23:34 msk, 21 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Фарғона водийси: Қашшоқлик ёшлар орасида радикаллашувни кучайтираяпти

12.03.2007 12:54 msk

IRIN

Ҳудуди Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон орасида тақсимланган, аҳолиси зич жойлашган Фарғона водийси анчадан буён диний экстремизмнинг потенциал ўчоғи бўлиб ҳисобланади. Унча бой бўлмаган бу минтақадаги ўн миллион аҳолининг кўпчилигини ишга жойлашиш имкониятига эга бўлмаган ишсиз ёшлар ташкил қиладилар. Бу омил эса радиккаллашув ва жиноятчиликнинг ўсиши учун қулай заминдир.

Яқинда Қирғизистон судларидан бирида маҳкама мажлиси бўлиб ўтиб, унда бир гуруҳ ёшлар 2006 йилнинг май ойида Тожикистон-Қирғизистон чегара масканига қуролли ҳужум уюштирганликда айбдор деб топилдилар. Ўшанда улар ўндан ортиқ қирғизистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар ҳамда фуқароларни ўлдиргандилар. Шунингдек, суд уларни АҚШ Давлат департаментининг террорчилик ташкилотлари рўйхатида бўлган, аввал Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) сифатида танилган Туркистон Исломий Ҳаракати (ТИҲ) аъзоси деб топган.

Суд текшируви чоғида аниқланишича, ТИҲнинг маҳаллий раҳбарлари ўз учрашувларини 20 ёшли Муҳаммеднур Жўрўев уйида ўтказганлар. “Мен алдандим, мен уларнинг режаларидан бехабар эдим”, - деди М. Жўрўев Фарғона водийсининг шарқ томонидан жойлашган Ўш шаҳрида бўлиб ўтган судда. Гарчи Муҳаммеднур ҳужумда шахсан иштирок этмаган бўлса-да, тергов унинг жиноятга ҳозирлик кўришда иштирок этганини кўрсатган.

“У ҳеч қанақа ёмон иш қилгани йўқ. У фақат Худодан қўрққан одамлар билан мулоқот қилган, холос. Энди нима бўлади? – унинг опаси ва онаси судга ана шу сўзлар билан мурожаат қилдилар. – Милиционерлар уни даладан тутиб кетдилар. Муҳаммеднур бўлса бизнинг ягона боқувчимиз. Усиз қандай тирикчилик ўтказамиз?”

Аёллар Ўшдаги судга чекка қишлоқдан келганлар. Муҳаммеднурнинг оиласи ўз ерида дон етиштириш билан шуғулланади, уларнинг ойлик даромади беш доллардан ҳам камроқ. “Биз жуда камбағал яшаймиз, шунинг учун ҳам шаҳарга келиш учун қўшнилардан қарз олишга тўғри келди”, дедилар улар IRIN мухбирига. Аммо уларнинг сафари бирор натижа бермади.

Айбланувчиларнинг олтитасидан учтаси ўлим жазосига ҳукм қилиндилар. Муҳаммеднур ва унинг фамилиядош ўқитувчиси Талантбек Жўрўев террорчиларни қўллаганликда ҳамда миллатлараро ва динлараро низо қўзғаганликда айбландилар. Уларнинг ҳар бири ўн йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

Муҳаммеднурни судда адвокат сифатида ҳимоя қилган “Луч Соломона” маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотида ишловчи Содиқжон Маҳмудов айбланувчиларнинг ҳаммаси муҳтож оилалардан чиққанликларини ҳамда буларнинг ҳаммасига қашшоқлик ва жоҳиллик сабаб бўлганини таъкидлайди.

“Радикал диний ташкилотлардан бўлган миссионерлар, яъни “руҳ овчилари”, наркомафия ва бошқа жиноятчи гуруҳлар ўз сафларига ана шундай одамларни тортадилар”, - дея таъкидлайди Маҳмудов. “Муттасил давом этаётган ишсизлик ва одамни карахт аҳволга солиб қўядиган қашшоқлик радикаллашувга йўл очади”, - дея унинг фикрига қўшилади “Ўш ташаббусларни қўллаш фуқаролик маркази” маҳаллий НДТ раҳбарининг муовини Одилжон Обидов.

