нотўғри фикрлар юрибди ҳозир дунёда. Юртимиздан ташқарига чиқиб кетганлар бор ҳар хил сабаблар билан. Улар икки қисмга бўлинади. Ўша Шўролар даврида уламоларга, бадавлат кишиларга қарши қаттиқ таъқиблар бўлган пайтда чиқиб кетган муҳожирлар бор. Қўлидан келганлар чиқиб кетган, қолганлар қолиб, бу ерда заҳматини чеккан. Қулоқ бўлган, босмачи деган, буларни биласизлар. Улар узрлик. Жонини сақлашнинг бошқа йўли қолмаган. Чиқиб кетган, мана ҳозир шуларнинг қолган–қутганлари ёки авлодларини чет элга чиққанда кўраяпмиз. Маккада ҳам, Мадинада ҳам, Афғонистонда ҳам, Покистонда ҳам бор. Уларники узрлик.

Лекин мустақилликдан кейин, чет элга бошқа бир сабаблар билан чиқиб кетаётганлар бор. Эмишки, бу ҳижрат. “Ўзбекистондаги диний вазият оғирлигидан, мусулмонларга ўтказилаётган тазйиқлардан ҳижрат қилдим, кўчиб кетдим, муҳожир бўлдим” – деган ўша кетиб қолган кишилар туҳматчи, бўҳтончи. Ёлғон гапни гапиряптилар. Агар мусулмончиликка таъқиб бўлса, мана шунча миллион мусулмонлар масжидларда намоз ўқирмиди? Рўза ойларини кўринг, қандай файзли ўтади кечалар, таровеҳлар билан, қориларимизни қироатлари билан. Ким уларни таъқиқлаяпти? Қайси бир масжидда “таровеҳ ўқилмасин” деб ҳукумат органлари келиб, тазйиқ ўтказдими? Йўқ-ку. Булар ҳаммаси баҳона. Агар улар ҳақиқатни гапирсалар, “Айб ўзимизда экан, тавба қилайлик, қайтайлик, кечирим сўрайлик” деган бўларди. Уларни ичидан ўтганини ўзлари билади. Агар, чўнтакларида пуллари кўп бўлса ҳам, Ватанни бир қарич тупроғига арзимайди. Ичларида роса эзилаётган бўлсалар керак ўшалар. Лекин оғизларида бошқа гапларни айтиб юришибди. Гўё Ўзбекистонда дин тазйиқ остида эмиш. Қани, миллион–миллион мусулмонларимиз, минглаб масжидларимиз, мадрасаларимиз ишлаб турибди–ку!

Ким агар тўғри юрган бўлса, тўғри мусулмончиликни қилиб юрган бўлса, ким таъқиб қилаяпти? Бизни ҳукуматимиз, давлатимиз, давлат раҳбаримиз мусулмонча гапларни гапириб турибдилар-ку? “Эй, иймон, эътиқодли бўл, инсоф-товфиқли бўл, бировни омонатига хиёнат қилма, тўғри бўл” - деяпдилар–ку! “Диний, миллий қадирятлар яна ҳам юксалсин” – деяптилар. Қадрият деган сўз бу улуғ нарса”.

Ҳасад ва хорижий иғвогарлар

“...Ҳа, шундай бир яшнаб, гуллаб турган диёрга, уни халқига, уни раҳбариятига ҳасад бўлмайдими? Бўлади. Кўра олмайдиганлар бўлади. Ҳасадгўйлар бўлади. Шуларни иғвогарона, ташвиқотларига ишониш керакми? Хорижий ахборот воситалари, радиолар, “Озодлик”, “Би-Би-Си” дейсизми, бошқаси кўпайган ҳозир. Тирноқни тагидан кир қидиришади. Мен ҳам эшитаман. Шунча ишим кўп бўлса ҳам, қани, иғвогарлар нима деяпти экан, шуларга жавоб тайёрлаб қўяй деб, эшитаман, мен ҳам. Ўша “Би-Би-Си”ни ҳам, “Озодлик”ни ҳам эшитишга вақт топаман. Кечқурун ҳам беради, эрталаб қайталаб беради. Икки марта қайталаб берадики, ҳамма эшитсин деб. Қаранг. Мен ҳаммасини таҳлил қилиб бораман. Жавоб тайёрлаб қўяман. Хоҳлаган пайтда ўшалар иғво гапига мендан жавоб сўрасин, жавобим тайёр. Шуларни қаранг-да энди, ношукурлар! Бу иғвогарлик, бу туҳмат, бу бўҳтонларга қачон, қандай жавоб берар экан Оллоҳни олдида?

