23:11 msk, 19 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё: мавжуд сиёсий режимлар эволюцияси йўллари ва имкониятлари

04.03.2007 21:26 msk

Наталья Зотова

Биринчи март куни Москвадаги “Территория будушего” (“Келажак ҳудуди”) Нашриёт уйида Шарқий Европа институти ва Prognosis.ru ахборот-таҳлилий портали томонидан ташкил этилган “Марказий Осиё: мавжуд сиёсий режимлар эволюцияси йўллари ва имкониятлари” давра суҳбати бўлиб ўтди. Мажлисда Марказий Осиё мамлакатлари бўйича етакчи экспертлар иштирок этдилар.

Муҳокама этилаётган масалалар доираси сиёсий режимларни ўзгартириш юзасидан муҳтамал сценарийлар, Марказий Осиё мамлакатларидаги бўҳронларнинг муҳтамал шакллари, Марказий Осиё мамлакатлари давлат мафкурасини (этномиллиятчилик ва бошқалар) танлашдаги муаммолар, сиёсий модернизация йўлларини қидириш ҳамда минтақа мамлакатлари учун “келажак тимсоли” кабиларни ўз ичига олди.

РФА Умумий тарих институтининг етакчи илмий ходими, “Фарғона.Ру” АА эксперти Артём Улунян ўз маърузасини тақдим эта туриб, Марказий Осиёдаги сиёсий режимларнинг барқарорлиги ҳозирги пайтда экспертлар ҳамжамиятида, оммавий ахборот воситаларида ва ҳаказоларда актив муҳокама қилинаётган энг муҳим муаммолардан бири бўлиб ҳисобланишини қайд этди. Ҳозирги пайтда ҳукмронлик моделининг шаклланиши бўйича Марказий Осиё давлатларнинг яхлитлиги ҳақида гапириб бўлмайди. Уларни шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин, уларнинг бирига Туркманистон ва Ўзбекистон, иккинчисига эса Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Бунда гуруҳларни ажратишга мавжуд сиёсий режимларнинг мустабидлик даражаси мезон бўлиб хизмат қилади. Минтақанинг барча давлатлари ичида Қирғизистон демократик асосларга яқинроқ эканига қарамай, Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун қонун чиқариш ҳокимияти устидан тўла назорат хосдир. Бунда парламентнинг қуйи палатаси иккинчи гуруҳга кирувчи мамлакатларда сайланади.

Маърузачи минтақанинг бирор-бир давлатида одатдаги демократия тушунчасига мувофиқ келувчи мухолифат мавжудлиги ҳақида гапиришга асос йўқлигини урғулади. Шу сабабли воқеалар ривожининг уч муҳтамал йўлини тахмин этиш мумкин: 1. “халқ сценарийси”нинг амалга оширилиши (бунга Қирғизистондаги “лола” инқилоби мисол бўла олади); 2. “номенклатура инқилоби” (С. Ниёзов вафотидан кейинги Туркманистон); 3. эволюцион моделни яратишга уриниш. Бироқ мазкур уриниш амалдаги расмийларнинг доимий равишда эволюцияга юз тутиб, ҳокимият тепасида узоқроқ қолишга уринишларидан бошқа нарса эмас.

Стратегик тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими Аждар Куртов Марказий Осиё мамлакатлардаги мухолифат тақдири ҳақида мулоҳазаларини билдирди. Мухолифат лидерлари қисман чет элга мажбуран чиқариб юборилганлар, уларнинг бир қисми қамоқда, бир қисми эса шунчаки сотиб олинган. Айримлар, масалан, Қозоғистонда бўлгани каби “сохта мухолифат” сафига қўшилганлар. Ўзбекистонда ҳам шу йўлдан борилди, охирги йилларда Тожикистонда ҳам шунга ўхшаш жараёнлар кузатилмоқда. Минтақа мамлакатларида мавжуд бўлган партия тизими ягона устивор партия асосида тузилган.

