11:16 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон махсус хизматлари: Инқироз сиёсийлашувнинг натижасими?

12.03.2007 15:34 msk

Адилет Алпамишев (Бишкек)

Яқин орада Қирғизистонда ҳозирча очиқланмаган яна бир муаммо – Қирғизистон Миллий хавфсизлик комитети сафларида содир бўлаётган инқироз ҳақида гапира бошлашлари мумкин. “Фарғона.Ру” мухбирининг Қирғизистон махсус хизматлари раҳбарларидан ўрта бўғинни тамсил этувчи аноним манба билан қилган суҳбатидан ана шундай хулоса келиб чиқади.

Бу каби суҳбатни ўтказишга мамлакат парламенти депутати Қубатбек Байбўловнинг 6 март куни Бишкекда бўлиб ўтиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва суд тизими ислоҳотига бағишланмиш илмий-амалий анжуманда чиқиш қила туриб берган баёноти туртки бўлди. “Қирғизистон махсус хизматларининг айрим ходимлари Давлат миллий хавфсизлик комитетининг (ДМХК) мамлакатдаги сиёсий курашга аралашганлиги юзасидан гувоҳ сифатида чиқишга тайёрлар”, - дея билдирганди махсус хизматлар полковниги унвонига эга бўлган Қубатбек Байбўлов. Сўнгра депутат ДМХКни сиёсатдан ажратиш зарур, деди қатъий ишонч билан. Байбўловга кўра, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларини ислоҳ қилиш доирасида ўзгача фикрли кишиларни таъқиб қилишга ҳамда фуқароларнинг шахсий ҳаётига ноқонуний аралашишга қаттиқ таъқиқ жорий қилиш зарур.

Депутат Байбўлов баёнотини изоҳлаган аноним манба “Фарғона.Ру” ААга анча йиллик умрларини хизматга бахшида қилган ва ўз ҳатти-ҳаракатлари билан “мундир шаъни”га доғ туширмаган кўпчилик ходимлар “ҳукмрон кимсалар қўлида қурол бўлиш”дан чарчаганларини билдирди. “Амалдаги расмийлар манфаатини ҳимоя қилиш ишимизнинг бир қисмидир, бизнинг шароитда бундан қочиб қутулолмайсиз. Аммо бу фақат юқори лавозимли амалдорларнинг шахсий манфаатлари йўлидагина эмас, шу билан бирга мамлакат манфаатларига зид равишда амалга оширилганда, жим туриб бўлмайди”, - дейди у.

Манбага кўра, мамлакатда ҳокимият алмашганидан кейин махсус хизмат зобитларининг кўпчилигида битта оила аъзоларига хизмат қилиш ниҳоясига етди, деган умид пайдо бўлганди. Аммо тез орада скептикларнинг “одамлар кетаверадилар, курсилар қолаверади” қабилидаги хавотирлари тасдиқланган. “2005 йилнинг март ойидаги воқеалар чоғида бизнинг хизмат аввалги ҳокимият манфаатларига тўлалигича бўйсундирилганди. Ҳатто разведка ва контрразведка каби бўлимлар ҳам асосан жойларда мухолифат лидерларини кузатиш билан шуғулланардилар, - дейди “Фарғона.Ру” ААнинг Бишкекдаги мухбири билан суҳбатлашган манба. – Энди эса буларнинг ҳаммаси такрорланаяпти”.

Ҳамсуҳбатимиз сўзларининг тасдиғи учун аввалги ҳокимият даврида айрим мухолифатчи депутатлар кабинетларидан топилган эшитиш мосламалари атрофидаги жанжални эслаш кифоя. Ўшанда депутатлик комиссияси ўз текширувини ўтказган, текширув чоғида, жумладан, депутатлик корпусида ишлаётган мухолифат лидерлари орқасидан яширин кузатув олиб бораётган махсус хизматлар фаолияти очиқланганди. Ўшанда мамлакат депутатлик комиссияси аъзолари оғизларидан мухолифатчи депутатларнинг кодланган номи бўлиб хизмат қилган мухолифат лидерларининг лақабларини ҳам эшитган эди.

