16:17 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия оммавий ахборот воситалари Покистон бош вазирининг Тошкентга расмий ташрифини “сезмай қолдилар”

15.03.2007 12:40 msk

Қ. Нордонов

Ислам Каримов и Шавкат Азиз. Фото с сайта «УзА»
Ислом Каримов ва Шавкат Азиз. “ЎзА” сайтидан олинган сурат
Россия оммавий ахборот воситалари Покистон Ислом республикаси ҳукумати раҳбарининг Тошкентга бўлган дастлабки расмий сафарига қарийб мутлақо эътибор қаратмадилар. Фақат битта агентликкина ташриф ҳақида наридан-бери хабар берган бўлди. Наҳотки ўз минтақаларида лидерликка даъвогар бўлган икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Москвадагиларни мутлақо қизиқтирмаётган бўлса?..

Биз бундай бўлмаса керак, деб ўйлаймиз. Бироқ, бизнингча, “Ўзбекистоннинг ўз йўли” ҳамда Андижондаги маълум воқеалардан сўнг юзага келган Путин ва Каримов дўстлигига алёрлар айтаётган россиялик экспертлар ҳамжамияти расмий Тошкентнинг “кўп қиррали” амалий сиёсатига диққат билан разм солсалар яхши бўларди. Зеро, Марказий Осиё пойтахтларидан бирининг Россия билан интеграциялашувга қизиқиши аксига олиб минимумга тушиб қолиши мумкин. Покистон бош вазири ташрифини Тошкентнинг ташқи сиёсий режаларини аниқ белгилаган ташриф эканини ифода этувчи айрим аломатлар бор.

Биринчи аломат будир: Покистон бош вазирининг келиши одатдаги таҳсин оҳангида маҳаллий матбуотда иложи борича кенгроқ ёритилди. Михаил Фрадковнинг Тошкент қилган яқиндаги сафари эса Ўзбекистон ОАВда камтарона акс этганди.

“Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг ўзаро муносабатларни ривожлантириш масалаларига, кўплаб халқаро ва минтақавий муаммоларга қарашлари муштарак. Мамлакатларимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евросиё иқтисодий ҳамжамияти каби тузилмалар доирасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиб келади...”, - деб ёзган эди Ўзбекистоннинг асосий ахборот агентлиги бўлган “ЎзА” Россия бош вазирининг президент Ислом Каримов билан учрашувидан кейин.

“Ўзбекистон ва Покистон халқлари неча асрлардан бери ўзаро алоқада бўлиб келган, - деб ёзади “ЎзА” Покистон бош вазирининг кечаги ташрифидан кейин. – Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бу муносабатлар янгича мазмун касб этди. Тошкент билан Исломобод ўртасида мустаҳкам ва узоқ муддатли алоқа ўрнатилиши Ўзбекистон учун Форс кўрфази мамлакатлари билан, Покистон учун эса Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенг ривожлантириш имкониятларини очади”.

Ўзбекистон матбуоти саҳифалари “Ўзбекистон ва Покистон халқларининг тарихий ва маданий яқинлиги” ҳақидаги сўзларга тўлиб-тошган. Бошқа томондан эса, руслар ва ўзбеклар бир мамлакат чегаралари ичида бирга яшаганларига бир ярим аср бўлганига қарамай, Россия ҳақида мустақил Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бунақа сўзларни ҳеч қачон айтган эмаслар.

Иккинчи аломат. Ўзбекистон расмий матбуоти тарқатган маълумотларга кўра, “ўзаро савдо-сотиқ ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Тошкентда Покистон Миллий банки филиалини очиш ҳақида масала кўриб чиқилмоқда”.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда ҳалигача бирорта Россия банкининг филиали йўқ ва Тошкентда бунақа филиалларни “очиш ҳақидаги масалалар” кўриб чиқилаётгани ҳам йўқ.

Айтиш мумкинки, Ўзбекистон ОАВ томонидан кенг кўламда реклама қилинган имтиёзларга қарамай, Россия бизнеси Ўзбекистонда ўзини анча ноқулай сезмоқда. Россиялик тадбиркорларга нисбатан қўлланилаётган “икки хил стандартлар” ҳақида Россия иқтисодий тараққиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Андрей Шаронов билдирганди.

Афтидан, Ўзбекистон томон ҳам, Россия томон ҳам ёмон ўйин чоғида яхши мина ясашга уринаяптилар: ташқаридан қараганда икки давлат ўртасидаги “юксалиб бораётган ва мустаҳкамланаётган” муносабатлар амалда ёлғондакам ниқоб бўлиб, унинг ортида ташқи дунё билан ҳақиқий ҳамкорликка объектив равишда муҳтож бўлган Ўзбекистонни осиёлик уддабурон ҳамкорлар забт этаяптилар.