02:50 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон миллий-маданий марказлари Олтой ўлкасидаги энг фаол марказлардандир

27.02.2007 00:43 msk

Юлия Гужвенко, Барнаул

Олтой ўлкасида юз қирқдан зиёд элат яшайди, бу унинг чегарага яқин ерда жойлашгани ва Олтой ҳудудидаги кўп асрлик миллатлараро алоқалар билан билан боғлиқ. Бунда энг кўп сонли гуруҳлардан бири қозоқлар бўлиб ҳисобланади: Олтой ўлкасида ўн бир мингга яқин қозоқ бор. Ўлкадаги бош шаҳар – Барнаулда мингга яқин киши истиқомат қилади, чегара олди туманлари бўлмиш Қулундида 500 киши, Благовешченскда 600 киши, Михайловскда 1488 киши, Бурлинскда 1542 киши яшайди.

Олтой ўлкаси қозоқларини “Ата-Мура” қозоқ маданияти маркази” жамоатчилик ташкилоти бирлаштириб туради. Унинг раиси Хаиржан Дўсумбековдир. Қизиғи шундаки, Хаиржан Сабитович Барнаулда туғилиб ўсган. Барнаулда у ўзини яхши ҳис қилади, аждодлар анъанасини эъзозлашда давом этиб келмоқда, масалан, жума кунлари масжидга намоз ўқиш учун боради.

“Ата-Мура”

Шаҳар ва ўлканинг этник ҳаётида қозоқлар муносиб ўрин эгаллаганлар, бу борада “Ата-Мура” маркази раиси Х. Дўсумбековнинг ғайратига қойил қолиш керак. Охирги йилларда у шаҳар ва ўлка қозоқлари учун аҳамиятли бўлган бир неча тадбирларни уюштирган. Масалан, у “Россиянинг илҳом булоқлари” миллий маданиятлар анжуманини ташкил қилишда иштирок этган, Россия Федерациясида Абай йили ҳамда Қозоғистонда Пушкин йили муносабати билан кўргазмалар ташкил қилган, Барнаулда Наврўз байрамини тайёрлаган.

Хаиржан Дўсумбеков 2006 йилнинг декабрида бўлиб ўтган қозоқлар ҳудудий қурултойи ташкилотчиларидан бири бўлган. Мазкур қурултойга Славгородск, Қулунди, Благовешченск, Табунск, Бурлинск туманлари ҳамда Славгород ва Ярова шаҳарларидан қозоқлар йиғилгандилар. Учрашувда ёшларни миллий маданиятга, қозоқ анъаналари ва урф-одатларини ҳамда қозоқ тилини сақлаб қолишга жалб қилиш юзасидан яхши ниятлардан ташқари, Славгородда мусулмон масжидини очиш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган энг муҳим масалалардан бири бўлганди. Славгород маъмурияти вакили шаҳарда масжид қурилишига ёрдам беришга тайёр эканини билдирганди.

Олтой ўлкасидаги турли миллий-маданий марказлар вакиллари ичида энг фаоллари, ҳойнаҳой, қозоқлар бўлсалар керак.

Умумроссия қурултойи

2006 йилнинг декабрь ойида умумроссия миқёсида Россиядаги барча қозоқларнинг қурултойи бўлиб ўтди. Қурултой Самарада ўтказилди. Бу пайтга келиб Россияда ўнга яқин қозоқ жамоатчилик ташкилотлари тузилганди. Улар орасида Москвадаги “Мурагер”, Олтойдаги “Ата-Мура”, Оренбургдаги “Ақ-Жайиқ”, Омскдаги “Мулдир”, Самарадаги “Ақ Жўл”, Челябинскдаги “Бирлик”, шунингдек, Татаристон, Саратов, Астрахань, Екатеринбург, Саха (Ёқутистон) республикасида фаолият кўрсатаётган қозоқ маданий ташкилотлари бор эди.

Бироқ Россияда қозоқ миллий марказларининг оз эмаслигига қарамай, уларнинг фаолияти тарқоқлик, дамдузлик, миллий-маданий ва ижтимоий-маданий масалаларда ягона позициянинг йўқлиги билан характерланади. Шунинг учун ҳам қурултойда Самарада Россиядаги қозоқ миллий-маданий марказларининг ҳудудлараро мувофиқлаштирувчи бирлашмасини тузиш ҳақида қарор қабул қилинган. Форумда билдирилган асосий мақсад бутунроссия қозоқ корчалонлик маданий-таълимий марказини тузиш ва унинг ишлашини таъминлаш бўлган. Бўлажак марказ қозоқ тили ва маданиятининг сақлаб қолиниши ҳамда ривожланишини таъминлаши керак. Шу билан бирга, у қозоқ жамиятининг жипслашувига, иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади. Бундан ташқари, Самарада қозоқ диаспораси учун марказ барпо қилиниши бўйича тадбирни Қозоғистон Республикаси ҳукумати молиялаштириши мумкинлиги ҳақида ҳам фикрлар айтилган. Умуман олганда, Корея ҳукумати хориждаги ўз ҳамюртларини қўллаганига ўхшаш сценарий ишлаб чиқилган. Аммо бу каби ташаббуслар Қозоғистон ҳукумати томонидан нечоғли қўллаб-қувватланажаги ҳозирча маълум эмас.

Шунда қилиб, қозоқ этник гуруҳи вакиллари ҳозирги пайтда ҳаракатга тушиб қолдилар ҳамда ўз ўй-фикрларини ҳам ҳудудий, ҳам умумроссия миқёсида турмушга татбиқ этишда фаоллаша бошладилар. Лисоний ва маданий фазони сақлаб қолишдан ташқари, улар томонидан Россиядаги қозоқ диаспораси вакиллари ўртасида Қозоғистон корчалонлик ҳамжамияти билан ҳам келажакда ҳамкорлик доираларини кенгайтириш ҳақидаги масалалар қўйилмоқда. Афтидан, Россия расмийлари ҳам Россиядаги қозоқ диаспорасининг маданият ва тилни сақлаб қолиш асосида қозоқ жамиятини жипслашуви, шунингдек, Қозоғистон ва Россия давлатлараро савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг кенгайишига ҳақиқатан ҳам кўмаклашиб, уларнинг ташаббусларига эътибор қаратишлари лозим.