Шунга қарамай, Марказий Осиё давлатларини мавжуд сиёсий режимлар модернизацияси ва трансформацияси кутаяпти, аммо бу жараён жуда секин кечади. Ҳокимиятни топширишда ҳам имиллаган ўзгаришлар бўлиши мумкин, аммо ҳукмдорлар ва уларнинг ворислари битта мақсадни – вазиятни тўла назорат остида ушлаб туриш ҳамда ҳокимият ва мулкни қайта тақсимланишига йўл қўймасликни кўзлайдилар.

“Новости” РАА экспертлик кенгаши аъзоси Санобар Шерматова ҳам мухолифат истиқболлари мавзусида маъруза тақдим қилди. Маърузачи томонидан тўхталинган асосий масалалардан бири мухолифатнинг сиёсий моделлар трансформациясида иштирок этиш имкониятларининг нақадар реал эканига дахлдор бўлди. Туркманистон ва Ўзбекистон мухолифати вакиллари ҳозирги пайтда ўз мамлакатларидаги ўзгаришлар устида ишлаш зарурлигини, бироқ уларнинг фақат ўз кучларига таянишларига тўғри келишини билдирмоқдалар. Ғарбга ишониб ўтириш мутлақо маъносиз ишдир.

Мухолифат икки марта ҳокимиятга тепасига келган ва парламентда 30 фоиз ўрин квотасига эга бўлган Тожикистонда ҳозирда улар сонининг қисқариши кузатилмоқда. Яқинда бўлиб ўтган сайловлардан кейин парламентда мухолифат вакиллари қарийб қолмаганлар. Тожикистондаги мавжуд сиёсий режим мухолифатни актив сиёсий ҳаётдан аста-секин сиқиб чиқармоқчи.

Бу жараёнларда Қирғизистон алоҳида ўрин тутади. Мамлакатда доим “шимол-жануб”га ажратиш мавжуд бўлганлиги сабабли бу ҳолат элиталардан бировига мамлакатда собит ҳокимият вертикалини қуриш учун етарли даражада мустаҳкам ўрнашиб олишига имкон бермаган. Элиталарнинг доимий кураши, манфаатлар тўқнашуви, қонунга мурожаат қилиш зарурати (ёки ҳокимият ресурсларига эришиш учун кураш чоғида қонунлар ишлаб чиқиш) мамлакат тараққиётига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Қирғизистонда фуқаролик жамияти анча яхши ривожланган, у собиқ президент А. Ақаев давридаёқ ривожланган эди. Ҳатто қирғиз менталитетининг ўзи ҳам тоталитар режим яратилиши ва ривожланишига имкон бермайди.

Шунга қарамай, Қирғизистон минтақадаги радикал исломийлашув мумкин бўлган ягона мамлакатдир. “Ҳизбут-Таҳрир” партияси гарчи мамлакатда расман таъқиқланган бўлса-да, унинг вакиллари актив фаолият олиб бормоқдалар ва ҳатто муниципал сайловларда иштирок этаяптилар. Бундан ташқари, ижтимоий муаммоларнинг кўплиги, аҳолининг қашшоқлиги – буларнинг ҳаммаси Ислом ғоясининг фойдасига ишлаяпти.

Мунозаранинг якуний қисмида РФА Европа институти бош илмий ходими Сергей Абашин Марказий Осиёда россиялик олимлар томонидан сиёсий, ижтимоий ва бошқа тадқиқотлар ўтказиши муҳимлиги ҳақида гапира туриб, минтақа Россия билан ҳар доим тиғиз алоқада бўлишдан қочиб қутулолмаслиги ҳақидаги тасаввур хато эканини қайд этди. Марказий Осиё мамлакатларида янги авлод ўсиб келаяпти, собиқ совет ҳудуди хотираси билан боғлиқ бўлмаган янги элита шаклланаяпти. Шунинг учун ҳам минтақада россиялик тадқиқотчилар ҳозирлигини сақлаб қолиш ўта муҳим.



 

Реклама