05:28 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Матиас Майер: Ўзбекистондаги инвестицион иқлим бундан яхшироқ бўлиши мумкин эди

02.03.2007 19:23 msk

Ўз ахб.

Матиас Майер
Матиас Майер. “Фарғона.Ру” АА фотоси
1 март куни Тошкентда Ўзбекистон билан Германия ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 15 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Матиас Майер журналистларга Германия-Ўзбекистон алоқаларнинг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари ҳақида гапириб берди.

Унга кўра, ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги ўзаро мол айирбошлаш ҳажми қарийб 300 миллион долларга етган, бу аввалги йиллардагидан 9-10 фоизга кўпдир. Айни пайтда у бундай кичик бўлмаган мамлакатлар учун бу рақамлар мутлақо етарли эмаслигини тан олди.

Чет эл сармоялари учун Ўзбекистондаги корчалонлик иқлимининг нақадар қулайлигига баҳо бера туриб, элчи, Ўзбекистонда ишлаётган саксонга яқин немис фирмалари ва ширкатларининг фикрича, “бу ердаги иқлим унча оптимал эмас”лигини қайд этди.

- Мен бу ерда яна ислоҳотларга зарурат бор, деб ўйлайман, - дея аниқлик киритди жаноб Майер. – Биз вакилларимиздан баъзан уларда муаммоларга дуч келаётганларини эшитамиз. Биз учун эса у ёки бу қарорларни қандай қабул қилинаётгани кўришимиз учун ва тадбиркорлар ўз сармоялари ишончли ётқизилаётганига қатъий ишонишлари учун жараённинг шаффоф бўлиши жуда муҳим. Сиз тадбиркорлар ўз сармояларини ишончли жойга қўйишларини биласиз-ку. Масалан, улар Ироққа ҳеч қачон бормайдилар.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши муаммосига тўхтала туриб, немис элчиси дипломатия санъатини аъло даражада эгаллаганини исботлади: у ўз нутқида “ҳамкорлик” ва “диалог” каби сўзларни қалаштириб, кўп гапирди, аммо тайинли бир гап айтмади.

- Биз олиб бораётган диалог конструктив тарзда ривожланмоқда, - дея билдирди М. Майер. – Бизнинг инсон ҳуқуқлари билан шуғулланаётган турли муассасалар билан алоқамиз яхши. Биз у ерга исталган пайт бориб, инсон ҳуқуқлари ҳақида исталган маълумотни олишимиз мумкин. Биз ҳамкорлигимиз яхши бошланди, деб ўйлаймиз. Биз Ўзбекистон позициясини тушунишга ва шу йўналишда диалог олиб боришга ҳаракат қиламиз.

Юқорида айтилганлардан ташқари матбуот анжуманида журналистлар яқинда “Ўзбекистон билан парламент даражасида диалогни давом эттириш мақсадида” Европарламентнинг навбатдаги делегацияси Тошкентга келишини билиб олдилар. Унинг Тошкентда 19 мартдан 23 мартгача бўлиши режаланган.