11:29 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тожикистон президентининг эски сафдоши генерал-майор Суҳроб Қосимов истеъфога чиқди

13.03.2007 16:48 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру” АА мухбирларига маълум бўлишича, 2007 йилнинг 23 февраль куни генерал-майор Суҳроб Қосимов Тожикистон ички ишлар вазирлиги махсус топшириқлар бажарувчи тезкор бригадаси командири лавозимидан истеъфо берган. Мамлакат президенти эски сафдошининг бу илтимосини қондириб бўлган. Ҳозирда бригада командири вазифасини Суҳроб Қосимовнинг собиқ ўринбосари полковник Хуршед Маҳмадшоев бажармоқда.

Истеъфога кетиш сабабларини изоҳлай туриб, у охирги ўн беш йиллик ишдан сўнг шунчаки чарчаганини қайд этган. “Ҳозир ўз мамлакатимга янада юқорироқ – халқаро миқёсда Тожикистон футбол федерацияси президенти лавозимида фойда келтирмоқчиман”, дея билдирди у.

Истеъфога чиққан генералга кўра, у бригадага раҳбарлик қилиш иқтидорига эга жуда кўплаб зобитларни тарбиялаган. “Ёшларга йўл бўшатиш вақти келди, мен эса спортчилар тарбияси билан шуғулланаман”, - дея билдирди Қосимов.

Генерал-майор Суҳроб Қосимов фуқаролар уруши давридаги Халқ фронтининг энг машҳур командирларидан биридир.

С. Қосимов 1961 йилнинг 2 сентябрида Хатлон вилоятининг Совет туманида туғилган. 1968 йили унинг оиласи Данғарага кўчганидан кейин ўрта мактабга бориб, 1978 йилда уни тамомлаган. Мактабда ўқиб юрган чоғларида стол тенниси бўйича СССР спорт устаси бўлган. 1980 йили Москва Давлат педагогика институтининг дефектология куллиётига ўқишга кирган. 1985 йилда таҳсилни тамомлаган. Тожикистонда фуқаролар уруши бошлангунига қадар оилавий анъанани давом эттирган ҳолда Душанбе шаҳридаги 3-мактаб-интернатда ўқитувчилик қилган. Профессионал педагог ва каратэ бўйича қора белбоғ соҳиби сифатида у шарқона кураш мактабида ўқитувчилик фаолиятини давом эттирган.

Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғидаги жангларнинг дастлабки кунлариданоқ Ҳисор йўналишидаги диверсион отряднинг командири бўлган. Кейин Тожикистон Республикаси ИИВ Варзоб туман ички ишлар бўлими қошидаги махсус топшириқлар бажарувчи отрядга командирлик қилган. 1992 йилнинг июнь ойида отряд ТР ИИВ 2-тезкор полкига айлантирилган.

1994 йилдан бошлаб Суҳроб Қосимов ИИВ ИҚ 1-махсус топшириқлар бажарувчи тезкор бригадасининг командири бўлган.

1998 йилда Суҳроб Қосимов бригадаси Тожикистон шимолидаги полковник Маҳмуд Худойбердиевнинг аксилҳукумат исёнини бостиришда ҳал қилувчи роль ўйнаган.

2001 йил охирида генерал Қосимовнинг ўзи ҳамда унинг бригадасидаги бир неча юз зобит ва аскарлар “Шимолий Альянс” тарафида туриб толибон ҳаракати отрядларини тор-мор қилишда иштирок этганлар.

2002 йилдан бошлаб Суҳроб Қосимов Тожикистон футбол федерацияси Президенти бўлиб ҳисобланади.

Маҳаллий кузатувчилар С. Қосимов кетишининг ҳақиқий сабаблари “кадр ортида” қолди, дея тахмин қиладилар.



 

Реклама