14:46 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги ўзбек жамоатчилиги мактаб таълими муаммоларини мустақил равишда ҳал қилишга уринмоқда

16.03.2007 20:03 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Қирғизистон ҳукумати ўқувчилардан мактаб таъмири ва дарсликлар ижараси учун пул йиғиш амалиётини бекор қилганига бир йил ҳам бўлгани йўқ. Бироқ Жалолобод вилоятидаги таълим ўзбек тилида юритиладиган ўқув муассасаларида яна ота-оналардан пул йиғиш бошланди. Бу сафар бу нооммабоп чора ташаббускорлари расмий тузилмалар эмас, ота-оналарнинг ўзлари бўлдилар.

Парадоксал вазият юзага келди. Мамлакат ҳукумати мактаб таъмири учун чиқимдор бўлишни истамаган ота-оналар истагини инобатга олди, бошланғич синф ўқувчилари учун (чой ва ширмой нондан иборат) емак ташкил қилди. Ўқувчиларнинг ота-оналари эса, аснода пул йиғишни бошлашга қарор қилдилар. Нима учун дейсизми? Ота-оналардан пул йиғиш ташаббускорларига кўра, ҳукумат ҳозирча мактаб муаммоларини ота-оналарсиз ҳал қилишга қодир эмас. Айниқса, ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда.

Мухиддин Жалалов. Фото ИА «Фергана.Ру»
Муҳиддин Жалолов. “Фарғона.Ру” АА фотоси
Мактаб жамғармаларини қайта ташкил этиш ташаббуси билан чиққан Жалолобод шаҳар “Янги аср” Ўзбеклар жамияти раиси Муҳиддин Жалоловга кўра, йиғилган пулларни мактаб раҳбарлари маслаҳатлари бўйича ота-оналарнинг ўзлари тасарруф қиладилар. “Аввалги амалиётдан фарқли ўлароқ мактаб маъмуриятлари ва таълим бўлимларининг бу маблағларга мутлақо алоқалари бўлмайди, - дея қайд этади М. Жалолов. – Айнан бу пул йиғиш ва улардан фойдаланишда шаффофликнинг йўқлиги авваллари ота-оналар норозиликларига сабаб бўларди. Энди эса ота-оналар бизнинг ташаббусимизни тушунган ҳолда қабул қилдилар ва қўллаб-қувватладилар”.

Ўзбек жамоатчилиги раҳбарларининг қайд этишларича, ўзбек мактабларидаги 1-рақамли муаммо дарсликларнинг ўта танқислигидир. Совет Иттифоқи даврида дарсликларни қўшни Ўзбекистон етказиб берарди, Қирғизистон эса Ўзбекистондаги қирғиз мактабларини дарслик билан таъминларди. Аммо бу тизим аллақачон унут бўлиб кетди. Ҳозир қўшни давлат дарсликлари лотин алифбосида чиқаяпти ва шунинг учун ҳам улар таълим кирилл алифбоси асосида олиб борилаётган Қирғизистон мактаблари учун яроқсиз бўлиб қолди. Қирғизистон эса ҳозирча янги дарсликлар чиқариш имкониятига эга эмас. Лекин шу ўринда айтиш керакки, Таълим вазирлиги ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун битта дарслик нашр этишга биринчи марта пул ажратди.

Қайд этиш жоизки, ушбу мактаблардаги дарсликлар муаммосини шу кунларда Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Қамчибек Ташиев ҳам кўтариб чиққанди. Парламент минбаридан туриб нутқ ирод этган депутат Қирғизистон мактабларида Ўзбекистондан чиқаётган дарсликлардан фойдаланиш юзасидан “қаттиқ хавотир” изҳор қилганди. Депутатнинг хавотирланишига “Қирғизистон фуқаролари мактабдан бошлаб бошқа давлат мафкурасини ўзларига сингдириб бораётгани” сабаб бўлган. Бироқ, педагогларга кўра, бунда хавотир олишга арзигулик ҳеч нарса йўқ.