Қирғизистон муҳожирот ва аҳолини иш билан таъминлаш бўйича давлат комитетининг 2006 йил июнь ойида ўтказилган тадқиқотига дохил маълумотларга кўра, ушбу собиқ совет республикасида қарийб ярим миллион одам ишсиз ҳисобланади, бу мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 22 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, айрим баҳоларга кўра, ҳар йили уч юз мингдан зиёд одам Россия ёки қўшни Қозоғистонга пул топиш учун кетади.

Яқин-яқинларгача Қирғизистондаги энг кам иш ҳақи миқдори 2,5 АҚш долларини ташкил қиларди. Эндиликда у 8 долларга чиққан. Таққослаш учун – бу мамлакатда бир килограмм гўшт 3 доллар туради.

Радикал диний ташкилотлар

Аснода Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари минтақада радикал диний ташкилотлар ва уларга эргашувчилар сони ошганлигини қайд этганлар. Улар орасида таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” партияси, Туркистон Исломий Ҳаракати ва Акромийлик диний ҳаракати бор. Яқинда хавфсизлик идоралари, айрим маълумотларга кўра, қўшни Тожикистонда ўз ҳаракат майдонини кенгайтирган “Байъат” радикал диний партияси фаоллашгани ҳақида маълум қилдилар.

“Ҳизбут-Таҳрир” партияси чақириқлари битилган варақа тарқатаётган ёш йигит IRIN мухбирига қуйидагиларни айтди: “Коммунизм таназзулга юз тутди, бизнинг ҳозирги демократиямиздан эса ҳеч қанақа фойда йўқ, у одамлар орасида очкўзлик уруғини экаяпти, холос ва улар тобора тубанлашиб бораяптилар. Ҳукумат ва жамият мен ҳақимда, яъни оддий инсон ҳақида қайғурмаяпти. Уларнинг ҳаммалари [ҳукумат амалдорлари] фақат битта нарса билан – кўпроқ маблағ ўмариб, бойиш билан бандлар. Фақат биз, “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолари қуриш учун курашаётганимиз бирлашган ҳалифаликкина умумий фаровонликни таъминлайди”, - деди 22 ёшли жалолободлик Нурулло.

Жамиятдаги таранглик кайфиятини тарқатиш учун ҳукумат ёшлар учун турли дастурлар ишлаб чиққан, аммо экспертлар бу дастурлар ҳам, уларни амалга ошириши керак бўлган кишилар ҳам етарли эмас, деб ҳисоблайдилар.

“Ҳукумат ёшлар муаммосига фақат яқиндан бошлаб алоҳида эътибор қарата бошлади, - деди Ўш вилоят таълим ва ёшлар сиёсати бўлимининг бошлиқ ўринбосари Мохира Абдукаримова. – Бу йил “Қирғизистон ёшлари” ва “Ёшларнинг давлат концепциясини ривожлантириш” миллий дастурлари қабул қилинди. Улар таълимий, иқтисодий ва ташкилий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Шунингдек, улар иш ўринларини яратиш ва ёшларни ижтимоий фаолиятга жалб қилишни ҳам ўз ичига олади”, - дея қўшимча қилди Абдукаримова.

М. Абдукаримова совет давридаги ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш тизими тўлалигича барбод қилинганидан афсусланиб гапиради. “Агар касбий-технологик таълим тармоғини тиклашга эриша олганимизда, юз минглаб ёшларда меҳнат бозорида талаб бўлган билим ва кўникмалар пайдо бўлган бўларди”, - дейди у кўплаб маҳаллий кузатувчилар фикрини ифода қилароқ. Маҳаллий кузатувчилар ҳам ёшлар орасида ишсизлик ва камбағалликни бартараф қилиш минтақадаги радикаллашувга қарши курашда асосий вазифа бўлиб ҳисобланади, деган фикрдалар.

Инглизчадан Эгамберди Қобулов таржимаси (“Фарғона.Ру” АА). Мақоланинг асл нусхасини IRINnews.org сайтидан топа оласиз.