Аммо Миллий хавфсизлик тизимидаги асосий муаммо, “Фарғона.Ру” АА ҳамсуҳбатига кўра, “мутлақо лаёқатсиз кадрларни тайинлаш” бўлиб ҳисобланади. Бунинг учун янги ҳокимият пайтидаги бир ярим йил ичида ўша пайтда Миллий хавфсизлик комитети эмас, Миллий хавфсизлик хизмати дея номланган муассаса раҳбариятининг уч маротаба алмаштирилганини эслаш кифоя. Таштемир Айтбаев ўтган йили баҳорида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар истеъфосини талаб қилган мухолифат босими остида МХХ раҳбари лавозими билан хайрлашганди. МХХнинг иккинчи раиси Бусурманқул Табалдиев Варшава аэропортида мухолифатчи депутат Ўмурбек Текебаев жомадонидан топилган “героинли матрешка” билан боғлиқ жанжалдан кейин истеъфога чиққанди. Депутатлик текшируви материалларига таянган парламент комиссияси ва Ў. Текебаев бу фитнани уюштиришда мамлакат президентининг туғишган укаси, ўша пайтда МХХ раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Жаниш Бакиевни айблагандилар. Гарчи махсус хизматлар раҳбарининг номига ҳеч қанақа эътироз билдирилмаган бўлса-да, у президент Қурманбек Бакиевнинг қолиш ҳақидаги илтимосига қарамасдан, истеъфога кетганди. Кўп экспертлар Табалдиевнинг бу ҳаракатини унинг биринчи ўринбосари айбига билвосита тасдиқ ўлароқ баҳолагандилар.

Ўшанда энди собиқ бош вазир бўлиб қолган Феликс Қулов ҳам ўз ҳисларини жиловлай олмаганди. “Жаниш Бакиев ўз ҳатти-ҳаракатлари билан мамлакатни бутун дунё олдида шармандаю шармисор қилди ва президентни изза қилди”, - дея билдирганди генерал Ф.Қулов. Кейинроқ МХХ раисининг собиқ ўринбосари мамлакат парламентини судга берган ва Қирғизистон адлияси бу иш юзасидан мисли кўрилмаган қарор чиқарганди – у Бакиевни оқлаган ва айбсизлик презумпциясига риоя қилмагани учун мамлакат парламенти зиммасига даъвогардан узр сўраш масъулиятини юклаганди. Бироқ президентнинг укаси Жаниш Бакиев Қулов билан нима учундир судлашиб ўтирмаганди.

“МХХнинг кўп ходимлари Табалдиев истеъфосини қайғу билан қарши олгандилар, - дея хотирлайди ҳамсуҳбатимиз. – Чунки унинг даврида биз ўз ишимизни қила бошлагандик. Бундан ташқари, хизмат раҳбарияти биринчи марта шахсий таркибнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга киришганди. Аммо, маълум бўлишича, бу фалокатнинг ярми экан”. Фалокатнинг иккинчи ярми ўлароқ аноним манбамиз бу хизматнинг янги раҳбарини тайинлаш бўлганини айтади – Табалдиев истеъфосидан кейин унинг ўрнига собиқ ички ишлар вазири, милиционер Мурат Суталинов келган.

“Бизга хит раҳбарлик қиладими?!”, “Бизга битта хит камлик қилганмиди?!”, - собиқ милиция ходими Мурат Суталиновни назарда турган МХХ ходимлари бу тайинловга тахминан ана шундай муносабатда бўлгандилар. “Милиция ва махсус хизмат ходимларининг, юмшоқ қилиб айтганда, “нодўстона” муносабатлари тўғрисида бу ҳақда фильмлар кўрган оддий одамлар ҳам биладилар, - деб илжаяди ҳамсуҳбатимиз. - Аммо президент, афтидан, бунақа фильмларни кўрмаган бўлса керак”.

Ҳамсуҳбатимизга кўра, махсус хизмат ходимлари кичкина маош, турар-жой муаммолари ва хизмат билан боғлиқ бўлган бошқа кўплаб маҳрумиятларга чидашлари мумкин эди. “Биз юксак қадриятлар учун барча маҳрумиятларга чидаб келардик. Аммо юксак идеаллар ўрнига алоҳида шахслар ёки аймоқлар манфаатларини ҳимоя қилишга тўғри келиб қолганида, ҳаммасига тупургинг келади”, - дейди бизнинг манба ҳафсаласи пир бўлганини яширмай. Унга кўра, ҳозирги расмийлар ҳатти-ҳаракатларидан МХХ ходимларининг кўнгли совиши махсус хизмат зобитларининг кўпчилиги ўз бошлиқлари буйруғига кўра эмас, “юрак амри билан” ишлай бошлашларига олиб келиши мумкин. “Аммо бу энди махсус хизмат бўлмайди”, - дея хулосалайди манба.

Депутат Қ. Баёбўлов ҳам юқорида зикр этилган анжуманда тахминан шу ҳақда гапирганди. Унга кўра, махсус хизмат ходимларининг Давлат миллий хавфсизлик комитети фаолиятидаги сиёсий йўналиш ҳақида гувоҳлик берувчи конкретлаштирилган чиқишлари эртами-кечми амалга ошадиган ишдир.



 

Реклама