Мана шу гапларга ҳам ишониб кетадиган соддадил халқимизни ичида кишилар бор. Шуларни биз тушунтириб боришимиз керак. Гапни тўғрисини эшитиш керак, тўғрисига эътиқод қилиш керак. У ғаразли гаплар ўзига ҳам зарар, бошқаларга ҳам зарар. Бу гаплар ҳаммаси зарарли. Бир сиёсий ғарази бор уларни. Шу бизнинг халқимизни кўра олмаслик! Бизда жуда катта замин бор иқтисодий томондан ҳам, маданий томондан ҳам, диний томондан ҳам. Мамлакатимизнинг шундай бир ресурслари, шундай бир заминлари борки, ҳақиқатан ҳам ҳавас қилса арзийди. Лекин, ҳасад қилишади.

...Энди биз қараб турмаслигимиз керак шунинг учун. Шуларга раддия беришимиз керак. Мана имом-хатибларимиз, масжидларга минглаб одамлар келади. Бунақа тўплаш қийин ҳаммани бир жойга. Ўз оёғи билан жума куни келади. Бир оғиз, бир оғиз шунақа савол жавоблар, шунақа нарсаларни ҳам бериб кетиш керак”.

Болалар ва ибодат

“Ёшлар... улар ҳали ёш, мурғак. Ибодат қилишга, жумага боришга улар ҳали улгуради. Улар мактабдаги дарсини яхши ўқисин. Яна такрор айтаман, шунга мутасадди кишилар, ота–оналар, устозлар катта аҳамият берайлик. Ҳали у болаларга, вояга етмаган болаларга жума фарз эмас. Улар улгуради, ҳали. Биз айтмаймиз “у болалар намоз ўқимасин”. – деб. - “Ё умуман масжидни кўрмасин”. - демаймиз. Ўзини вақти-соати бор. Уларнинг ҳозирги ёши айнан шу мактаб, ўқиш – ўқиш. Устоздаги бор нарсани олиш. Битта дарсдан ҳам кеч қолиши керак эмас. Агар узр билан касал бўлиб ё бошқа сабабдан қолган бўлса, ота – она шундай безовта бўлиши керакки, “қандай қилиб етказиб олар экан шуни болам, бир кун қолиб кетди дарсдан, неча соат бўлади, нечта фанлардан қолиб кетди?” деб. Нима учун қайғурмас экан у ота–она? Боласини чоҳга ташлаяпти ўша ота–оналар.

“Дарсингни қолдириб бўлса ҳам, масжидга бор” – деса, айтиб қўяй, гуноҳкор бўлаяптилар ўшалар. “Сен умуман намоз ўқима”. – деяётгани йўқ ҳеч ким. “Ҳозир дарсингни ташла–де, жумага, масжидга боравер”. – деяпти. Нотўғри ташвиқот бу. Мен шу дин арбоби бўлиб туриб айтаман, гуноҳкор бўлаяпти шундай ота–оналар. Агар боласини уйдан чиқараётганда “сен мактабни, дарсни ташлаб кетмагин. Жумага ўртоқларинг чақирса ҳам яна кетиб қолмагин”. - демаган бўлса, ўша ота–оналар гуноҳкор ҳаммаси. Айтиб қўяй, мен бу сўзим учун жавоб бераман Оллоҳнинг олдида”.

