18:58 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон ва Россия оммавий ахборот воситалари М. Фрадковнинг Тошкент сафари ҳақида

09.03.2007 17:42 msk

Матбуот шарҳи

РОССИЯ БИЗНЕСИ ПУЛ КОНВЕРТАЦИЯСИДАГИ ТУТИЛИШЛАРДАН ХАВОТИРГА ТУШГАН

2007 йилнинг 7 мартида икки давлат ўртасидаги алоқаларга доир Тошкентда бўлиб ўтган Россия-Ўзбекистон музокаралари чоғида бир қатор ҳал қилинмаган муаммолар аниқланган. “РБК-daily” газетасининг бугун қайд қилишича, бу муаммолар биринчи галда Россия томон учун ҳал қилинмагани аниқ бўлган. “Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларда ҳал қилинмаган ва ҳатто зиддиятли масалалар мавжуд. Бу муаммоларнинг қарийб ҳаммаси кўтарилди”, - дея билдирди Россиянинг иқтисодий тараққиёт ва савдо-сотиқ вазири муовини Андрей Шаронов нашрга берган интервьюсида.

Шароновга кўра, Ўзбекистондаги корчалонлик иқлимини россиялик сармоядорлар учун энг қулай, деб бўлмайди. Бизнес республикада топилган пулларни конвертация ва репартация қилишда муттасил тутилишлардан хавотир изҳор қилаяпти. “Ведомости”нинг бугунги сонида чиққан мақола муаллифи шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонга Россия товарлари керак эмас, дея хулоса қилади. “Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Россиядан олган молидан кўра кўпроқ товар экспорт қиладиган (2006 йилда – 202 млн. долларлик) МДҲдаги ягона мамлакатдир. 2002 йилдан буён Ўзбекистон билан мол айирбошлаш тўрт баробар кўпайиб, 2,3 млрд. долларга етган, бироқ Россия импорти экспортга нисбатан икки баробар тез ошмоқда. Бу Россиянинг у ёққа нефть ва газ етказиб бермаётгани, аксинча, сотиб олаётгани туфайли содир бўлаяпти, дея изоҳ беради Ўзбекистондаги савдо ваколатхонаси ходими. Бундан ташқари, ўтган йили россияликлар 67.000 та Daewoo автомобилини сотиб олганлар. Россияда Ўзбекистондан экспорт қилинган 86 фоиз мева ва савзавот сотилади”.

ЎЗБЕКИСТОН ТОМОН “ГАЗПРОМ”ДАН РОЗИ ЭМАС

“Коммерсант”нинг хабар қилишича, россияликларнинг эътирозларини эшитган ўзбекистонликлар “Газпром”га Ўзбекистонда газ қазиб олишга сармоя ётқизиш юзасидан ўз инвестицион мажбуриятларини бажармаётганини айтиб эътироз билдирганлар – норасмий тарзда эса Россияга газ экспорт қилишдан воз кечишига ишора қилароқ таҳдид қилганлар. Муаммо Москвада бўлиб ўтадиган кейинги музокаралар чоғида ҳал қилинади.

Бугунги кунда Ўзбекистон гази (йилига тақрибан 10 млрд. кубометр) Россиянинг икки ширкати - “Газпром” ва ЛУКОЙЛ томонидан экспорт қилинади. 2006 йилдаги битимга кўра “Газпром” Шохпахта газ конини ўзлаштира бошлаши керак эди. Бу лойиҳа ҳисобидан Россияга газ етказиб бериш 2007 йилда 13 млрд. кубометргача оширилиши керак эди. Бироқ, Андрей Шароновнинг маълум қилишича, “Газпром” ҳозирча бу лойиҳани амалга оширишни уддалай олмаяпти. У берган маълумотларга кўра, “Газпром” бу лойиҳага режаланган $300 млн. ўрнига, бор-йўғи $30 млн. сармоя ётқизган. Бу Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев томонидан кўтариб чиқилган айбловлар учун баҳона бўлган.

Бироқ, “РБК-daily”нинг ёзишича, “Газпром” раҳбарияти мазкур вазият конда геологик разведка ишларини ўтказиш учун Ўзбекистон расмийлари томонидан бериладиган лицензия чўзиб юборилгани туфайли юзага келганлигини таъкидлаб, ўз номига айтилаётган бу айбловларни қабул қилмаган.

Аснода, гарчи Ўзбекистон газ экспортини бошқа ёққа буриш юзасидан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширмаган бўлса-да, “Коммерсант”да бугун чиққан мақола муаллифига кўра, газ нархи тез суръатда ошиб бораётган шароитда Украина томонидан бўлганидек, ХХР ва Эрон томонидан ҳам ўзбек газига талаб кучайиши мумкинлиги кўриниб турибди.

МУҲОЖИРЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТДИЛАР

Умуман олганда, “Ведомости”нинг ёзишича, музокаралар чоғида Россия ва Ўзбекистон ўртасида қарама-қарши қарашлар бўлмаган фақат битта масала бўлди, холос. Май ойигача икки мамлакат ҳукуматлари муҳожирлар ҳақида – уларнинг реадмиссияси, ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ва ноқонуний муҳожиротга қарши кураш тўғрисида уч битим имзолайдилар. Битимлар ҳар иккала мамлакатда ахборот алмашиш учун муҳожирлик хизматлари ваколатхоналари очишни кўзда тутади. Федерал муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромодановскийга кўра, Россияда 102.658 ўзбек рўйхатга олинган, аммо, норасмий маълумотларга кўра, бу ерда ишлаётганлар сони 1-1,5 млн. кишидир.

***

Россиялик юқори лавозимли мулозимларнинг Ўзбекистонга сафари натижаларини якунларини чиқарароқ, Ўзбекистоннинг расмий оммавий ахборот воситалари Фрадков ва Каримов учрашуви ҳақида жуда қисқа ва мутлақо илтифотли оҳангда баёнлаганларини қайд этишни истардик. Хабарлар “самарали”, “истиқболли”, “ривожланаяпти”, “кенгаймоқда”, “ишончли ҳамкор”, “ўзаро мол айирбошлаш ҳажмининг ўсиши” ва шу каби сўзлар тўла эди. Юқори лавозимли меҳмонлар сафарининг асл моҳияти хабарнинг охирги жумласига жо қилинган: “Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан фикр алмашувлар бўлиб ўтди”.

Мустақил журналист Сергей Ежковнинг бу юзасидан қайд этишича, “эришилган муваффақиятларни эътироф этиш ва иттифоқчилик алоқаларини яна бир марта намойиш қилиш учун Россия бош вазири уч ярим соат учоқда учиши шарт эмасди. Россияликларнинг Ўзбекистонга сафари сиёсий характер ташиган, деган тасаввур уйғонади. Ёки россияликлар томонидан қўйилган вазифалар Ўзбекистон расмийлари томонидан чиройли қилиб бўғиб қўйилган, ёки ҳеч қанақа вазифа бўлмаган. Биринчи вариант эҳтимоли кўпроқ. Иттифоқчиларнинг яхши ниқобланмаган аччиқланишлари ортидаги некбинона риторика ҳам шундан”.

Сергей Ежков “келаси йилнинг январь ойидан бошлаб Ўзбекистон тепасига ким келиши ва ўша “ким”нинг шу кунгача эришилган битимларга қандай муносабатда бўлиши ҳозиргача аниқ бўлмай қолаётгани” Россия томоннинг бир қадар эҳтиёткорлигига сабаб бўлганини қайд этароқ, бўлиб ўтган музокаралар ҳақида скептикларча фикр билдирган.