20:41 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Иваново ўзбеклари” озод этилдилар ва учинчи мамлакатга жўнатишларини кутаяптилар

06.03.2007 20:51 msk

Ф. Жоний

5 март куни соат 16.30 да ўн уч “иваново ўзбеклари”дан ўн иккитаси ниҳоят тергов ҳибсхонасидан озод этилганлар. Улар ОМОНчилар гуруҳи кузатувида Октябрь ТИИБ биносига олиб келинганлар. Бу ерда улар Федерал муҳожирлик хизматининг Иваново вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи О. Герасимов номига ариза ёзганлар, аризада улар ўзларини бир ой муддатга қайддан ўтказишни сўраганлар ва бу муддат ичида Россия Федерацияси ҳудудини тарк этмаслик мажбуриятини зиммаларига олганлар.

- “Иваново ўзбеклари”ни ҳибсда сақлаш муддати тугаганлиги юзасидан чиқарилган суд қарорига мувофиқ равишда қўйиб юбордилар, - дейди “Муҳожирот ва ҳуқуқ” тармоғи юристи Светлана Мартинова. – Ахир улар тергов ҳибсхонасида қонунда кўрсатилган максимал муддат бўлмиш ўн саккиз ойдан кўпроқ ўтирдилар-да. БМТ ҚИбОКБ “Иваново ўзбеклари”га учинчи мамлакатга кўчишларига ёрдам қилади, ҳужжатлар тайёр, фақат тегишли визаларни олиш қолди, холос. Ўн учинчи киши – ҳозирча озод қилинмаган М. Тоштемировга келсак, у Қирғизистон фуқароси бўлгани учун, ҳойнаҳой, ўша мамлакатга жўнатилса керак.

“Иваново ўзбеклари” иши бўйича тергов Страсбург судида давом этади, уларнинг шикояти устивор тартибда кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, 2007 йилнинг 2 март куни Иваново шаҳрида ўн уч “Иваново ўзбеклари”дан ўн иккитасини ҳибсдан озод қилиш ҳақида суд қарори қабул қилинганди.

“Иваново ўзбеклари” 2005 йилнинг 18 июнида қўлга олингандилар, сўнгра Иваново шаҳридаги 1-тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгандилар. Россия Федерал муҳожирлик хизматининг (ФМХ) Иваново вилояти бўйича бошқармаси уларга Россия ҳудудида қочоқлик мақоми беришни рад этган. Иш ҳамма жойда овоза бўлиб кетган. Россия Бош прокуратураси Ивановодаги маҳбусларни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор чиқарганидан кейин Европа инсон ҳуқуқлари бўйича суди РФ расмийларига экстрадицияни тўхтатиб қўйиш ҳақида кўрсатма берган ва Россия ҳукуматига 2007 йилнинг 6 мартигача “Иваново ўзбеклари” иши бўйича изоҳ бериш мажбуриятини юклаган.