02:17 msk, 16 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Кўмир қироли” учун тузоқ: Нурлан Мўтуевни жиноят оламидаги шахслар ҳам сиқувга олаяптилар

28.02.2007 15:29 msk

Халид Валидов (Бишкек)

Нурлан Мўтуев. “Фарғона.Ру” АА архивидаги фото

Бишкекда 2005 йил март инқилобидан кейиноқ Норин вилоятидаги Қаракече кўмир конини эгаллаб олган “кўмир қироли” аталмиш Нурлан Мўтуев устидан суд жараёни давом этди. Н. Мўтуев жиноий кодекснинг 14 моддаси бўйича айбланмоқда, улар ичида ноқонуний қурол олиб юрганлик, бегоналарнинг мулкини эгаллаб олганлик ва бошқалар бор.

Қаракечени эгаллаб олиниши тўғрисидаги иш бўйича яна ўн киши айбланмоқда. Ҳакам айблов матнини бир соатдан кўпроқ ўқиди.

Эслатиб ўтамиз, 2005 йилда март инқилобидан кейиноқ “Жўўмарт” ватанпарварлик ҳаракатининг ўша пайтдаги лидери Нурлан Мўтуев Қаракече кўмир конини эгаллаб олган ҳамда конда кўмир қазишга лизенцияси бўлган хусусий ширкатлардан тортиб олинган мулк ва техникадан фойдаланган ҳолда қарийб бир йил ноқонуний равишда кўмир қазиш билан машғул бўлган.

Нурлан Мўтуев қарийб бир йил Норин вилоятининг Жумғал туманида маҳаллий расмийларга бўйсунмай, солиқ тўламай ва фойдаланилган электр энергиясига ҳақ тўламай ҳукмронлик қилган. “Фарғона.Ру” АА таҳлилчилари ноқонуний кўмир қазиб олиш ишини икки тузилма – жиноий гуруҳлар ва давлат тузилмалари назорат қилишларини аввал хабар қилган эдилар.

Жиноят олами Нурлан Мўтуевни Қаракечеда кўмир қазишда техникасини ишлатаётган хусусий ширкатлар эгалари жисмонан йўқ қилишига қаратилган муҳтамал ҳаракатлардан қўриқларди. Қайд этиш жоизки, “Ақжўл” кўмир ширкати эгаларидан бири, Жўғўрқу Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Қамчибек Жўлдўшбаевни Мўтуев ҳамманинг кўз ўнгида калтаклаб, ундан машинасини тортиб олиб, кейинчалик бу машинада ўз “мулки”ни айланиб юрган. Мўтуевнинг истаган нарсасини қилиши мумкинлигига ва ўзининг жазоланмаслигига қаттиқ ишонганлиги уни ноқонуний кўмир қазиб олишда шерик бўлган жиноят оламидаги шахслар қўллагани билан изоҳланади, уларнинг лидери 2006 йил майида номаълум кишилар томонидан отиб кетилган Риспек Ақматбаев эди.

Нурлан Мўтуев расмий тузилмаларда ҳам қўлловга эга эди, расмий Бишкек Қаракечеда тартиб ўрнатишга ҳатто ҳаракат ҳам қилмаганини бошқача изоҳлаб бўлмайди. Жабрланган кўмир ширкатларининг мулкдорлари мурожаат қилмиш маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳам Н. Мўтуевга қарши ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Нурлан Мўтуевнинг Қаракече кўмир кони ёрдамида қўлга киритилган назоратсиз ва солиқлари тўланмаган маблағлар жамғариши 2006 йилнинг май ойида “кўмир қироли” Бишкекда милиция томонидан ҳибсга олинганида якунланди. Эндиликда тергов ҳибсхонасига киритиб қўйилган Нурлан Мўтуев жиноят олами лидерлари томонидан қаттиқ сиқувга олинган. Бунинг сабаби Мўтуев Риспек Ақматбаев томонидан уюштирилган, бош вазир Феликс Қулов истеъфоси ва Риспек Ақматбаевни мақтул акаси – Тиничбек Ақматбаев ўрнига депутатликка номзод ўлароқ рўйхатга олиш талаб қилинган митингни очиқдан-очиқ қўллагани эди. Қирғизистон колониялари ва тергов ҳибсхоналари эса Риспек Ақматбаев билан анчадан буён ораси чатоқ бўлган жиноят оламининг бошқа бир лидери Азиз Батукаев томонидан назорат қилинади.

Тергов ҳибсхонасида ўғрилар анъанасига содиқ бўлган “нозирлар” ҳам, Азиз Батукаев тарафдорлари ҳам аввал-бошда Нурлан Мўтуевни таъқиб қила бошлаганлар, бироқ Мўтуев терговдагиларни қўллаб-қувватлаш учун 1-тергов ҳибсхонаси “хазина”сига ҳар ойда 10 минг доллардан тўлаб туриши ҳақида битимга келинганидан сўнг улар “кўмир қироли”га босим ўтказишни камайтирганлар.

Нурлан Мўтуев суд жараёни чоғида сиёсий шов-шувларга сабаб бўлажак хабарлар очиқлашни мунтазам равишда ваъда қилиб келаётгани ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборидан четда қолмаганди. Бироқ ҳозирча бунақа шов-шувлар бўлгани йўқ. Қайд этиш жоизки, мазкур жараённинг ўзи сиёсий характерга эга бўлиб, моҳиятан, инқилобдан кейин тартиб ўрнатиш бўйича суд прецеденти бўлиши керак.