14:30 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Диаспоралар вакиллари ва иш берувчилар янги қонун-қоидалар меҳнат муҳожирларининг турмушни енгиллаштирадими-йўқми – ҳали тушунмадилар

14.03.2007 13:43 msk

Марианна Раҳмон (Санкт-Петербург)

http://Agency.epsilon.ru сайтидан олинган сурат

Жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Россияда янги миграцион қонун-қоидалар кучга кирди. Афтидан, бу қонунчилик ҳужжатлари хорижлик ишчилар оқимини тартибга солишни осонлаштиришга қаратилган бўлиши керак эди. Улар миграцион жараёнларни имкон қадар шаффофлаштириши лозим эди.

Агар расмий маълумотларга ишонадиган бўлсак, Петербургда бор-йўғи тўрт минг муҳожир меҳнат қилади. Қолганлар эса хусусий фирмалар, қурилишлар, хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдилар. Гастарбайтерларни машруълаштириш шаҳарга каттагина даромад олиб келиши ва шу билан бирга, кўпгина муаммоларни ҳал қилиши мумкин эди. Иш берувчилар қонун доирасида ишлашга қизиқишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш зарур экани тушунарли, албатта. Аммо бу ўнгланиш ҳаракати деб ҳисоблашимиз мумкин бўлган ҳолатга мувофиқ келадими? Бу саволларга “Фарғона.Ру”нинг Санкт-Петербургдан бўлган суҳбатдошлари жавоб берадилар.

Гастарбайтер машруълашувни истайди

Озарбайжон Республикасининг Санкт-Петербургдаги бош консули Гудси Ўсмановга кўра, бугунги кунда Санкт-Петербургда ва Ленинград вилоятида тақрибан 220 минг озарбайжонлик фуқаро истиқомат қилади. Улардан 130 минги Россия фуқаролигини олиб бўлган. Қолганларининг 30-35 фоизи шаҳар ва вилоятда ноқонуний равишда истиқомат қилади. “Улар машруълашишни ва ички ишлар идоралари томонидан бўладиган тазйиқлардан қўрқмай ишлашни жуда ҳам хоҳлайдилар, - дейди Гудси Ўсманов. – Биз ҳам янги қонун-қоидалар қабул қилиниши билан вазият ўнгланишига умид қилиб қоламиз”.

Россиянинг Шимолий-Ғарбий Федерал округидаги ўзбек диаспораси президенти Алижон Ҳайдаров ҳар йили февралдан бошлаб муҳожирларнинг янги оқими кела бошлайди, деб ҳисоблайди. Қурилиш ишлари мавсумида гастарбайтерлар сони 750 мингга етади. Алижон Ҳайдаровга кўра, бу оқимни керакли ўзанга йўналтириб юбориш зарур. “Биз турмуш шароитининг ёмонлиги, арзимас ҳақ, ишлаб топилган пулларни ололмаслик каби аввалда рўбарў бўлганимиз муаммоларга яна дуч келишни истамасдик, - дейди диаспора президенти. – Бу одамларга нисбатан ўта адолатсизликдир. Бу муаммоларнинг ҳаммасини биргаликда ҳал қилиш зарурати пишиб етилди”.

“Сомониён” Россия ва Тожикистон халқлари дўстлиги жамиятининг президенти Назар Мирзода ҳам ҳамкасбининг фикрига тўла қўшилади. Шаҳар ва вилоятда 25 мингтача тожикистонлик фуқаролар истиқомат қиладилар: уларнинг ярмидан кўпи қурилишларда ишлайдилар. Уларнинг кўпчилиги машруълаша олмаганлар. Назар Мирзодага кўра, шаҳарда ярим йилдан буён яшаётганларга Петербург ҳамда вилоят муҳожирлик хизмати муҳри билан янги миграцион карталар бериш тўғрироқ бўларди. Уларга тўла амнистия эълон қилиниб, маъмурий қонунбузарлик учун улардан жарима олиш дуруст эди. Кейин эса ҳужжатларни расмийлаштириш мумкин бўларди. Натижада шаҳар бюжетига келиши тушиши мумкин бўлган каттагина маблағ жамғариларди.

Ленинград вилоятининг вице-губернатори Андрей Бурлаков замонавий муҳожирот бутун мамлакат ва хусусан, унинг турли ҳудудлари иқтисодий ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган мураккаб, кўп қиррали ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса эканини қайд этади. Муҳожирот мамлакатдаги ижтимоий таранглик ва сиёсий барқарорликни, жамиятнинг криминаллашуви даражаси, демографик вазиятни аниқлашга имкон беради. “Бизнинг ҳудуд муҳожирлар келиши учун анча жозиб жой бўлиб ҳисобланади, - деди вилоят вице-губернатори. – Бу ҳудуднинг геосиёсий жойлашуви, қўшни давлатлар билан муҳим транспорт алоқаларининг борлиги билан изоҳланади. Агар ноқонуний муҳожирлик ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам бунақа муаммо мавжуд. У вазиятнинг криминаллашувига имкон беради, ҳудудда истиқрорсизликни, жиноятчиликнинг ўсишини келтириб чиқаради ва иқтисодиётнинг яширин секторида акс этмай қолмайди. Вилоят иқтисодиёти яширин иқтисодиёт ҳисобидан ўса олмайди”.

Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича ФМХ таҳлилий бўлими мутахассисларининг экспертлик баҳоларига кўра, бу ҳудудда 30 мингдан 50 минггача киши меҳнат фаолияти билан шуғулланадилар. Ноқонуний муҳожирот муаммосига урғу берар эканмиз, унинг ижобий жиҳатларини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Вилоятда аҳоли табиий равишда камайиб бораяпти, шунинг учун ҳам муҳожирларнинг келиши демографик вазиятни яхшилашга имкон беради. “Вилоят ҳукумати яхши шарт-шароитларни яратиш, жумладан, [муҳожирларни] машруълаштириш, шубҳасиз, жамиятда мавжуд бўлган ижтимоий тарангликни бартараф этишга хизмат қилишини аниқ-тиниқ тушунади”, - дея таъкидлади Андрей Бурлаков.

Яқинда ташкил этилган Ҳудудлараро касаба уюшмаси вакиллари ҳақ-ҳуқуқсиз муҳожирларга ёрдам қилишда илк қадамларни қўймоқдалар. Ҳудудлараро касаба уюшмаси раиси Владимир Красавкин бу ҳақда қуйидагиларни айтди: “Янги ташкил этилган ташкилотнинг вазифаси чет эллик фуқароларнинг мамлакатимиздаги шароитга кўникишларида кўмак кўрсатишдир. Бунинг учун улар тил асосларини, анъаналарни ўрганадилар, тиббий кўрикдан ўтадилар. Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари, муҳожирлик хизмати, иш берувчилар билан бўладиган турли-туман муаммоларни ҳал қилишда ўзига хос кўприк сифатида уларга ёрдам берамиз”.

Яхшироқ бўлишини истагандик, аммо ҳар доимгидек бўлди

Аммо муҳожирлар ҳақидаги қонунга киритилган ўзгартишлар барибир уларнинг турмушларини енгиллаштирмади. Биринчидан, янги қонунлар бўйича яшай бошлаш учун номашруълар мамлакат ташқарисига чиқиб келишлари керак. Бу янги миграцион карта олиш учун зарур. Кўпчилик буни қатор сабабларга кўра қилолмайди, бу эса инсофсиз фирмаларнинг сохта миграцион карталар сотиб олиш бўйича хизмат таклиф қилишларига асос бўлаяпти.

Иккинчидан, квоталар. Квоталар белгиланганига қарамай, МДҲ мамлакатларидан бўлган муҳожирлар оқими барибир камаймайди. Уларнинг РФ ҳудудига киришини ҳеч ким маън қилолмайди, улар эса борган жойларида “ўтроқлашиб қолиш”да давом этаверадилар. Агар фирмалар ва ташкилотлар уларни расман ишга олмасалар, муҳожирлар ҳозирда бўлганидек номашруъ равишда ишлашда давом этаверадилар. Ноқонуний муҳожирот билан репрессив усулларни қўллаган ҳолда курашиб бўлмайди. Кўпчилик мутахассислар, айниқса, малака талаб қилинмайдиган жойларда бозорни меҳнат ресурслари билан тўлдириш лозим, деб ҳисоблайдилар.

Гарчи кўплаб қурилиш фирмалари чет эллик ишчиларни жалб қилишга эҳтиёжлари йўқлигини ва уларда ташқаридан келган муҳожирлар ишламаслигини таъкидлаётган бўлсалар-да, аслида бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Уларнинг бу гапларини қандай изоҳлаш мумкин? Биринчи галда, уларнинг буни тан олмасликларига босимлардан қўрқиш сабаб бўлаяпти. Ахир янги қонун-қоидаларнинг қабул қилиниши моҳиятан иш берувчи аҳволини ўзгартиргани йўқ-да. Чет элликни ишга жалб қилишга рухсатнома олиш учун қурилиш фирмалари 3 минг рубль суғурта пули, Боткин номли касалхонада тиббий кўрикдан ўтишга 3,5 минг рубль тўлашлари керак бўлади. Кадрлар масаласи билан шуғулланувчи мутахассисларнинг айтишларича, суғурта тўловлари фирмага қайтариб берилмаслиги мумкин. Агар у расмийлаштирилмаса, ташкилот “қора” рўйхатга тушиши ва кейинги йилларда квота ололмаслиги мумкин. Бу муаммоларнинг барчаси қурилиш ташкилотларини воситачиларга мурожаат қилишга мажбур қилаяпти. Шундай қилиб, ноқонуний муҳожирот яшашда давом этаяпти, у билан бирга эса яширин иқтисодиёт ҳам яшайверади.