22:23 msk, 19 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россия фуқаролиги - тутқич бермас афсонавор қуш

07.03.2007 20:30 msk

Г. Нигматулина (Москва)

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги почтасига ҳар куни келувчи баҳсга молик мақолаларга оид тақриз ва изоҳлар орасида муштарийларимиз бошларидан кечирган воқеаларни ҳам тез-тез учратиб қоламиз. Уларнинг айримлари ўта индивидуал характерга эга, бошқалари эса ҳозирги замон учун типикдай кўринади. Қуйида ана шундай типик воқеалардан бирини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Уни ўн йилдан буён Москвада яшаб, ҳалигача Россия фуқаролигини ололмаган тошкентлик қиз ҳикоя қилади. Бу ҳикоя билан биз сайтимизнинг янги “Муштарий мактублари” рукнини очаяпмиз. Ўз мактубингиз чоп этилишини истасангиз, уни ушбу саҳифадаги алоқа формаси орқали юборишингиз мумкин.

* * *

“Мен ҳикоям миллати рус бўлмаган, аммо русийзабон мамлакатда туғилиб, чақалоқлигидан рус тили ва рус маданиятини ўзига сингдирган киши ҳикоясидир. Менда рус қони йўқ, ойим – татар, дадамнинг тўртдан бири татар, тўртдан учи ўзбек. Дадам – муҳандис, ойим мактабда рус тили ва адабиётидан дарс беради. Менга татар маданиятига ҳам, ўзбек маданиятига ҳам муҳаббат ёки жилла қурса, қизиқиш ҳам сингдирмаганлар, мен ғирт советча тарбия кўрганман.

Менинг омадим чопмаган. Паспорт олаётган пайтимда отамни ҳафа қилмаслик учун миллатимни татар эмас, ўзбек деб ёздирганман. Балки менинг аввалроқ омадим чопмагандир: азалдан россиялик бўлган бобомни (ойимнинг дадасини) фуқаролар уруши йилларида хизмат юзасидан Тошкентга юборганлар. У Туркистон фронтида дипломатик курьер бўлиб ишлаган, кейин Тошкентда яшаб қолган. Ўша пайтларда бу шаҳарни “нон шаҳри” деб атаганлар.

Империя тарқаган йил менинг балоғат ёшига тўлишим билан бир йилга тўғри келди, ўша пайтларда мен университетининг рус филологияси факультетида ўқирдим. Ўқишни битиргач, мен ҳам кўплаб курсдошларим каби ишлаш учун Россияга кетишга қарор қилдим.

1996 йил, Тошкент Тўқсонинчи йиллар ўрталарида Россия фуқаролигини ярим кунда олса бўларди. Бунинг учун элчихонага келиб, ариза ёзиб, уни паспорт билан қўшиб топшириб, икки соатдан кейин фуқаролик ҳақидаги гувоҳнома олиш мумкин эди. Мен ҳам ҳамма қатори ҳужжат топширдим, аммо менга гувоҳнома бермадилар. Элчихона вакили менга тараддудли алфозда тушунтирди: “Сиз ўзбек экансиз, биз эса фақат русларга, йўқ деганда, татарларга фуқаролик берамиз. Мамлакатингизнинг тегишли идораларига бориб, ҳужжат йиғинг, президент номига фуқароликдан воз кечишингиз ҳақида илтимоснома ёзинг. Ёки миллатингизни ўзгартиринг”.

Шундай қилиб, паспорт бўйича ўзбек бўлганим учун Россия фуқаролигини фақат ўз ватанимда фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларимдан ажраган тақдиримдагина ола билишим ёки ололмаслигим мумкин экан. Ҳаммасига тупуришга тўғри келди. 1996 йили эримнинг орқасидан Москвага келдим ва бу ерда бошқа минглаб кишилар қатори ноқонуний тарзда яшай бошладим.

1998 йил, Тошкент Миллатимни ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилдим – онам томонидан татар бўладиган бўлдим. Бунинг учун паспорт алмаштириш зарур экан. Қизил совет паспорти ўрнига Ўзбекистоннинг яшил паспортини олдим. У билан эса, кейинчалик маълум бўлишича, Россия фуқаролигини олишнинг умуман иложи йўқ экан. Яшил паспорт олган пайтимда мен автоматик тарзда СССР фуқаролигидан воз кечган эканман, унингсиз эса Россияга йўл ёпилар экан. Бу ҳаммага, ҳатто русларга ҳам тегишли эди. Бунинг устига, фуқаролик олиш тартиби ҳам қийинлашиб кетганди.

2000 йил, Тошкент Подмосковьедан уй сотиб олдик. Ёзда ота-оналаримизнинг олдига - Тошкентга келдик, Россия элчихонасига бордик. Бу ерда тумонат одамга дуч келдик, одамлар бир неча ойлаб навбатда турар эканлар. Улар зарур ҳужжатлар пакетини топшириш учун рўйхатдан ўтар эканлар.

Биз ўз пакетимизни топшириб, сабр билан кута бошладик. Жавоб икки йилдан кейин келди: “Сизнинг Россия фуқаролигини олиш ҳақидаги ишингиз Россия Федерацияси ҳудудида уч йил узлуксиз яшаш тўғрисидаги низом бажарилгунича қолдирилди”. Бу бюрократларнинг тилида шундай жарангларди. Оддий одамлар тилида эса бу қуйидаги маънони англатарди: “Даф бўл, сенсиз ҳам хоҳловчилар тиқилиб ётибди”.