Чаласавод суфийлар

“...Биз уламолар, ҳеч қачон тасаввуфга қарши эмасмиз. Тасаввуфнинг ўн тўртдан ортиқ тариқатлари бор. Мазҳаблари деган. Тасаввуфда тариқат дейилади мазҳабни, шариатда уни мазҳаб деймиз. Тасаввуфга олиб борадиган ўн тўртдан ортиқ тариқатлар, йўллар бор. Шу тариқатларнинг энг охиргиси, такомиллашгани бизни диёримизда шаклланган “Нақшбандия” тариқати. Бухоролик Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратлари шу тариқатга асос солган. Бизни ота – боболаримиз бундан олдинги тариқатларни ҳам қўллаб, мурид бўлиб келишган. Тарихимизда Абдулқодир Жилоний, Ғавсул Аъзам тариқатида юрганлар бўлган. Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг “Яссавия” тариқатларида бўлганлар бўлган. Абдулқодир Ғиждувонийни “Ҳожавон” тариқатида бўлганлар бўлган. “Увайсий” тариқатида бўлганлар бўлган. Ҳаммаси бор буларни. Лекин, охирги тариқат, бизнинг диёримизда кенг ёйилган тариқат бу - “Нақшбандия” тариқати. Бу билан фахрлансак арзийди.

Энди қаранг, ҳозирги давримизда шунақа тариқатлардан дарс берадиган улуғ зотлар, машойихлар, пир, муршидлар борми? Биринчи савол бу. Иккинчиси, ҳозир шу қаерда бир пир чиқибди, қўл олаяптийкан деса, тўп–тўп бўлиб бориб, қўл бериб, халқдан ажралиб юришлар бўляпти. Шулар тўғрими? Мана шу иккита саволга жавоб берамиз ҳозир.

Биринчидан, афсуски, ўша Қўқондаги Иброҳим Эшоннинг ўзлари билан ҳам гаплашдик. Ўзлари иқрор бўлиб, “мен бу соҳанинг мутахассиси эмасман” дейди. Ўзларининг оғизларидан эшитдим. “Мен бу тариқатни яхши билмайман. Чала қолган, бир чаласавод одамман. Бизнинг пир-устозларимиз ўтиб кетди. Биз чала қолдик, ўқий олмай. Лекин, одамлар ўзлари мажбур қилиб, келиб, қўл бериб, бизни ўқитинг, билганингизни бизга ўқитинг” дегани учун шу ишни давом эттириб турибман”. - деб узр айтдилар.

Агар шу тасаввуф илмидан, “Нақшбандия” тариқатидан дарс беришга, сабоқ беришга арзигулик олим, уламоларимиз бўлса эди, биз ҳам, бизга ўхшаган юзлаб, минглаб уламолар ҳам қатнаган бўлур эдик. Қўл берар эдик, мурид бўлар эдик жон-дилимиз билан. Йўқ, бундай инсонлар йўқ ҳали. Йўқ қилишди буни ўтган асрда, улар ўтиб кетди. Янгидан энди пайдо бўлаяпти, энди куртак ёзаяпмиз, энди тасаввуфни дарсини ўқияпмиз. Мадрасаларимизда, Ислом университетларида энди тасаввуф дарслари кираяпти. Биз уни тиклаймиз, ИншаОллоҳ келажакда ўзини қоидаси билан, ўзини йўл–йўриғи билан. Ўшанга яроқли, салоҳиятли кишилар билан қайта тиклаймиз.

Лекин ҳозир қаранг, ҳозир нима бўлаяпти? Мен кўраяпман, эшитаяпман, халқдан ажралиб оляпти ўшалар. Ҳамма буларни кийимидан билади. Ўшанга, ўша қўл бериб юрганини соқолидан билади, кийимидан билади. Уларни гап-сўзидан билиб қолаяпти. Халқдан ажралиб қолаяпти, яна битта оқим пайдо бўлаяпти. Муридлар оқими. Бизга керак эмас бунақа оқимлар. Уларнинг кийимини қаранг, соқолни қаранг. Ҳозир бу томонларни билмайман–у, Самарқанд томонлардаги муридлари, икки қарич, уч қаричдан соқол қўйиб олишяпти. Қаёқдан олишди буни, қайси суннатда бор экан? Ҳозирги йигирма биринчи асрда шунақа кийимларни кийиб юришибди ва бу ҳаммамиз учун уят эмасми? Халқимиз учун, шу тариқат, шариат пешволари учун ҳам шулар нотўғри иш қилаяпти. Кўрган одам, хориждан келган одамлар нима деб ўйлайди? Мана энди алоқалар кўпаяди. Чет элдан кўради бизни келиб”.