13:03 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги кўпхотинлилик: ижобий ва салбий жиҳатлар

27.02.2007 17:32 msk

С. Жайчибеков

Аввал хабар қилганимиздек, яқин орада Қирғизистон парламенти кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш ҳақидаги масалани кўриб чиқади. Бугун “Фарғона.Ру” АА таҳририятига “Ҳуқуқ ва одамлар” нодавлат ташкилоти лидери Сартбай Жайчибеков томонидан ёзилган, кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш бўйича ташаббусга бағишланган мақола келиб тушди. Қуйида С. Жайчибековнинг ана шу мақоласини муштарийларимиз эътиборларига ҳавола қиламиз.

Жамиятимиз кўпхотинлиликка тайёрми?

Кўпхотинлилик азалдан бўлган ва бундан кейин ҳам доим бўлади. Дин пешволари Қуръони карим ҳукмига кўра иш юритган мусулмон мамлакатларида кўпхотинлилик қонуний асосга эга.

Қирғизистонда Қуръон ҳукмига ҳам, инсонпарварлик тамойилларига ҳам, [дунёвий] қонунларга ҳам кўп ҳолларда риоя этилмайди. Бир томондан, мен кўпхотинлиликка қаршиман, аммо бу тамойилни ҳеч ким тўхтатиб қола олмайди. У қишдан кейинги бойчечакдек гуллаб-яшнаяпти. Бундан фақат принципсиз хушторлар, фирибгарларгина манфаат топаяптилар. Охир-оқибат, бутун умрга хўрланган, ҳақоратланган, алданган, ҳуқуқлари топталган бўлиб аёллар ва уларнинг болалари қолаяптилар. Ҳуқуқий тийиқсизлик бечора аёлни ва унинг болаларини тушкунликка ғарқ қилаяпти. Ҳозирги пайтда ҳамма жойда аёлнинг фуқаролик ҳуқуқлари бузилаяпти. Кўп эркаклар аёлларни вазиятнинг ҳақ-ҳуқуқсиз жорияларига айлантиришиб, ўз жиноятлари учун берилиши керак бўлган жиноий жавобгарликдан қочаяптилар.

Мусулмон дини қоидаларига кўра ҳар бир киши иккинчи хотинга уйланаётган пайтда биринчи хотинининг розилигини олиши керак. Бу розиликни олган эркак иккинчи хотин билан никоҳдан ўтиш учун қонуний асосга эга бўлади. Ушбу асосда никоҳдан ўтиш иккинчи хотин манфаатлари ҳимоя қилиниши учун қонуний асос беради. Бунда никоҳдан ўтганлар зиммасида [қўшимча] фуқаровий ва жиноий жавобгарлик ётади.

Ҳозирги пайтда Қирғизистондаги кўпхотинлилик билан боғлиқ вазият қуйидагичадир:

1. Пули бор эркаклар аёлга уй-жой, кийим-кечак, машина таклиф қиладилар ёки фирибгарлик йўли билан икки, уч, баъзан эса ундан кўпроқ хотинга уйланиб, ўз мақсадларига эришадилар. Бу ҳақда маҳаллий мулладан бошқа ҳеч ким билмайди. Вақт ўтиши билан фарзандлар дунёга келадилар, қонуний ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлмаган аёл эса бирор нарсага ҳамда ноқонуний эр устидан шикоят қилишга даъво қилолмайди.

2. Пули йўқлар эса аёлларни алдайдилар, аврайдилар, зўрлик қиладилар, қўрқитадилар, калтаклайдилар ва улардан иккинчи хотин бўлишга розилик оладилар. Мулла эса маҳфий равишда никоҳ ўқиб қўяди.

Ҳар иккала ҳолатда ҳам куёв/эр зиммасига на фуқаровий жавобгарлик, на жиноий жавобгарлик юклатилади.

Орадан маълум бир вақт ўтгач, эр иккинчи хотинни ташлаб кетади. Бу аёллар бир умрга яхши турмушга умидларини йўқотадилар, улар руҳий жиҳатдан эзилиб, тажанг бўлиб қоладилар, уларнинг болалари назоратсиз қолади.

Қонуний ҳақ-ҳуқуқларга эга бўлмаган бу аёллар ва уларнинг болалари ҳар жиҳатдан ҳақсиз бўлиб қоладилар:

1. Фуқаровий тартибда улар меросга, кўчмас мулкка даъвогарлик қилолмайдилар, эрдан ажраган ҳолларида ноқонуний эрдан алимент ундириш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар; ноқонуний туғилган болалар ҳам оналари каби қарийб ҳақ-ҳуқуқсиз бўладилар, ўз қариндошларини танимаган ҳолда қариндошлик ришталарини йўқотиб қўядилар. Болага юқорида зикр этилган ҳақ-ҳуқуқлар қайтарлиши учун кўп йиллик суд машмашаларидан ўтиш керак, бу эса бола психикасини синдириши мумкин.

2. Жиноий тартибда аёллар алдов, фирибгарлик, зўравонлик қурбонига айланадилар.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, мен “Кўпхотинлилик ҳақида қонун” қабул қилишдан аввал фуқаролик кодекси, жиноий кодекс ва “Оила ҳақидаги кодекс”ни қайта кўриб чиқиш ҳамда уларга ўзгартишлар киритиш керак, деган хулосага келдим.

Масжидда никоҳдан ўтиш автоматик тарзда ЗАГСда ҳам расман рўйхатдан ўтиш билан бирга амалга оширилиши керак, бу эркак ва унинг қариндошларини аёл ва фарзанд олдидаги жавобгарлик ҳақида ўйлашга мажбур қилади.