2002 йил, Москва Подмосковье ОВИРларида фуқаролик олиш масалалари билан шуғулланмайдилар. Ҳар қанақа масалага аниқлик киритиш учун Москвага бориш, кўп ойлик навбатга туриш керак. Менинг навбатим яқинлашганида “Норд-Ост” воқеаси содир бўлди. Ҳамма кириш-чиқиш жойлари беркитилди, ҳаммаси музлатиб қўйилди. 2003 йилнинг май ойигача муҳожирлар ва келишни истаганлар билан ҳеч ким шуғуллангани йўқ. Кавказлик жангарилар билан Марказий Осиёдан келган русийзабон муҳожирлар ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин?

2003 йил, Подмосковье Москвага яқинроқ жойдан уй олдик, маҳаллий ОВИРга бордик. У ерда биз яшаётган шаҳар ёпиқ шаҳар экани ва унда рўйхатдан ўтиш учун махсус таклифнома расмийлаштириш зарурлиги маълум бўлди. “Бир ярим-икки ой уни кутасиз, кейин муҳожирлик картаси ва бошқа маълумотномалар билан келасиз”. Унгача рўйхатдан ўтмай қандай яшаб бўлади? “Унгача эса сиз бу ерда йўқсиз. Қариндошларингиз сизга таклифнома расмийлаштирадилар, уни олганларидан кейин эса сизга хабар қиладилар ва сиз бу ёққа келасиз”.

2004-2005 йиллар, Подмосковье Мени бу ёққа бир неча бор таклиф қилишларига тўғри келди. Бир марта таклифномани ОВИР ходимлари йўқотиб қўйдилар. Бошқа сафар эса биз рухсатнома ўз кучини йўқотмаслиги учун Россиядан ташқарига чиқиш мумкин эмаслигини билмасдан Қримга дам олгани бориб келибмиз. Таклифномани олгач, ОВИРга янги муҳожирлик картаси билан келиб, вақтинча рўйхатга туриш талаб қилинарди. Бу фуқароликни расмийлаштириш йўлидаги биринчи босқич эди.

Тошкент бирпасда бориб келадиган жой эмас. Шунинг учун ҳам номашруъ муҳожирларнинг кўпи Россия-Украина чегарасига танда қўйганлар. Киевга бориш учун ўн тўрт соат вақт кетади, поезд чиптаси унча қиммат эмас. Россиялик чегарачилар ҳам, украиналик чегарачилар ҳам Осиё паспортига эга бўлган кишиларга олдиндан душманларча муносабатда бўладилар – паспортдаги ҳар бир вергулга эътироз қиладилар. Пул таъма қилишади: биз улар учун тилла конимиз.

2006 йил, Подмосковье Вақтинча рўйхатга олингач, мен вақтинча яшаш учун рухсатнома олишга ҳужжат йиға бошлайман. Бу иккинчи босқич. Наркологик диспансердан ҳатто беш яшар бола учун ҳам маълумотнома олиш талаб қилинади. Паспортнинг нотариус томонидан тасдиқланган таржимаси паспортида ҳар бир банд рус тилида қайталанган кишилардан ҳам талаб қилинади. “Рус тилидан рус тилига таржима қилдириб келайми?” – деб сўрайман нозирадан. “Ҳа”, - дейди у пинагини ҳам бузмай. Турли нотариал идораларда таржима нархи тўрт юздан олти юз рублгача белгиланган.

Ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқаларни йиғиш учун бир ой елиб-югуришга тўғри келди. Наркодиспансердан олинадиган маълумотномага 350 рубль (буни учга – ўзим ва икки боламга кўпайтирамиз), Тери-таносил касалликлари диспансеридан олинган маълумотномага 270 рубль ва ҳ. ҳ. сарфлашга тўғри келди. Рўйхатга олиш ва вақтинча яшаш учун ҳужжат топширишга (Киевга бориб келишни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ўн минг рублга яқин пул кетди. Кейин ярим йил кутдим, бу орада икки марта қайта рўйхатдан ўтишга тўғри келди. Кейин паспортимга штамп қўйиб беришларини икки ой кутдим. Шундан сўнг яна икки ҳафта вақтинча пропискага туриш учун ҳужжат расмийлаштирдим. Ҳамма ҳужжатларни уч нусхадан йиғишга тўғри келди. Менинг иккита вояга етмаган болам бор, улар учун ҳам қонунчиликда ҳеч қандай имтиёз кўзда тутилмаган. Менинг россияликка турмушга чиққанимга уч йилдан ошган бўлганига қарамай, бу нарса ҳеч қаерда ёрдам бермаяпти.

2007 йил, Подмосковье Ҳозир бевосита фуқаролик олиш учун ҳужжат йиғаяпман. Бу учинчи ва умид қиламанки, охирги босқич бўлади.

Россияда яшай бошлаганимдан буён ўн бир йил ўтибди. Россия фуқаролиги мен учун ҳали-ҳануз тутқич бермас афсонавор қуш бўлиб қолаяпти.

Г.Нигматулина