“Ташиев баёнотини асосга эга, деб бўлмайди, - дейди Жалолобод мактабларидан бирининг директори Норали Искандаров, - ҳақиқатан ҳам бу китобларнинг аксариятида қўшни давлат мадҳияси ва байроғи, президент портрети акс этган. Бироқ ўқитувчилар дарсларда ўқувчиларга гап нимадалигини уқтиришиб, ноширларнинг “хато”ларини тузатиб кетадилар. Ўқувчиларнинг ўзлари ҳам ҳамма нарсани жуда яхши тушунадилар. Аммо бошқа дарслик бўлмаса, биз нима қилайлик?” Шунингдек, у Ўзбекистондан чиққан дарсликлар бир неча йил аввал, у ерда кирилл алифбосида чиққан дарсликлардан бутунлай воз кечганларидан кейин Қирғизистонга келганини қайд этди.

Аснода маҳаллий расмийлар маҳаллий мактаблардаги вазиятдан хабардор эмасликларини қайд этишга тўғри келади. Ўтган йили ўзбек жамоатчилиги митингида сўзга чиққан Жалолобод вилоят губернатори Искендербек Айдаралиев ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар дарслик билан рус ва қирғиз мактабларидан кўра яхшироқ таъминланганини айтган эди. Агар гап дарсликларнинг сифати ва мазмуни ҳақида эмас, балки уларнинг сони ҳақида бораётган бўлса, педагоглар буни тасдиқлайдилар. “Дарсликларимизда Ўзбекистон мафкурасидан ташқари совет мафкураси ҳам бор, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган ўқитувчилардан бири, - шунинг учун ҳам биз ҳалигача совет даврида чиққан китоблардан анча-мунча фойдаланиб турамиз”.

Инсоф билан айтганда, мустақиллик йилларида ўзбек мактабларида Қирғизистонда нашр этилган дарсликлар ҳам пайдо бўлган.

Бир неча йил аввал собиқ президент Асқар Ақаев қўлловида Ўш шаҳрида жойлашган Қирғиз-Ўзбек университети қошида таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблар учун Дарсликлар яратиш маркази ташкил этилганди. Ўтган йиллар мобайнида Марказ саъй-ҳаракатлари билан Қирғизистон стандартларига мос келувчи ўнлаб дарсликлар тайёрланиб, чиқарилганди. Бошланғич синфлар учун қарийб барча дарсликлар нашр этиб бўлинган. Бироқ, ўқитувчиларнинг бу нашрлар сифатига нисбатан билдирган мулоҳазаларига қараб хулоса қилинса, бунда янги босмахонанинг уникал имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаган. Маҳаллий мутахассислар кучи билан яратилган дарсликлар фақат илмий-методик талабларга жавоб бермайгина қолмасдан, грамматик хатоларга ҳам тўла. Бундан ташқари, маблағ етишмаслиги туфайли китоблар жуда оз ададда чоп этилган ва мамлакатдаги бир юз қирқдан ортиқ ўзбек мактабларининг талабларини қондира олмаган.

Бу ҳолат ўзбек жамоатчилиги раҳбарларининг ўтган йил кузида бўлиб ўтган учрашувида танқид остига олинганди. Мазкур Дарсликлар яратиш марказига ўша пайтда Қирғиз-Ўзбек университети ректори бўлиб турган республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Муҳаммаджон Мамасаидов бошчилик қиларди. Ўзбек жамоатчилиги раҳбарларининг ўтган йилги учрашувида у йўл қўйилган хатоларни тан олганди ва дарсликлар яратиш бўйича янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга чақирганди. Учрашув иштирокчилари қўшни Ўзбекистондан методист олимларни жалб қилган ҳолда бу марказ ишини қайтадан жонлантириш ҳақида қарор қабул қилгандилар. Ўзбек миллатига мансуб кўпчилик тадбиркорлар бу ташаббусни қўллашга тайёр эканларини билдиргандилар.

