07:48 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: “Бирдамлик” ҳаракатининг оммавий тадбири амалга ошмади

09.03.2007 13:26 msk

Алексей Волосевич

Елена Урлаева
Елена Урлаева. “Фарғона.Ру АА” фотоси
Фарғона.Ру “Бирдамлик” ҳаракатининг тармоқ нашрларида кенг кўламда реклама қилинган, халқаро хотин-қизлар кунига мўлжалланган оммавий тадбири амалга ошмай қолди. Ҳар ҳолда, кўчаларга 500 тача кишини олиб чиқиш кўзда тутилган Ўзбекистон пойтахтида ҳеч қанақа оммавий тадбир бўлгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, охирги хафталар мобайнида сиёсий муҳожир Баҳодир Чориев бошчилигидаги “Бирдамлик” ҳаракати саккизинчи март куни Ўзбекистоннинг тўққиз шаҳрида юзлаб тарафдорларини митингларга олиб чиқишга ҳозирланаётгани ҳақидаги хабарлар Интернетда мунтазам равишда чиқиб турганди. Фуқаро қаршилигининг нозўравонлик усулларига содиқлик белгиси сифатда уларнинг кўпчилиги намойишга оқ либослар кийиб чиқишлари ёйинланганди.

“Биз, “Бирдамлик” ҳаракатининг фаоллари 8 март Халқаро хотин-қизлар байрами куни ўз конституциявий ҳуқуқларимизни амалга ошириб, норозилик митинглари ўтказишни режалаштирганмиз. Митингларда Ўзбекистон маҳбусхоналарида сақланаётган ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Гулбаҳор Тўраева ва Умида Ниёзоваларни озод қилиш талаб этилади”, - дейилганди турли веб-сайтларда деярли ҳар куни чоп этилиб турган баёнотларда.

Бу журъатвор ниятга мувофиқ, Шаҳрисабзда 350 киши, Самарқандда 300 киши, Қаршида 250 киши, Тошкентда эса (Текстилчилар саройи олдидаги майдон) 500 киши кўчаларга чиқишлари керак эди. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида нималар бўлганини айтиш қийин, бироқ Тошкентда белгиланган вақтда кўрсатилган жойда бирдамликчилардан ҳеч ким пайдо бўлмади. У ерга фақат мамлакатдаги энг таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган аёл Елена Урлаева ҳамда бир неча журналистлар келдилар, майдон бўйлаб эса фуқаролик кийимидаги ўттиз-қирқ чоғли ИИВ ходими ўзларини байрамга чиққандай тутишиб, у ёқ-бу ёққа юриб турдилар.

Катта оқ рўмол (янги инқилоб рангимикан?) ўраган Елена Урлаева битта ўзи қўлида инсон ҳуқуқлари ҳақидаги китобча ва гулдаста тутиб бироз муддат фаввора ёнида турди. Унинг майдонга ёриб киришига тўғри келди – қандайдир ИИВчи унинг рўмолини ечиб олишга уринди ва кўкрагига қаттиқ мушт туширди. Унинг “Ҳуқуқ муҳофазачилари альянси”дан бўлган сафдошлари у ерга мутлақо яқинлаша олмадилар – уларнинг бир қисмини милиционерлар ўз уйларидан чиқармай қўйганлар, қатъиятлироқларни эса майдонга яқин жойлардан тутиб кетганлар.

Журналистлар митингчилар тўдасини кутиб турган пайтда ИИВчилар содир бўлаётган воқеаларни видеотасвирга туширдилар. Умуман олганда, майдонда айтарли бирор ҳодиса ҳам содир бўлаётгани йўқ эди. У ерга оқ ва ё бошқа кийимдаги бирорта ҳам бирдамликчи келгани йўқ. Сал кейинроқ Б. Чориевнинг отасига қўнғироқ қилишга муваффақ бўлдик, у “касалман, ҳеч нарсани билмайман”, дея жавоб қилди. Шундай қилиб, “Бирдамлик” раҳбарлари бу қадар узоқ муддат эълон қилиб борган тадбир нима учун амалга ошмай қолганини фақат тахмин қилиш қолади, холос.