23:10 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ Давлат департаменти элчиси Эван Фейгенбаум Ўзбекистонга ташрифи якунларига доир матбуот анжумани ўтказди

05.03.2007 14:57 msk

Ўз ахб.

Эван Фейгенбаум
Эван Фейгенбаум. “Фарғона.Ру” АА фотоси
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Эван Фейгенбаум уч кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келди. У АҚШ Давлат департаментидаги Марказий Осиё билан боғлиқ масалалари бўйича энг юқори лавозимли шахс бўлиб ҳисобланади. Ўз сафари мақсад ва натижалари ҳақида у иккинчи март оқшомида ўтказилган матбуот анжумани чоғида гапириб берди.

Ташрифдан асосий мақсад, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати ва Қўшма Штатлар ўртасидаги алоқаларни нормаллаштиришга уриниш бўлган.

- Мен яқинда ўзбек расмийларидан уларнинг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига қизиқаётганлари ҳақида хабар олдим. Ўз томонимиздан биз доим бунақа ҳамкорликка тарафдор бўлганмиз, - дея қайд этди Э. Фейгенбаум. – Шунинг учун ҳам мен менинг Тошкентга келишим учун яхши фурсат етиб келди, деб ўйлайман.

Америка элчиси Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан, биринчи навбатда, таълим ва савдо-сотиқ соҳаларидаги ҳамкорликни қайта тиклаш истаги борлигини билдирди. Бироқ муваффақиятли ҳамкорликни ривожлантириш учун бу йўлда мавжуд бўлган тўсиқларни олиб ташлаш зарур.

- Балки айрим жиҳатлар юзасидан қарашларимизда фарқлар бордир – аммо Америка томон бу фарқлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликка тўсқинлик қилмаслигини истарди. Менинг ташрифим ҳам яқин келажакда қай йўсиндаги ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинлигини ўрганишга йўналган, - дея маълум қилди Э. Фейгенбаум.

У бу каби ҳамкорликка ижобий намуна қидириб узоққа бориб ўтириш шарт эмаслигини қайд қилди ва бу каби намуна ўлароқ бундан беш йил аввал, 2002 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида имзоланган “Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битим” ҳақида эслатди.

Музокараларнинг бевосита ўзига тўхтала туриб, Э. Фейгенбаум ўтган уч кун ичида у ташқи ишлар вазири В. Норов, мудофаа вазири Р. Мирзаев, бош вазир ўринбосари А. Орипов, президентнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, диний ишлар бўйича давлат маслаҳатчиси, омбудсман ва Ўзбекистоннинг бошқа вазирликлари вакиллари билан учрашганини гапириб берди. Бу учрашувлар чоғида Ўзбекистон-Америка муносабатларини ривожлантириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама қилинган.

- Сиз Ўзбекистон расмийлари ўзаро муносабатларни тиклашни истаётганлари ҳақида улар томонидан қандайдир ишора бўлганлигини айтдингиз. Муносабатларни тиклаш юзасидан қайси даражадаги расмийлардан ишора олганингизни аниқроқ айтолмайсизми? – дея савол берди журналистлардан бири.

Эван Фейгенбаум Ўзбекистон-Америка муносабатларнинг тикланишига ва ўзаро ҳамкорликка у учрашган вазирлардан тортиб бош вазир ўринбосаригача барча расмийлар қизиқиш билдирганликларини айтароқ жавоб қилди. Албатта, унга Ўзбекистон расмийлари томонидан бу каби ҳамкорликка ҳозирликни эшитиш жуда хуш келган, бироқ мазкур декларатив фикрларнинг конкрет ишларга айланиши жабҳасида мураккабликлар сақланиб қолмоқда.

- Бу борада менда муайян таклифлар бор, уларнинг эса ўз фикр ва таклифлари бор экан, - дея иштиёқсиз қайд этди америкалик меҳмон.

Қарийб анъанавий саволга айланиб қолган Америка ҳарбий базасини Ўзбекистонга қайтариш ҳақидаги саволга жавобан Эван Фейгенбаум ҳарбий базалар билан боғлиқ масалаларни у муҳокама қилмаганини қатъий қилиб билдирди.

Хитойлик журналист томонидан берилган Э. Фейгенбаумнинг Ўзбекистонга ташрифи нақадар муваффақиятли бўлганлиги ҳақида мулоҳаза юритишга имкон берувчи “Ўзбекистон раҳбарларининг Америкага бориш ёки америкалик раҳбарларнинг Тошкентга келиш режаси борми?” деган саволга америкалик меҳмоннинг жавоби матбуот анжуманига ўзига хос якун бўлди.

– Ҳозирча мен бундай истиқболни кўрмаяпман, - дея жавоб берди Э. Фейгенбаум. – Яна бир марта такрорлашни истардимки, ҳар иккала томон ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр ва тарафдор экани ҳақида билдирдилар. Муаммо ана шу декларатив мулоҳазаларнинг реал натижаларга айлантиришдадир. Биз дуч келган мураккаблик айнан шу бўлиб ҳисобланади.



 

Реклама