19:24 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Мамбетжунус Абилов: Президент Бакиевни муддатидан аввал истеъфога чиқаришга уриниш одамларни жануб ва шимолга ажратиш тамойилини кучайтириб юборади

28.02.2007 19:11 msk

Ўз ахб.

“Фарғона.Ру” АА таҳририятига Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси Мамбетжунус Абилов баёноти келиб тушди. Уни тўлалигича чоп қилаяпмиз.

Мамлакатдаги истиқрорсизлик дипломатларнинг кайфиятида ҳам акс этмоқда. Бундан мен ҳам мустасно эмасман.

Собиқ бош вазир Феликс Қулов баёноти билан танишганимдан сўнг хавотирга тушиб қолдим. У агар курашилмайдиган бўлса, мамлакатни ҳалокатга олиб бориши мумкин бўлган хавф-хатарлар билан курашишини айтади.

Хавф-хатарлар ўлароқ у қуйидагиларни келтиради:

- бир тўда шахслар томонидан ўзгалар мол-мулкининг эгаллаб олиниши;

- сиёсий элита даражасида одамларни ҳудудий мансубиятга қараб айириш;

- битта оилага яқин бўлган кишилар томонидан телеканалларнинг назорат қилинаётганлиги;

- ҳокимият ва сиёсатнинг криминаллашуви;

- расмийлар томонидан “бошқарув йўналиши”дан норози бўлган кишиларнинг таъқиб этилиши.

Қулов алоҳида шахсларга ва сиёсий гуруҳларга хизматкорлик қилишни истамаган, руҳан тарқоқ бўлган сиёсий кучларни бирлаштиришни ва унга бошчилик қилишни истайди. Унинг таклифини Қулов томонидан тузилган “Қирғизистон келажаги учун бирлашган фронт”га кирган айрим таниқли сиёсатчилар қўллаб-қувватладилар. Бу фронт ўз вазифаси ўлароқ ҳақиқий конституцион ислоҳот ўтказишни кўзлайди ва муддатдан аввал президентлик сайловлари ўтказишни таклиф қилади.

Муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказиш ғояси менда хавотир уйғотди. Масалан, Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев бунга рози бўлмаса, фақат президентни ҳокимиятдан четлаштириш билангина муддатдан аввал сайловлар ўтказиш мумкин бўлади. Табиийки, то қонун Бакиев тарафида экан, у қаршиликсиз ҳокимиятни топширишни истамайди. Шунинг учун ҳам Бакиевни муддатидан аввал ҳокимиятдан четлатишга уриниш одамларни жануб ва шимолга ажратиш тамойилини кучайтириб юборади. Гап шундаки, жанубликларнинг кўпчилиги “шимолликлар Бакиевнинг ишлашига имкон бермаяптилар”, деган фикрда бўлишиб, Бакиевни муддатидан олдин истеъфога кетказиш жадаллаштирилган тақдирда жанубликларда президентни ҳимоя қилиш истаги ошиб боради. Бунга бошқа сабаб ҳам бор: Қулов атрофида – агар Ўмурбек Текебаевни ҳисобга олмаганда – бугунги кунда жануб аймоғидан эътиборли фигуралар йўқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қулов ҳатти-ҳаракатлари ушбу аймоққа қарши қаратилган фаолият ўлароқ қабул қилинади.

Ўз вақтида биз Ақаев томонидан қўлланилган президент оиласи аъзоларининг давлат ишларига аралашишларига имкон берувчи тизимга қарши курашгандик. Маълумки, бу мамлакатда коррупциянинг гуллаб-яшнаши ва қашшоқликнинг авж олишига олиб келганди. Афсуски, яқиндагина ақаевча ахлоқсиз тизим рақиблари сафида бўлган киши ҳокимият тепасига келганидан сўнг бугунги кунда бу тизимни тирилтиришга қай бир даражада мойиллик кўрсатаяпти. Менинг бундан бошим осмонга етаётгани йўқ. Бироқ Қуловдан фарқли ўлароқ мен аввал бошқарувнинг манфур тизимини тубдан емириш зарур, деб ҳисоблайман. Шахсий тажрибамиз шуни кўрсатдики, тизимни алмаштирмасдан туриб, президентни алмаштириш мамлакатнинг коррупциядан халос этилишини кафолатламас экан.

Мамлакатни бу дафдан халос қилиш учун бутун жидду жаҳдни конституцион ислоҳот ўтказишга қаратиш лозим. Парламент сайловларида ғалаба қилган сиёсий партиялар, ниҳоят, ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқига эга бўлишлари керак, ҳукумат эса, ўз навбатида, конституцияга мувофиқ равишда мустақил иқтисодий сиёсат юргизиш ҳуқуқи билан таъминланиши керак. Ўшанда биз оила бошқарувининг йўқ қилинишига эриша оламиз.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қулов ва Бакиев конституцион ислоҳот ташаббускорларига айланишиб, ўзларининг декабрдаги хатоларини тузатсалар яхши бўлар эди.

Бугунги кунда мамлакат яна хавф остида қолди. Бишкекда хатарли кайфият ҳукм сурмоқда. Шаҳарликлар Бакиев ҳокимият тепасига келганидан кейин айниқса кучлироқ сезила бошлаган жанубликларнинг пойтахтдаги зўравонликларидан ғазабланганлар. Бу қаҳр-ғазаб жанубдан шимолга оқиб келаётган меҳнат муҳожирларини тўхтатиш учун ҳеч бир иш қилмаётган ҳокимиятга қарши эмас, ҳимоясиз келгиндиларга қарши қаратилгани алоҳида хавотир уйғотмоқда. Агар вазият ўнгланмаса, у жануб ва шимол вакиллари ўртасида кенг кўламли қонли тўқнашувларга олиб келиши ва мамлакат келажагига таъсир кўрсатиши мумкин бўлади. Бу Қулов ўз баёнотига келтирганидан кўра ҳақиқийроқ хавф-хатардир.

Сиёсий вазиятни юмшатиш учун Қулов муддатидан аввал президентлик сайловлари ўтказиш ғоясидан воз кечса, Бакиев эса жанубликлар қўлловига умид қилишни бас қилса, яхши бўларди. Агар Бирлашган фронт ва “Ислоҳотлар учун” ҳаракати аъзолари “понани пона билан” чиқарсалар, бу қўллов қор каби эриб кетади – жанубликлар Бакиевга альтернатив ўлароқ бошқа кишини таклиф қиладилар.

Афтидан, сайловларгача қолган вақт ичида биз иқтисодиётда улкан зафарларга эриша олмасак керак, аммо биз бу вақт ичида ақаевча тизим илдизларини охиригача емириб ташлаш учун қўлимиздан келган барча ишни амалга оширишимиз зарур бўлади. Айнан шунинг учун биз инқилоб қилгандик. Мен бугунги кунда, март инқилобини нишонлаш арафасида ўзининг майда маслаҳатчилари оғушида бўлган президент Қурманбек Бакиевга бу ҳақда эслатиб қўйишни ўринли, деб топдим.

Мамбетжунус Абилов, Қирғизстоннинг Туркиядаги элчиси, Анқара.