“Раҳбарларимиз дарсликлар муаммосини ҳал қилишга озми-кўпми ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, ўқитувчилар учун ўқув-методик қўлланмалар чиқариш муаммосига ҳали уларнинг қўли теккани йўқ”, - дейди Н. Искандаров. Фақат ўзбек мактаблари учун биринчи китобларни чоп қилдирган парламент депутати Алишер Собиров саъй-ҳаракатлари билан методик журнал ҳам ташкил этилганди. Аммо маблағ йўқлиги бу лойиҳани давом эттиришга имкон бермаган. Ўзбек тилида чиқадиган “Жалолобод тонги” газетаси бош муҳаррири Ботиржон Ғозибоевга кўра, газета таҳририятига ўз тажрибаси ҳақида мақолалар эълон қилишни истовчи шунчалик кўп ўқитувчилар мурожаат қиладики, буни кўриб “педагогик журнал ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўларди”, деган фикрга келасиз. “Ахир мен хоҳловчиларнинг барчасига газетадан жой ажратиб беролмайман-ку”, - дея нолийди бош муҳаррир. Эндиликда методик нашр лойиҳасини қайта тиклаш учун Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази бел боғлаган.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг ўтмиши ва ҳозирги кунини таққослаш натижалари жуда ачинарли. Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий маркази иш бошқарувчиси Шокиржон Ҳамробоевга кўра, Жалолобод шаҳар 2-ўрта мактабининг юзта битирувчисидан саксонтаси олий маълумот олганлар. Бир маҳаллар мактаб жамиятга учта академик, бир неча фан доктори ва фан номзодини етиштириб берганди. Бугунги кунда мактабдаги ўқувчилар сони икки баробар кўп, аммо 10-11-синфларда ўқишни давом эттиришни истаганлар топилмаяпти. Жорий ўқув йилида мактаб умуман 10-синфсиз қолган. “Одамларнинг ўқишга қизиқиши йўқолди. Болалар ҳам, ота-оналар ҳам эндиликда кўпроқ тирикчилик ҳақида ўйлаяптилар, - дейди Ш. Ҳамробоев. – Кўпчилик агар уларнинг болалари олий маълумот олган тақдирда ҳам, давлат барибир уларни иш билан таъминлай олмаслигидан нолийди. Ишга олишда миллий мансубиятга кўра камситилишдан шикоят қилаётганлар ҳам оз эмас”. Бу қарашларни нотўғри деб билган ўзбек жамоатчилиги раҳбарлари биринчи навбатда ота-оналарнинг бундай фикрини ўзгартиришга бел боғлаганлар.

Ўзбеклар жамияти лидери Муҳиддин Жалоловга кўра, улар икки ҳафта мобайнида ота-оналар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борганлар, бу “ўз самарасини берган”. “Аввалига одамлар бизларни эшитишни ҳам истамадилар, лекин энди кўп одамларнинг ўзлари мактаб жамғармасига пул олиб келиб бераяптилар, - дея қайд этади у. – Кейин ота-оналарнинг ўзлари бу йил 85 йиллиги нишонланадиган шаҳардаги энг биринчи, марказий мактабда марафон ўтказишга қарор қилдилар”. Мамлакат ташқарисида ишлаётган кўплаб тадбиркорлар ҳам бу ташаббусга “лаббай” дея жавоб берганлар.

