06:53 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон ҳукумати Канаданинг йирик олтин қазувчи ширкати билан шартномани бекор қилишга ҳозирланаяпти

07.03.2007 14:02 msk

Ирина Ермакова (Бишкек)

Қирғизистон ҳукумати Канаданинг “Центерра Голд” олтин қазувчи ширкати билан шартномани бекор қилиш учун замин ҳозирлаяпти.

6 март оқшомида Қирғизистон вазирлар маҳкамаси ўз мажлисида “олтин масаласи”ни кўриб чиқди. Бу борада маъруза қилган бош вазирнинг биринчи ўринбосари Данияр Усенов ҳукумат аъзоларини “Қирғизистон Республикаси ҳукумати, “Қирғизолтин” ОҲЖ ва “Камеко Корпорейшн” ширкати ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳақида меморандум” лойиҳаси билан таништирди. Бу ҳужжатнинг чиройли номи остида мамлакатнинг Иссиқкўл вилоятидаги йирик конда олтин қазиш ишларини олиб бораётган Қумтор ширкати ҳақидаги қонун лойиҳаси яширинган.

“Мазкур Меморандум доирасида кейинчалик Қирғизистон Республикасининг “Қумтор тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилмоқда, бу лойиҳа Жўғўрқу Кенешга (Қирғизистон парламентига) навбатдан ташқари киритилиши учун Қирғизистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритилади”, - дея маълум қилади ҳукумат матбуот хизмати.

Ҳукумат мажлисида сўзлар экан, Данияр Усенов вазифани аниқроқ қилиб англатди: “Асосий вазифа янги Асосий Битим, янги концессион шартнома ва “Қумтор тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинишига эришишдир. Қайд этиш лозимки, бу ишда айнан Қирғизистон томон ташаббускор бўлган ва шартларни ҳам биз қўямиз. Қумторни шунчаки ёпиб қўйиш ёки давлатга ўтказиш ҳамда ким ва қачон нотўғри иш қилганини аниқлаш энг яхши вариант бўлиб ҳисобланмайди. Ахир Талдибулақ ва Жеруй ҳақида неча йилдан бери гапириб келдик, олтин бўлса аввал ҳам бўлмаганди ва ҳозир ҳам йўқ. Биз оғишмай олға интилишимиз, давлат бюжетига каттагина даромад кела бошлаши керак. Менимча, биз Қумтор юзасидан чапаевча усуллар билан курашиб, мамлакатни бир оғир аҳволдан иккинчисига итара олмаймиз. Бунда Қумтор бўйича ўзаро ҳамжиҳатлигимизнинг янги асосини ёзиб, ишни давом эттиришимиз зарур”, - дея таъкидлади Данияр Усенов.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро Валюта Жамғармасининг энг қашшоқ мамлакатлар ташқи қарзини кечиб юбориш бўйича дастурига (HIPC) киришдан бош тортганидан кейин Қирғизистон ҳукумати қарзни камайтиришнинг бошқа йўлларини қидира бошлаган. Қумтор конида олтин қазиб олишдаги даромад улушини ошириш ҳам бунда вариант ўлароқ кўриб чиқилмоқда. “Фарғона.Ру” АА манбаларининг маълумотларига кўра, Канаданинг “Центерра Голд” ширкати билан Қирғизистон ҳукумати ўртасидаги музокаралар чоғида олтин қазиб олишда Қирғизистон улушини ошириш юзасидан томонлар ягона қарорга келолмаганлар. Шундан сўнг Қумтор конида олтин қазиб олиш хусусида янги шартнома тузишга тайёргарлик жараёни бошланган.

Ҳозирги пайтда Қирғизистон “Центерра Голд” ширкати акцияларининг бор-йўғи ўн беш фоизига эгалик қилади, ваҳолонки даставвал мамлакат олтин қазиб олишдан тушган даромаднинг 70 фоизини олар эди. Қайд этилишича, даромаднинг ҳозирги пропорцияларига Канада томоннинг моҳирона сиёсати ва Қирғизистон ҳукуматининг (айниқса, бош вазир Николай Танаев давридаги) бепарволиги натижасида эришилган.