12:23 msk, 14 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳвол тўғрисида маърузаси Тошкентни нимаси билан ғазаблантирди

15.03.2007 08:07 msk

Ўз ахб.

“Ўзбекистон 27,2 миллион аҳолига эга бўлган авторитар давлат бўлиб ҳисобланади. Ҳокимиятни ижроия, қонун чиқариш ва суд бутоқларига ажратган Конституция президентлик бошқарув шаклини жорий этган, бироқ амалда президент Ислом Каримов ва марказлашган ижроия ҳокимияти сиёсий турмушда устунлик қилган ва ҳокимиятнинг бошқа бутоқлари устидан тўла назоратни амалга оширган. Икки палатали парламент тўлалигича президент томонидан тайинланган мансабдор шахслар ва уни қўллаган партиялар вакилларидан ташкил топган”.

АҚШ Давлат департаменти томонидан тайёрланган 2006 йил учун Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари жабҳасидаги вазият тўғрисида навбатдаги йиллик маъруза ана шу сўзлар билан бошланади. 60 саҳифалик маъруза тақдимоти Тошкентда 14 март куни бўлиб ўтди. Бир ҳафта олдин, 6 март куни АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон дохил жаҳоннинг 196 мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол тўғрисидаги йиллик маърузани эълон қилганди. (Мазкур маърузалар мазмуни билан Давлат департаменти веб-сайтида танишишингиз мумкин).

Ўзбекистон ҳукумати республикага бағишланган маърузанинг эълон этилишини ўта оғриқли қабул қилди. Буни тушунса бўлади: унда Ўзбекистон расмийлари фаолияти, шунингдек, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятга жуда ёқимсиз баҳо берилган. Маърузадан олинган қуйидаги парчаларга изоҳнинг ҳожати бўлса керак (сўзма-сўз таржима):

“Фуқаролар амалда ўз ҳукуматини тинч ва демократик йўллар билан алмаштириш ҳуқуқига эга бўлмаганлар. Хавфсизлик хизматлари маҳбусларнинг айбларини тан олдириш мақсадида тергов пайтида уларни муттасил қийноқларга солганлар, калтаклаганлар ва бошқа қонунбузарликка йўл қўйганлар. Бир неча ҳолатларда расмийлар ҳуқуқ ҳимоячилари ва режимнинг бошқа танқидчиларини зўрлик билан психиатрик даволанишга мажбур қилганлар. Ҳукуматни танқид қилган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар зўравонликка дучор қилинганлар, бемалол ҳибсга олинганлар, сиёсий сабабга кўра қораланганлар ва жисмоний ҳужумларга учраганлар”.

“Ҳукумат оммавий ахборот воситаларини қаттиқ назорат қилган ва режимни танқид қилинишини жиноят ўлароқ баҳолаган”.

“Милиция, қамоқхона ва МХХ маъмурлари зўравонликнинг энг кенг тарқалган тури сифатида калтаклаш билан бирга бўғиш, электр токи юбориш, овқат ва сувдан маҳрум қилиш, сексуал зўравонликдан фойдаланганлар. Қийноқ ва зўравонлик қамоқхоналарда, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, милиция ва хавфсизлик ҳизматининг маҳаллий бўлимларида тарқалган”.

“Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасидаги коррупция муаммолигича қолган. Милиция фуқаролардан пора олиш мақсадида уларни муттасил равишда ва бемалол ҳибсга олаверган. Жазосиз қолиш муаммолигича қолган ва қонунбузарликка йўл қўйган мансабдор шахсларга камдан-кам ҳолларда жазо берилган”.

“Давлат прокурорлари ҳибсга олиш учун санкция берадилар, терговни бошқарадилар, жиноий ишларни тайёрлайдилар ва ҳукмларни тавсия этадилар. Судланувчилар айбсизлик презумпциясидан фойдалана олмайдилар. Чиқарилаётган ҳукмлар кўпинча далилларга эмас, кўп ҳолларда қийноқ ёки бошқача босим ўтказиш йўли билан олинган айбига иқрорлик ва гувоҳлар берган гувоҳлигигагина асосланади. Айблов ҳукми чиқарилмаган баъзи ҳолларда ҳакам барибир судланувчини камдан-кам озод қилиб юборади; одатда иш қўшимча тергов учун қайтариб юборилади”.

“Қонун президентни танқид қилишни чеклайди, президентни очиқдан-очиқ камситиш беш йилгача қамоқ жазоси бериладиган жиноятдир. 8 сентябрь куни Тошкент суди шоир Дадахон Ҳасановнинг 2005 йил май ойида бўлиб ўтган Андижон воқеалари чоғидаги ҳукумат ҳатти-ҳаракатларини танқид қилган қўшиғига асосланган ҳолда, Ҳасановни жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни ёзганлик ва тарқатганликда айблаб судлаган. Суд Ҳасановни уч йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган”.

“Қишлоқ жойларда кузги пахта йиғим-теримига ёрдам бериш учун ёшлар ва ўқувчиларни кенг кўламда мажбурий сафарбар қилиш давом этган. Бу ишга жуда кам ҳақ тўланган. Вақти-вақти билан ҳуқуқ ҳимоячиларидан кўплаб туманларда ҳосилни йиғиб олиш чоғида мактаблар ёпилгани тўғрисида хабарлар келиб турган. ЮНИСЕФ ҳисоб-китобларига кўра, болаларнинг 15 фоизи болалар меҳнатига жалб қилинганлар”.

“Қонунда қонунбузарларга қарши ҳам жиноий, ҳам маъмурий жазолар кўзда тутилган, аммо расмийлар пахта теримига дохил қонунбузарлик учун жазо бермайдилар. Қонун ижроси жамиятда жорий бўлган болалар меҳнатидан пахта терими учун арзон усул сифатида фойдаланиш тартиби туфайли чеклаб қўйилган”.

“Йил охирида энг кам иш ҳақи миқдори ойига тақрибан 10 АҚШ долларини ташкил этган, бу ишчи ва унинг оиласи учун муносиб турмуш даражасини таъминлай олмаган”.