02:25 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ҳуқуқ ҳимоячилари жамиятда миллатчилик тенденциялари кучайиб бораётганидан хавотирдалар

05.03.2007 21:49 msk

Қ.Нордонов

Ғарбда “лола инқилоби” деб аталаётган 2005 йил март воқеаларидан кейин Қирғизистонни ташлаб кетишни истаганлар сони кескин ошиб кетган. Ҳокимият зўрлик билан алмашганидан ва талончиликлар бўлиб ўтганидан кейин кечмиш дастлабки ойлардаги қўрқув ва хавотир фуқароларни, энг аввало русийзабонларни тезроқ жомадонларини йиғиштиришга мажбур қилган. Бунақалар кўпчиликни ташкил қиларди, лекин ҳамма ҳам кетмоқчи эмасди. Мамлакатда яшаш жойларини ўзгартиришни хаёлига ҳам келтирмаган қирғиз эмаслар қолганлар. Бироқ, айрим воқеалардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, улар ҳам яқин орада лаш-лушларини йиғиштира бошласалар керак.

Бунақа воқеаларнинг биттаси ҳам кўп

Биринчи воқеа. Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида жойлашган қишлоқ маҳкамаларидан бирида ишлайдиган ҳарбий рўйхатга қўйиш ходимаси Валентина Коляда чекка тоғли қишлоқдан кўчиб келишни истаган бир гуруҳ шахсларни рўйхатга олиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришдан бош тортади. Буни Коляда бу ишга ҳақли эмаслиги билан изоҳлайди, ахир йўриқномани бузишга тўғри келарди-да. Бу орада эса қишлоқ ҳукумати раҳбари Қадирали Қурманалиев бу шахсларнинг ҳужжатларини расмийлаштириб беришни илтимос қилади, аниқроғи, талаб қилади. Маълум бўлишича, улар Қурманалиев сайланаётган пайтда унинг қўллов гуруҳида бўлган эканлар.

Қонуний асосда ҳеч нарса қилолмасликларига кўзлари етган Қурманалиев бошчилигидаги кишилар Колядани таъқиб қила бошлаганлар. Унга Коляда рус экани, шу сабабли Қирғизистонда унга жой йўқлиги ва у мамлакатни тарк этиши лозимлигини билдирганлар.

Бироқ Валентина Николаевна ўжар аёл чиқиб қолган ва таслим бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган. У ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши юзасидан ёрдам сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотига мурожаат қилган. В. Коляда миллатчилик унга ҳужум қилаётган кишиларнинггина қўлидаги восита эканини яхши тушунади, у яшайдиган қишлоқда эса азалдан турли миллат вакиллари қўшничилик қилиб келганлар ва у ўзига қўшни бўлган қирғизлар билан жуда яхши алоқада бўлган.

Иккинчи воқеа. Мазкур зиддият олти йилдан буён давом этиб келмоқда. Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманидаги қишлоқлардан бирида яшовчи Жарқинай Эркинбаева қўшниси Валентина Ульянченконинг мулкига, аниқроғи, ер участкасига эга бўлишни хоҳлаб қолган. У участкани куч билан тортиб олишдан бошқа усул топа олмаган. Бунга сабаб ҳам тезгина топила қолган – Ульянченконинг миллати рус ва у ерни Эркинбаева тимсолидаги қирғизларга топшириши керак. Эркинбаева томонидан миллатчилик руҳида айтилган гаплар, Ульянченко ёрдам сўраб мурожаат қилган ҳуқуқ ҳимоячиларида мавжуд аризалардан маълум бўлишича, ҳужжатлар билан тасдиқланган

Булар фақат қайд этилган воқеалар, холос. Аммо бу каби нохуш воқеалар жуда кўплиги ҳақида ишонч билан гапириш мумкин. Бу борада аниқ бир рақамни тасаввур қилиш қийин, аммо, жабрланувчиларга ёрдам бераётганларнинг сўзларига кўра,бунақа кичик воқеанинг ҳатто биттаси ҳам кўп.

