16:07 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонда ШҲТ саммити ўтказилиши барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида гапира бошладилар

13.03.2007 08:24 msk

Абдумўмин Мамараимов (Жалолобод)

Қирғизистон 2007 йилнинг ёзида Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига ҳозирлик кўраяпти. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлар билан саммит ўтказишнинг аниқ санаси юзасидан келишишга улгурмасидан жамиятда унинг барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида гапира бошладилар.

Бу ҳақда Қирғизистон расмийлари “мамлакатда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг барбод бўлишини оқлашга уринишлари мумкин”гини истисно қилмаган мухолифатчи депутат Темир Сариев биринчилардан бўлиб билдирди. 24.kg ахборот агентлигининг хабар қилишича, депутатга кўра, Бишкекдаги саммитнинг кўчирилиши икки сабабга – хавфсизлик нуқтаи назаридан ва сиёсий сабабларга кўра амалга оширилиши мумкин. Сиёсатчи террорчилик ҳуружлари кўпроқ тоталитар режимга эга бўлган мамлакатлар ёки ҳокимият жуда кучсиз бўлган давлатларда содир бўлади, дея қайд этди. “Ҳатто республика фуқаролари ҳам бу ҳокимиятга ишонмайдиган” Қирғизистонда иккинчи жиҳат мавжуд, дейди ишонч билан Т. Сариев.

“Шунинг учун ҳам, агар махсус хизматларимиз кўрсатмага мувофиқ мамлакатда террорчилик унсурлари фаоллашгани ҳақидаги сўзларни тасдиқлай бошласалар, бунга ҳайрон бўлмайман. Улар экстремистлар томонидан республикада ўз тадбирларини амалга ошириш учун замин ва база борлигини биладилар. Бу хавфсизлик масаласига тегишли”, - дея таъкидлайди депутат. Сиёсий жабҳада эса, деб ҳисоблайди у, “ШҲТ саммитига тайёргарлик кўра олмасликдан чўчиган расмийлар террорчилик хавфидан унинг барбод бўлишига баҳона ўлароқ фойланишлари мумкин”.

Қирғизистон оммавий ахборот воситалари ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таянган ҳолда мамлакатда террорчилик ҳуружлари бўлиши мумкинлигини аввал хабар қилиб бўлгандилар.

Мамлакат расмийлари бу хабарни ҳали тасдиқламадилар, аммо ҳали инкор ҳам этмадилар.

Аввалроқ мамлакат президенти Қурманбек Бакиев ШҲТ мажлисининг Қирғизистон пойтахтида ўтказилишини “масъулиятли ва фахрли вазифа” деб атаганди. Давлат раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари Россия билан биргаликда “минтақада яратувчанликка йўғрилган ҳамкорликни йўлга қўйиш” йўлидан бораётганларини қайд этароқ, саммит бу ташкилотга аъзо давлатлар билан янада тиғизроқ алоқа боғлашда муҳим босқич бўлажагига ишонч билдирганди.

Бироқ мухолифатнинг айрим раҳбарлари саммит ўтказиш халққа оғир юк бўлиб тушади ва бу тадбирни аввалги ҳокимият пайтидагидек катта дабдаба билан ўтказишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайдилар. “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати штабининг мувофиқлаштирувчиси Ўмурбек Абдрахманов қирғиз тилида чиқадиган “Ағим” газетасига берган интервьюсида ШҲТ саммитини Бишкекда ўтказилиши ҳақидаги қарор “давлатимизнинг қудрати ёки президентнинг мислсиз донолиги натижаси эмас, балки бу ташкилот аъзолари учун одатдаги тадбир” эканини билдирган.

Ў. Абдрахманов саммитга тайёргарлик учун ажратилган маблағларни амалдорлар аллақачон суиистеъмол қила бошлаганларини таъкидлайди. “Ҳозирнинг ўзидаёқ 600 миллион сўм [тақрибан 16 миллион АҚШ доллари] ажратилганини ҳақида маълум. Аммо бу “музтоғ”нинг учи, холос, - деб ҳисоблайди мухолифатчи. – Агар керак бўлса, бунга миллиардлаган сўм сарфланади, зеро ҳозирда мамлакат бюжетини ҳеч ким назорат қилаётгани йўқ”.

