15:10 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Янги расмийларнинг Ашхободдаги стратегияси ва тактикаси

27.02.2007 20:37 msk

Никита Николаев, Девлет Озоди

Жорий йилнинг 11 февраль куни Туркманистонда бўлиб ўтган ва Қурбанқули Бердимухаммедовнинг давлат раҳбари сифатидаги ваколатларини машруълаштиришга имкон яратган президентлик сайловлари мамлакат ичкарисида ҳам, хорижда ҳам жиддий умид уйғотди.

Туркманистон мустақилликка эришганидан бошлаб шаклланган ижтимоий-сиёсий режим ва бу режим томонидан барпо қилинган иқтисодий тизим авторитар ҳокимиятнинг ўзгармас шаклига мўлжалланган эди.

С. Ниёзов вафотидан сўнг унинг институтлари устидан назоратнинг ўтиш схемаси мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳақида фикр билдирувчи кўпчилик кишиларга, биринчидан, Тункманистонда бундан буён асосий куч харбийлашган маҳкамалар (энг аввало, президентнинг қўриқчилик хизмати) раҳбарлари бўлиб ҳисобланишлари, иккинчидан эса ҳокимият тепасига келган гуруҳ қанададир ислоҳотлар ўтказишга рози бўлишию ҳокимиятнинг муайян секторлари устидан ҳукмронликни ва иқтисодиётнинг айрим жабҳалари устидан назоратни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиши юзасидан мулоҳаза билдиришларига асос берганди. Бу хулосалар кўп жиҳатдан мамлакатнинг ёпиқлиги ва Турманистоннинг юқори сиёсий доираларида содир бўлаётган воқеалардан оз хабардор бўлганлик сабабли юзага келганди.

Ўз навбатида, унинг ташаббускор гуруҳи юзага келган вазиятдан муайян доирадаги шахслар манфаатлари учун қулай ички ва ташқи сиёсий вазиятни яратишга қодир тактик приёмлар билан таъмин этилган стратегик мақсадларни амалга ошириш учун фойдаланди.

Стратегик ҳадаф мамлакат янги раҳбарини машруълаштириш ва бунга ҳалақит берувчи ҳар қандай ижтимоий-сиёсий фаолликка йўл қўймасликдан иборат эди. Тактик нисбатда қуйидагиларга йўналтирилган қадамлар қўйилди: 1) барқарорликни сақлаб қолган ҳолда мамлакатда ва хорижда ўзгаришлар бўлишига умид муҳитини яратиш; 2) С. Ниёзов ҳукмронлиги пайтидаёқ эълон қилинган “нейтрал Туркманистон” ташқи сиёсий йўналишини ва аввал тузилган мамлакатлараро иқтисодий шартномаларни тасдиқлаш; 3) ижтимоий-сиёсий вазият устидан назоратни кучайтириш.

Танланган тактика доирасида расмий оммавий ахборот воситалари орқали, шунингдек, мамлакат раҳбариятида гўё мавжуд бўлган сиёсий либераллашув ҳамда Туркманистон жамиятидаги бошқа ўзгаришлар режаси ҳақида маълумотлар “чиқиб кетиши”ни уюштириш йўли билан ахборот фаолияти олиб борилди. Сиёсий маҳбусларнинг тез орада озод этилиши, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва расмий Ашхободнинг “мамлакатни очиб юбориш”и ҳақидаги ахборот кенг кўламда тарқалди.

Айни пайтда сиёсий мухолифатнинг Туркманистон ички ишларига аралашувига йўл қўймаслик ва мухолифатдаги айрим кишиларни хориждан қўллов олишларидан маҳрум қилишга имкон берадиган шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳатти-ҳаракатлар амалга оширилди. Туркманистон раҳбарияти томонидан яратилган воқеалар картинаси мамлакат ичкарисидаги ижтимоий кайфиятни кўтариш каби чет элдаги журналистлар ва сиёсатчилар доирасида ҳам “позитив тахминлар” пайдо бўлишига туртки берди.

Бироқ кўпчилик кузатувчилар учун кам маълум бўлган реал вазият Ашхобод томонидан онгли равишда шакллантирилаётган тасаввурлардан анча фарқ қилади.

Энг аввало, дастлабки “сайловолди” босқичидаёқ, Межлис (парламент) раиси, Халқ Маслаҳати раис ўринбосари бўлган Ўвазгелди Атаев “Ниёзов услуби”да ўз лавозимидан олинган пайтдаёқ конституция бузилганди.

Кейинги қадам Конституцияни ўзгартириш ва Давлат хавфсизлик кенгашини ижроия ҳокимиятининг, қатор ҳолларда эса қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг олий органига айлантириш бўлди.