Ноқулай мавзу

Мамлакатда гендер тенгсизлиги муаммоси кенг муҳокама қилинмоқда, аёлларга парламентда ва ҳукуматда квоталар берилиши ҳақида тинимсиз гапирилмоқда. Аммо миллати қирғиз бўлмаган кишилар учун раҳбарлик лавозимларидан ўрин ажратиш эҳтимоли ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ. Янги ҳокимият, яъни 2005 йилнинг 24 мартидан кейин пайдо бўлган ҳокимият мамлакатда янада қаттиқроқ миллий сиёсат юрита бошлаган. Бу ўринда марказий ва ҳудудий ҳукуматлар битта миллат вакилларидан иборат эканини айтиш кифоя: улар фақат асосий миллат вакилларидан тузилган. Шунинг учун ҳам матбуотда реал равишда бу муаммо ва унинг илдизлари тадқиқ этилган бирорта ҳам таҳлилий мақолани учратмайсиз. Кўпинча сиёсатчилар ва юқори лавозимли амалдорлар бу ноқулай мавзуни муҳокама қилишдан уялгансимон қочишга уринадилар. Масалан, собиқ бош вазир Феликс Қулов каби. 2005 йилнинг ёзида у президентлик лавозимига ўз номзодини қўйишга қарор қилгани сабабли ўтказган матбуот анжуманида Қулов бошданоқ ўз дастури бандларини журналистлар эътиборига ҳавола этган. Биринчи ўринда русийзабон аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг кўчиб кетишини қисқартириш банди турганди. Матбуот анжумани ўрталарида Қуловдан “Аҳолининг йигирма фоизини ташкил қилган ва русийзабонлардан кўпроқ бўлган ўзбек аҳолиси ҳақида нима дейсиз?” дея савол берганларида, бўлажак бош вазир талмовсираб, ўзини йўқотиб қўйган ва “Русийзабон аҳоли деганда мен қирғиз бўлмаган аҳолини назарда тутгандим”, дея ғўлдираган. Изоҳга ҳожат йўқ.

Қулов президент бўлмади. Аммо бош вазирлик лавозими президентлик пойгаси пайтида берган барча ваъдаларини бажаришга имкон берарди. Бироқ ҳозир Қулов ўз ваъдаларини бажарди, дея бемалол айта оладиган мард топилмаса керак. Аммо бу ҳодиса ҳам ибратли эмас. Бошқаси ибратли, айнан эса давлат котиби Адахан Мадумаровнинг оммавий ахборот воситаларига кураторлик қилиши ибратли.

Ҳакамингнинг ўзи ким?

Расмийлар томонидан оммавий ахборот воситаларига кураторлик қилиш деган гапнинг ўзиёқ кўп нарсани англатади.

Назорат қилинувчи ёки йўналтириб турилувчи ОАВнинг ўзи демократик жамият учун нонсенс бўлиб ҳисобланади. Аммо шу билан бирга “Қирғизистон, албатта, умумий уйимиз, аммо бошқа халқлар унда квартирант” деган машҳур жумла айнан Мадумаровга тегишли эканини ҳам эслатиб қўйиш лозим. Ўтган йили А. Мадумаров бош вазир ўринбосари ва матбуот куратори сифатида Ўшда бўлганида у ўзбек тилида чиқадиган телекомпаниялар бўлишига ҳожат йўқ, чунки бу бўшлиқни қўшни давлат телекомпаниялари тўлдираяптилар, дея билдирганди. Ўзбек тилида чиқадиган ОАВ эгалари ва муҳаррирлари ўшанда “Адахан Мадумаров позицияси мамлакат раҳбариятининг позицияси бўлиб ҳисобланадими?” қабилида президентга хат йўллагандилар. Мазкур хатга жавоб ҳалигача келгани йўқ.

***

P.S. 2005 йил май ойи охирида, яъни “лола инқилоби”дан бир ой ўтгач, Бишкекка Ўзгандан сайловчилар делегацияси келганди. Делегацияга Россия фуқароси, собиқ ўзганлик, миллати ўзбек бўлган Солижон Шариповнинг катта акаси бошчилик қилган. Делегация миллати қирғиз бўлган депутатликка номзодни қўллаш учун келганди. А. Мадумаров депутат бўлган. Ўзган аҳли парламент сайловларида сайлов комиссияси натижаларни сохталаштирганини таъкидлаб, норозилик билдирган. Ахир, уларга кўра, ҳеч қанақа текширув ўтказмасдан туриб ҳам аҳолисининг 95 фоизи ўзбек бўлган шаҳарда натижа бундай бўла олмаслигини ва миллий масалага Мадумаровдек ёндошадиган номзодни қўлламасликларини англаш мумкин эди-да. Ваҳолонки, Мадумаровнинг позицияси кўплаб қирғизларга ҳам маъқул эмасди. Бу борада Ўзгандан келган делегация раҳбари Бакиевга мурожаат қилиб, президентдан адолатни тиклаб беришини илтимос қилсин учун фазодаги укасига қўнғироқ қилгани ҳақида ҳам гап бўлганди. Айтишларича, Солижон Шарипов гўё президент в. б. га қўнғироқ қилган. Натижа қандай бўлгани эса маълум.