Ота-оналар йиғилган пулларни нимага сарфлаш режасини ҳам тузиб қўйганлар – мактабда ҳалигача спорт зали йўқ. Зал қурилишидан ташқари, энг яхши ўқитувчиларга мукофотлар бериш, иқтидорли ўқувчиларга стипендиялар бериш ва ҳаказоларга қарор қилинган. Етарли маблағ тўпланишига ота-оналар шубҳа қилмаяптилар. Бундан ташқари, М. Жалоловнинг қайд этишича, жамғарма доимий фаолият юритадиган жамғарма бўлади, яъни унга маблағ доимий равишда тушиб туради. “Биз бу маблағлар ишлатилишига аралашмоқчи эмасмиз, аммо ёрдам берамиз, - дейди у. – Шаҳарликлардан ташқари, бу мактаб битирувчиси бўлган, ҳозирда Россияда ва Қирғизистоннинг бошқа ҳудудларида ишлаётган тадбиркорлар ҳам ёрдам беришга ваъда қилаяптилар”.

Қизиғи шундаки, ота-оналар ёки жамоатчилик лидерларидан биронтаси ҳам қўшни Ўзбекистон ёрдамидан умидвор бўлмаяпти. Ўзбеклар жамияти лидерларидан бири, фан номзоди Зикирхўжа Саримсоқовга кўра, “бизга ўзимиздан бошқа ҳеч ким ёрдам бермайди”. “Ўзбекистон бошқа мамлакат, у ўз муаммолари билан банд, бизнинг ватанимиз Қирғизистондир. Аммо, афсуски, ҳозир у бизнинг муаммоларимизни ҳал қилиб бериш учун катта имкониятларга эга эмас”, - дейди у. Айни пайтда, Шаҳар кенгаши депутати Мақсудхўжа Машрабовнинг қайд этишича, маҳаллий расмийлар ота-оналарнинг ташаббусини маъқуллаганлар ва уларга “қўлдан келганча” ёрдам беришга ваъда қилганлар.

Ўзбеклар жамиятини кўп ташвишга солаётган кейинги муаммо динга ўта қизиқиб, масжидларга кетиб қолаётган болаларни мактабга қайтариш муаммосидир. 2-мактаб директори Норали Искандаровга кўра, сўнгги пайтларда кўплаб ўқувчилар чекланган диний таълим берилувчи масжид ва ҳужраларни афзал билишиб, мактабни ташлаб кетаяптилар. Ўғил болалар Жумъа намозига бориш учун дарсдан қолаётган ҳоллар ҳам кўпайган. Бу муаммо айнан ўқиш ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблар учун долзарброқдир. Иш шунгача бориб етганки, ёш муслималарнинг мактабларда рўмол ўраб юришига қарши чиққан шаҳар халқ таълими бошқармасининг эндиликда собиқ нозираси Г. Жўрўбаева бу мактабларни мамлакатда ҳалифалик қуришга мойилликда айблаган. Дин ва мактаб ўртасидаги муносабатлар анчадан буён вилоят маъмурияти миқёсида муҳокама қилинадиган муаммога айланган, аммо ҳозирча бу йўналишда ҳеч қандай конкрет силжишлар бўлгани йўқ.

Шу кунларда Жалолобод Ўзбеклар жамияти шаҳар масжидларининг имомларига расмий хат билан мурожаат қилганлар. Унда ёшларни дунёвий таълим олишга даъват қилиш илтимоси акс этган. “Биз сизлардан қавмингизга дунёвий таълимсиз диний таълим мукаммал бўла олмаслигини уқдиришни, ота-оналарга умумтаълим мактаблари турмушида иштирок этиш ҳамда мактабларга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатиш зарурлигини тушунтиришни илтимос қиламиз”, - дейилади мактубда. Мактуб муаллифлари фақат ота-оналар ҳамда уларнинг фарзандлари онги ва фикрлашини ўзгартириш билангина вазиятни ўзгартириш мумкинлигига аминлар.

Сўз сўнгида мактабни қўллаб-қувватлаш бўйича марафон келаётган якшанба, 18 мартга белгиланганини маълум қиламиз. Унга парламент депутатлари, вилоят ва шаҳар раҳбарлари, тадбиркорлар ва ота-оналар таклиф қилинганлар.