Ниҳоят, сайлов ўтказилишининг ўзи ҳеч қанақа ҳақиқий сайлов ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини исботлади. Бу хронологик давр доирасида Туркманистон олий раҳбарияти аъзолари – президент в. б. Қ. Бердимухаммедов, мудофаа вазири, А. Мамедгелдиев, миллий хавфсизлик вазири Г. Аширмухамедов, ИИВ вазири А. Рахманов, Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи А. Режебов ва ташқи ишлар вазири Р. Мередовнинг бирдамлиги намоён бўлди.

Шу билан бирга, Бердимухаммедовга яқин бўлган А. Мамедгелдиев Халқ Маслаҳатига раислик лавозимини эгаллай олмади, чунки “тор доира”дагиларнинг кўпчилиги бундай қадамни “ички вазиятни ва мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни чет элнинг қандай қабул қилишини ҳисобга олган ҳолда кераксиз” деб топди.

Бироқ бугунги кунда тарихга айланган бу воқеалар 11 февралдаги сайловдан ҳамда 14 февралда Қурбанқули Маликқулиевич Бердимухаммедов Туркманистон президенти этиб тасдиқланганидан кейин ҳам давом этди. 15 февраль куни вазирлар маҳкамасининг тарқатилгани ва Туркманистоннинг ўзида ҳам, хорижда ҳам янги йўналишнинг бошланиши эканини намойиш қилиши керак бўлган янги ҳукумат тузилгани ана шундан далолат беради.

Аслида, вазирлар маҳкамаси тартиби бундай хулоса чиқаришга имкон бермайди, аммо айни пайтда, агар фақат ҳукуматга оид тайинловларгина назарда тутилмайдиган бўлса, ўзига хос равишда диққатга сазовор иш бўлиб ҳисобланади.

Қ. Бердимухаммедовнинг кадрлар масаласидаги дастлабки қадамларидан бири президент маъмурияти раҳбари лавозимига Юсуп Ишанғулиевни тайинлашидир. Аввалги раҳбар - президентнинг қўриқчилик хизматидан чиққан Мухамметберди Башиев истеъфога чиқарилган.

ТИВ раҳбари Рашид Мередов бош вазир ўринбосари мақомига чиқарилди.

Бу тайинловларнинг эртасигаёқ Қ. Бердимухаммедовнинг “Туркманистон президенти ҳузурида фуқароларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятига доир масалалар юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича давлат комиссиясини тузиш ҳақида”ги фармони эълон қилинди, у қатор кузатувчилар томонидан “илишнинг бошланиши” ўлароқ қабул қилинди.

Моҳиятан, бу ҳужжат мазмуни тегишли вазирлик ва маҳкамаларнинг иш-ҳаракатлари С. Ниёзов давридагидан фарқ қилади, деб ҳисоблашга асос бермайди. Ахир миллий хавфсизлик вазири Г. Аширмухамедов, ИИВ вазири А. Рахманов, Президент хавфсизлик хизмати раҳбари А. Режебов, Бош прокурор Мухаммедғули Ўғшуқов, Олий суд раиси Яшгелди Эсенов ўз лавозимларида қолдилар, собиқ адлия вазири А. Ғулғараев эса “диний йўналиш” бўйича қатағончилик фаолияти билан танилган Мурад Қарриевга алмаштирилди.

Шунга қарамай, аъзоларининг ёши 33 дан 55 гача бўлган ҳозирги ҳукумат таркиби эътиборга лойиқ. Шу билан бирга, вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари 44-48 ёшдаги амалдорлардир, уларнинг 90% дан кўпроғи Туркманистондаги олийгоҳларни тамомлаганлар.

С. Ниёзов ғазабига йўлиққан ва ўзларининг юқори лавозимларидан айрилган айрим амалдорларнинг ҳокимиятга қайтиши кадрлар тақчиллиги шароитида ва ҳозирги Президентга шахсан содиқ бўлган кишилар зарур бўлган пайтда бўлиб ўтаяпти. Қ. Бердимухаммедов тактикаси ўз кадрлари потенциалини яратиш ва у билан шахсан боғлиқ бўлган бюрократияни шакллантиришдан иборатдир. Айнан шунинг учун ҳам мудофаа вазири А. Мамедгелдиев Давлат хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида қолмоқда, уни А. Режебовга алмаштириш эса ҳозирги давлат раҳбари позициясини заифлаштириши мумкин эди.

Ҳозирги пайтда, бир томондан “21 декабрь гуруҳи” иқтидорда эканини, бошқа томондан эса мамлакат раҳбари ҳамда унинг бу гуруҳдаги ҳамкасблари билан тиғиз алоқада бўлган номенклатура таркиби шакллантирилаётгани ҳақида гапириш жоиз.

Ҳозирги давлат раҳбарини машруълаштиришдак стратегик мақсад тактик қадамлар билан қай даражада мувофиқ келиш-келмаслигини вақт кўрсатади; бироқ режимнинг ўзи ўзгариши ҳақида ҳозирча гапиришга ҳожат йўқ.