23:27 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Николай Бордюжа тожикистонлик талабаларни КХШТ фаолияти билан таништирди ва НАТОни танқид қилди

02.03.2007 17:13 msk

Виктор Дубовицкий (Душанбе)

Февралнинг охирги куни Душанбедаги Россия-Тожикистон (славян) университетида шу олийгоҳнинг талабалари ва профессор-ўқитувчиларининг Коллектив Хавфсизлик Шартнома Ташкилоти (КХШТ) бош котиби Николай Бордюжа билан учрашуви бўлиб ўтди.

МДҲнинг асосий ҳарбий ташкилоти юқори лавозимли мулозимларидан бири КХШТ доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиш учун Тожикистонга келган.

- Сизнинг ўнтангиздан тўққизтангиз КХШТ нима эканини айтиб беролмайди, - дея мурожаат қилди Н.Бордюжа йиғилганларга, - аммо НАТОнинг нима эканини яхши билади. Буларнинг ҳаммаси бу ташкилот ўзини нақадар “оппоқ ва юмшоқ” экани ҳақида бутун дунёга жар солиши сабабли бўлган.

Н. Бордюжа чиқиши чоғида Шимолий Атлантика Ҳамкорлик Ташкилотининг “оппоқ ва юмшоқ” обрўсига жиддий путур етди. КХШТ бош котиби 2003 йилда КХШТнинг НАТОга харбий-сиёсий жабҳада ҳамкорлик қилиш таклифи билан мурожаат қилганига қарамай, “ҳалигача ҳеч қандай жўяли жавоб ололмаган”ини қайд этди. Буни изоҳлай туриб, у: “НАТОга шунчаки МДҲ мамлакатлари билан бирга ишлаш фойдали эмас, блокка биз алоҳида-алоҳида бўлганимиз фойдалироқ. КХШТга аъзо мамлакатлар билан ҳамкорлик қилар экан, НАТО уларнинг ҳар бири билан якка-якка ҳамкорлик қилади. Улар учун КХШТ билан ташкилот ўлароқ ҳамкорлик қилиш – бизнинг бирлашишимиз учун ишлаш демакдир”, дея тўғридан-тўғри таъкидлади.

КХШТнинг тузилиш сабаблари ва фаолият босқичлари ҳақида гапира туриб, Н. Бордюжа 1999 йилгача ташкилот қарийб қоғоздагина мавжуд бўлганини таъкидлади. Фақат Шартномага аъзо давлатлар 1993-2001 йилларда Тожикистонда Тинчликпарвар Кучлар Контингенти (ТКК) таркибида тинчликпарварлик миссиясини бажарган пайтдагина КХШТ аъзолари коллектив харбий-сиёсий фаолиятда иштирок этганлар. Бу Контингент таркибида Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон қуролли кучлари бўлинмалари иштирок этганлар. Тожикистон-Афғонистон чегараси қўриқланишини кучайтириш билан бир қаторда ТКК бўлинмалари ТБМОнинг оч аҳолисига минглаб тонна инсонпарварлик юкларини етказиб берганлар, тинчликпарварлик характерига эга бўлган ўнлаб бошқа тадбирларни ўтказганлар.

Коллектив хавфсизлик шартномасини “тирилтириш”да ҳал қилувчи ролни Қирғизистоннинг Боткен вилоятида 1999 ва 2000-йилларнинг ёз ойларида ЎИҲнинг юзлаб жангарилари Ўзбекистонга ўтиб олишга ҳаракат қилганларидаги воқеалар ўйнаганди. Бу воқеалар замонамиздаги ҳарбий-сиёсий хавф-хатарларга қарши туришга қодир, мунтазам фаолият олиб борадиган ташкилотга бўлган эҳтиёжни юзага чиқарган, шундай сўнг КХШТ тузилган. Н. Бордюжанинг қайд этишича, “КШХТ НАТОга муқобил ташкилот, аммо ҳозирча унга вазн жиҳатдан тенг келолмайди”.

РТСУнинг халқаро бўлимида ўқийдиган талабаларнинг “КШХТ АҚШнинг Эронга нисбатан муҳтамал тажовузига муносабати қандай”лиги ҳақидаги саволларига жавоб бера туриб, Н. Бордюжа бу каби тадбир жаҳондаги вазиятни янгитдан таранглаштиришини қайд этди ва бунга бугунги Ироқдаги вазиятни мисол келтирди. Шу ернинг ўзида у бироз муддат илгари Эрон КХШТга қўшилишга қизиққанлигини эслатиб ўтди. Унга кўра, Эрон томонига ўрганиб чиқиш учун барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган.

КХШТнинг халқаро ҳамкорлиги ҳақида гапира туриб, Н. Бордюжа Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида Хитой билан ўзаро ҳамжиҳатлик юқори даражада эканини қайд этди.

Муаллиф ҳақида - Виктор Дубовицкий, тарих фанлари доктори, Душанбе, Тожикистон, “Фарғона.Ру” АА эксперти