23:28 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Қулов Бишкекда матбуот анжумани ўтказди

05.03.2007 16:34 msk

Ўз ахб.

5 март, душанба куни Қирғизистон собиқ бош вазири Феликс Қулов Бишкекда матбуот анжумани ўтказиб, унда журналистларнинг энг ноқулай саволларига жавоб берди.

Феликс Қулов президентлик курсиси учун курашадими?

Журналистларни энг кўп қизиқтирган савол Феликс Қуловнинг президентликка номзодини қўйиш-қўймаслиги ҳақида бўлди. Собиқ бош вазир 2010 йилдаги президентлик сайловларида иштирок этмаслигини билдирди. Бироқ Мухолифат бирлашган фронтининг асосий талабини эътиборга олган ҳолда, Қуловнинг 2010 йилгача ўтиб қолиши мумкин бўлган президентлик сайловларида иштирок этиш имкониятини истисно қилиб бўлмайди.

Феликс Қулов Москвада нималарни муҳокама қилган?

“Москва консультациялари” ҳақидаги саволларга жавобан Қулов Москвада бош вазирнинг биринчи ўринбосари Сергей Иванов билан учрашганини айтди. “Агар дипломатик тил билан айтадиган бўлсак, учрашув дўстона вазиятда кечди. Мен учрашув натижаларидан жуда хурсандман”, - дея қайд этди Феликс Қулов. У расмийлар мухолифат ҳатти-ҳаракатларига қуролли жавоб қилган тақдирда Бирлашган фронт Коллектив хавфсизлик шартнома ташкилоти (КХШТ) ҳамда Европадаги хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига (ЕХҲТ) ёрдам сўраб мурожаат қилишини билдирди. “Учрашув ташаббуси сиздан чиқдими ёки Кремлданми?” деган савол жавобсиз қолдирилди.

Мухолифат ШҲТ саммитини барбод қилмоқчими?

2007 йилнинг августида Бишкекда ўтказилиши мўлжалланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити тақдири ҳам журналистларни жуда қизиқтирди. Бунга жавобан Феликс Қулов ШҲТ саммитини барбод қилиш ҳақидаги баёнот анчайин (яъни, арзимаган, майда) чайқовчилик эканини айтди. “Биз мамлакатимиз дохил бўлган барча ташкилотларни қўллаймиз. Бизнинг ички ишларимиз ШҲТ [давлат раҳбарлари учрашувига] ҳалақит бермайди. Умуман олганда эса бюжетда саммитни ўтказиш учун маблағ етишмаяпти”, - дея қўшимча қилди Қулов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мухолифат лидерларидан бири, Бирлашган фронт аъзоси Ўмурбек Абдрахманов мухолифатнинг норозилик намойишлари ва ШҲТ саммити бир вақтга тўғри келиб қолиши мумкинлигини истисно қилмаганди.

Мухолифат ҳаракатлари мамлакатни “шимол ва жануб”га ажратиб ташламайдими?

- Мухолифатнинг бирлашган фронти ҳудудий ташкилот эмас ва у “шимоллик”лардан бирор кишини лидерликка олиб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган, - дея билдирди Феликс Қулов. - Асосий вазифа ҳудудлараро зиддиятлар юзага келмаслигини таъминловчи тизимни яратишдир.

Аснода мухолифат ва расмийлар курашида ҳудудий омил мавжуд: Қирғизистон фуқаролари норасмий равишда жанубликлар ва шимолликларга бўлинадилар. Мамлакат президенти Қурманбек Бакиев жанублик, мухолифат лидери Феликс Қулов эса гизли йўсинда шимолликларни тамсил этади.

Бирлашган фронтда иқтисодий дастур борми?

Феликс Қулов Бирлашган фронтнинг муайян иқтисодий дастури йўқлигини билдирди. “Менимча, сиёсий тизимни ўзгартирмасдан туриб ниманидир таклиф қилишнинг имкони йўқ”, - дея билдирди собиқ бош вазир.

Мухолифатни ким молиялаштираяпти?

Плакат Объединенного фронта За достойное будущее Кыргызстана!. Фото Фергана.Ру
“Қирғизистониннг муносиб келажаги учун!” Бирлашган фронти плакати. Фарғона.Ру фотоси
Мухолифатнинг бирлашган фронти молиявий манбалари ҳақидаги саволга Феликс Қулов жойларда, яъни турли ҳудудларда оддий одамлар фронт ҳатти-ҳаракатларини қўллашга тайёр эканларини билдирди. “Бундан ташқари, охирги бир ярим йил ичида жабр тортган тадбиркорлар ҳам бор. Улар ҳам мухолифатни молиялаштиришга тайёрлар”, - дея таъкидлайди Феликс Қулов.

Қирғиз тилида гапирмаган одам Қирғизистон учун жон койитмайдими?

- Агар бирор киши қирғизча гапирмайдиган бўлса, у қирғиз эмас ва Қирғизистон учун жон койитмайди, дегани эмас, - дея таъкидлади Қулов. - Залда мамлакатнинг ватанпарвари бўлган кўплаб руслар ўтирибдилар. Бунда юрак бирламчи, тил иккинчи даражададир.

* * *

Феликс Қулов чиқишидан кейин “Фарғона.Ру” АА мухбири Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Мелис Эшимқановдан собиқ бош вазир чиқиши юзасидан изоҳ сўради.

- Агар Феликс Қуловнинг президентликка номзодини қўйиш нияти йўқ бўлса, бу ҳокимият тепасига ёш сиёсатчилар келиши зарурати билан боғлиқ, - билдирди Мелис Эшимқанов.

Феликс Кулов, 5 марта 2007 года. Фото Германа Ломкова, Фергана.Ру
Феликс Қулов, 5 март 2007 йил. Герман Ломков фотоси, Фарғона.Ру
Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия раиси Турсунбек Ақун Феликс Қулов эридан ажраган хотинга ўхшашини билдирган.

- Эркак ва аёл ўзаро топишиб, оила қурадилар, тандем тузадилар, кейин ажрашиб, бир-бирларига қичқира бошлайдилар. Худди шу каби Қулов ҳам бу вазиятда эридан ажраган хотин ролини ўйнаяпти, - деди Турсунбек Ақун. – Мен Феликс Қуловнинг кўп жавобларига ишонмайман. Кўп ҳолларда у муғомбирлик қилмоқда, чунки бу нарсаларнинг ҳаммасини у бош вазир бўлиб турган пайтда гапириши керак эди. Қуловнинг Данияр Усенов берган пора ҳақидаги баёнотига келсак, нима учун у дарҳол бу ҳақда бош прокуратурага билдирмади? Данияр Усенов - ўз чўнтагини давлат чўнтаги билан аралаштириб юборган одам, бу ҳақда ўз вақтида гапириш лозим эди.