05:32 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

11 апрель куни Қирғизистон бирлашган мухолифати муддатсиз норозилик намойишини бошлайди

10.03.2007 19:23 msk

Ўз ахб.

Митинг оппозиции в ноябре 2006 года. Фото Фергана.Ру
Мухолифатнинг 2006 йил ноябридаги митинги. Фарғона.Ру фотоси

Репортажга оид бошқа фотосуратларни “Фарғона.Ру” АА галереяси сайтида кўра оласиз.
2007 йилнинг 10 март куни “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган мухолифат фронти аъзоларининг кенгаши бўлиб ўтди, унда мамлакат собиқ бош вазири Феликс Қулов, таниқли мухолифатчилар Ўмурбек Текебаев, Мелис Эшимқанов, Ў. Абдрахманов ва бошқалар иштирок этдилар. Бу ҳақда “Фарғона.Ру” АА мухбирига мухолифатнинг бирлашган фронти матбуот котиби Азамат Калман маълум қилди.

Кенгашда муддатсиз норозилик намойиши бошланишини 2007 йилнинг 11 апрелига белгилашга қарор қилинди. Митинг талаби муддатдан аввалги президентлик сайловини ўтказиш ва конституцион ислоҳотдир.

“Бугун бирлашган мухолифат фронти кенгашида муддатсиз норозилик намойишини шу йилнинг 11 апрелида бошлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Асосий талаб мамлакатнинг янги конституциясини қабул қилишдир. Агар бу талаб бажарилмайдиган бўлса, у ҳолда муддатдан аввал президентлик сайлови ўтказилишига ҳаракат қиламиз”, - дея билдирди Азамат Калман.

“Ислоҳотлар учун” ҳаракати аъзоси ва “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган мухолифат фронти аъзоси Ўмурбек Абдрахманов “Фарғона.Ру” АА мухбири саволларига жавоб берди.

Фарғона.Ру: - Норозилик намойишлари санаси 11 апрелга белгилангани мухолифатнинг “Ислоҳотлар учун” ҳаракати Қурманбек Бакиевга 10 апрелгача системали ислоҳотларни ўтказа бошлаш юзасидан ўзига хос ультиматум эълон қилгани билан боғлиқ эмасми?

Ўмурбек Абдрахманов: - Ҳа, бу саналар бир-бирига боғлиқ. “Ислоҳотлар учун” ҳаракатининг айрим аъзолари президент ўз хатоларини тузатишига ҳали ҳам ишонадилар. Майли, бироз кутсинлар, биз ҳам кутамиз ва норозилик намойишларини бошлаймиз.

Фарғона.Ру: - Нима деб ўйлайсиз: қай бири муҳимроқ – конституцион ислоҳотми ёки президент истеъфоси?

Ўмурбек Абдрахманов: - Президент истеъфоси муҳимроқ. Чунки Бакиев билан конституцион ислоҳот ўтказишнинг имкони йўқ. Унинг демократик конституцияни ўтган йил ноябрида мухолифат босими остида имзолашга мажбур бўлганини кўрдик-ку. Аммо кейин ўз депутатлари орқали барибир бошқа конституцияни ўтказдириб олди.

Фарғона.Ру: - Ахир Феликс Қулов ҳам 30 декабрь куни президент Бакиевга йўқотилган ваколатларни қайтарган “реваншистик” конституция қабул қилинишида билвосита айбдор-ку. Айнан Қуловнинг истеъфоси ноябрдаги “инқилобий” конституциянинг бекор қилинишига сабаб бўлди-ку. Феликс Қулов ўз айбини ҳис қилаяптими?

Ўмурбек Абдрахманов: - Ҳа, Феликс Қулов ўз айбини ҳис қилаяпти. У тандем доирасида берган ваъдасида охиригача турганини айтаяпти. “Агар ноябрда мухолифатга ўтиб кетганимда, биз мутлақо бошқа Қирғизистонда яшаётган бўлардик”, - деяпти Қулов бугунги кунда.

Фарғона.Ру: - Маблағни қаердан оласизлар?

Ўмурбек Абдрахманов: - Аслида, норозилик намойиши учун катта пул кераклигининг турган-битгани афсона. Ташқаридан ҳеч қандай маблағ келмайди. Фақат ўз ички ресурсларимизни ишга солганмиз. Норозилик намойиши иштирокчилари озиқ-овқат ва чодирларни ўзлари олиб келадилар. Қурманбек Бакиевдан сўраб кўринг – 24 март куни у бирор кишига пул берганмикан? Йўқ, бермаган. Бу сафар ҳам шундай бўлади.

* * *

Эслатиб ўтамиз, “Қирғизистоннинг муносиб келажаги учун” бирлашган мухолифат фронти собиқ бош вазир Феликс Қулов мухолифатга ўтиб кетганидан кейиноқ тузилганди. Феликс Қулов фронт мувофиқлаштирувчиси бўлиб ҳисобланади.