Саммитни уюштириш қирғизистонлик солиқ тўловчиларга аслида неча пулга тушиши ҳақида ҳозирча расмий маълумотлар йўқ. Ҳозирча фақат Қирғизистон пойтахти эҳтиёжлари учунгина 250 миллион сўм зарурлиги маълум, холос. Мазкур тадбирни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага раҳбарлик қилаётган Қирғизистон президенти маъмуриятининг раҳбари Миқтибек Абдилдаевга кўра, ажратилган пулларни расмийлар беш юз ўринли мажлислар зали ва бир неча меҳмонхоналар қуришга йўналтирмоқчилар. Учоқларни қабул қилиш учун терминални реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, ўттиз километрлик Бишкек-“Манас” аэропорти йўлини тартибга келтириш, Миллий филармония биносини таъмирлаш, саммитда аккредитацияланган журналистлар учун матбуот маркази ташкил қилиш ва ҳаказоларни амалга ошириш керак бўлади.

Бундан ташқари, ҳукумат делегациялари таркибида Қирғизистон пойтахтига келадиган санъат ва маданият арбоблари ҳамда чет эл жамоаларининг чиқиши ва яшаши Қирғизистон хазинасига йигирма миллион сўмга тушади. Бу ҳақда 24.kg агентлигига мамлакат маданият ва ахборот вазирининг ўринбосари Тамара Ўбўзова маълум қилган.

Саммитнинг барбод бўлиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, Ўмурбек Абдрахманов “расмийлар ўзлари буни мухолифатнинг бирлашган фронти ва “Ислоҳотлар учун!” ҳаракати фаолияти билан боғлашни истаяптилар”, деди. “ШҲТ саммитига бизнинг ҳеч қанақа алоқамиз йўқ. Бу ҳаракатлар ўз фаолиятларини давом эттираверадилар. “Саккизлик” саммити чоғида ҳам аксилглобалчилар норозилик билдиргандилар ва ҳеч ким уларга буни маън қилгани йўқ”, - дея билдирди мухолифатчи.

Бу орада, ҳукуматпараст ОАВ ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг бўлажак учрашувига тайёргарликнинг бориши ҳақида хабар қилишда давом этаяптилар. Қирғизистон давлат телевидениеси биринчи каналининг хабар қилишича, бугунги кунда давлат “Алаарча” қароргоҳи ҳудудида олий меҳмонлар учун коттежлар қуриш иши жадал суръатлар билан кетмоқда. Қурилишда юз элликка яқин хитойлик қурувчилар ишлаяптилар, бу ҳам яхши буюртмаларга умидвор бўлган қирғизистонлик қурувчиларни анча довдиратди. Аммо, лойиҳани амалга ошираётган қурувчилардан бирига кўра, “хитойликлар тезроқ ва сифатлироқ қурадилар”.

Умуман олганда, хитойликлар фақат мутахассис етказиб бериш билангина чекланаётганлари йўқ. Қирғизистон ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, Хитой Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитига тайёргарлик доирасида мамлакатга қурилиш материаллари ва мажлислар зали учун жиҳозлар етказиб беради. Улар Хитой ҳукумати томонидан аввал ажратилган эллик миллион юань миқдоридаги грант ҳисобидан етказиб берилади.

Ташқаридан қараганда, саммит арафасида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият расмийларни унча қаттиқ хавотирга солмаётган кўринади. Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларнинг ана шу юзасидан берган саволларига жавоб бера туриб, ташкилий комитетнинг раис ўринбосари, ташқи ишлар вазири Эднан Қарабаев хавотирланиш учун жиддий асос кўрмаётганини айтганди. Вазир саммитнинг тинч ўтишидан мухолифат ҳам, унга кирадиган барча партиялар ҳам манфаатдор, деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, Э. Қарабаевнинг билдиришича, “кутилмаган нохушликлар юзага келиб қолган тақдирда хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча чора-тадбирлар кўрилади”.

ШҲТнинг навбатдаги VII саммитини Бишкекда ўтказиш ҳақидаги қарор Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг аввалги учрашувида қабул қилинганди. Саммитга тайёргарлик доирасида бу ташкилотга кирувчи мамлакатлар Хавфсизлик кенгаши котиблари, ташқи ишлар вазирлари ва мудофаа вазирларининг учрашувлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шунингдек, саммит доирасида катта иқтисодий форум ва қатор бошқа тадбирлар ўтказиш режаланган. Турли маълумотларга кўра, Бишкекка мингтадан олти мингтагача расмий ва норасмий меҳмонлар келишлари мумкин.

Қирғизистон расмийлари саммит мамлакатга уни ўтказиш билан боғлиқ ташвишларнигина келтириб қолмайди, деб ҳисоблайдилар. Унда умумий сиёсий вазифалардан ташқари иқтисодий ва маданий ҳамкорлик масалалари, қўшма лойиҳалар ва улар инвестицияси имкониятлари муҳокама этилади.