12:26 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: деҳқон хўжаликларининг тарқоқлиги қишлоқ хўжалигини боши берк кўчага киритиб қўйди

26.02.2007 20:47 msk

Абдумўмин Мамараимов

Қирғизистондаги қишлоқ хўжалигининг ривожига бугунги кунда 280 мингдан зиёд бўлган майда деҳқон хўжаликлари ҳалақит бераяптилар. Қирғизистон қишлоқ хўжалиги соҳаси раҳбарияти 21 февраль куни журналистлар билан бўлган учрашув пайтида ана шундай ҳукм чиқарган. “Фарғона.Ру” АА мухбири вазиятни “қуйи”дан туриб таҳлил қилишга уриниб кўрди.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатнинг деҳқончилик учун қулайроқ ҳудуди ҳисобланмиш Жалолобод вилоятида 75.200 дан зиёд хўжалик субъектлари мавжуд. Булар деҳқон ва фермер хўжаликлари бўлиб, уларнинг кўпчилигини тасарруфида атиги неча ўн сотих ер улушларига эга бўлган хусусий фермерлар ташкил қиладилар. Кооперативлар, уруғчилик ва бошқа субъектлар улуши эса ярим фоизни ҳам ташкил қилмайди.

Мутахассисларга кўра, жаҳон амалиётида самарали иш учун хўжалик субъектлари камида юз гектар ерга эга бўлишлари керак. Бу алмашлаб экишга, ерни минерал ўғитлар билан режа асосида ўғитлаб туришга, суғоришга ва турли техникадан фойдаланган ҳолда уни самарали культивация қилишга имкон яратади.

90-йилларнинг иккинчи ярмида мамлакатда ўтказилган ер ислоҳоти натижасида жамоа хўжаликлари тарқатилган. Ер ислоҳоти ҳақидаги фармон чиққунга қадар туғилган ҳар бир қишлоқ фуқароси аввал 49 йилга, кейин эса 99 йилга ердан фойдаланиш ҳуқуқи билан бир неча сотих ер улушига эга бўлган. Шу билан бирга, ер улушлари тенг тақсимланмаган. Яъни, жамоа хўжалиги ерлари ўша пайтда бу ерда яшаган қишлоқ аҳли ўртасида тақсимланган. Бу аҳоли зич жойлашган жанубий вилоятларда киши бошига беш-етти сотихдан, шимолда эса, масалан, Чуй вилоятида жон бошига бир ёки ундан кўпроқ гектар ер тақсимланишига олиб келган.

Ерни хусусий мулк ўлароқ бериш тўғрисидаги қабул қилинган қонун, моҳиятан, қишлоқдагиларни тақсимланган ер улушлари эгаларига айлантирган. Ер ислоҳоти бўйича лойиҳа ходимлари томонидан яқинда ўтказилган тадқиқот фермерлар ер ислоҳотидан умуман олганда хурсанд эканликларини кўрсатган.

Жанубий ҳудуддаги энг йирик ва бой хўжаликлардан бири бўлиб ҳисобланган “Москва” жамоа хўжалиги ер ислоҳотига қарши бўлган кишиларнинг охирги “қалъа”си бўлган дейиш мумкин. Уни ислоҳотчилар “жанг қилиб забт этиш”ларига тўғри келган. Колхозни сақлаб қолишни истаганлар билан бўлган “мухораба”да уч йиллик қарама-қаршиликлардан сўнг ислоҳотчилар ғалаба қозонганлар.

Жамоа хўжалигининг собиқ раиси Адилжан Мамитов ҳозир қишлоқ ҳукумати раҳбари бўлиб ишлайди. У жамоа хўжалигининг бир неча минг гектарлик улкан майдонида “ҳар доим ва ҳамма нарса етарли” бўлган йилларни қайғу билан хотирлайди. Энг асосийси, жамоа хўжалиги доим ҳосилдорликнинг юқори кўрсаткичларига эришгани, миллионер бўлиб ҳисоблангани эди. Нафсиламрини айтганда, колхозчиларнинг кўпчилиги бундан уларни турмуши ўнгланиб қолмаганини, фақат хўжалик раҳбарлари ва уларнинг атрофида бўлган кишилар тўқ-фаровон яшаганларини айтиб нолишарди. Айнан шу нарса ўша йилларда кўтариб чиқилган ислоҳотнинг асосий сабабларидан бири бўлганди. Ўшанда юқори минбарлардан туриб: “Деҳқонлар ернинг ҳақиқий эгасига айланишлари керак”, деганга ўхшаш чақириқлар янграганди.

Мазкур жамоа хўжалиги тарқатилиши натижасида қишлоқдагилар оила аъзолари сонига қараб 17 сотихдан бир ярим-икки гектаргача ер олганлар. Раҳбарият ҳамда тузилган фермер хўжаликлари ва кооперативлари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли хўжаликлар аста-секин бўлина бошладилар, бу юзлаб хусусий фермерларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Аснода ҳамма ўзи керак деб билган экинни эка бошлади. Энди суғориш тизимлари ҳам, тегишли меъёрлар ҳам бузилгани учун деҳқонларга сув етишмаяпти. Шунақа ҳоллар ҳам бўладики, бир деҳқон дуккаклилар экилган экинига сув қўйса, унинг қўшниси пахтасини культивация қилолмайди, чунки далага трактор киролмайди. Бунақа муаммолар тез-тез муштлашув йўли билан, камида, даҳанаки жанглар билан ҳал қилинади.

Шунингдек, минерал ўғитлар ҳам етишмаслиги кузатилади, чунки ҳамма ҳам уни сотиб ололмайди.

Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида минерал ўғитлардан фойдаланиш учдан икки қисмга камайган.

Қишлоқ хўжалигининг бошқа жабҳаларида ҳам ишлар кўнгилдагидек эмас. “Зараркунандалар билан курашишнинг умуман иложи бўлмай қолди, - дейди жамоа хўжалигининг собиқ раиси А. Мамитов. – Чунки баъзилар зараркундаларга қарши кимёвий дориларга пул топсалар, айримлар тополмаяптилар. Бугун улар ўз ерларига дори сепсалар, эртасига зараркунандалар эгаси кимёвий дориларга пул тополмаган қўшни далаларга кўчиб олаяптилар”.

Хўжаликларнинг тарқоқлиги қишлоқ хўжалик техникаси сонига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда – ҳар бир фермернинг ҳам трактор сотиб олишга қурби етмайди. Расмий маълумотларга кўра, керакли техника ва кампаниянинг ёмон ташкил қилингани туфайли Жалолобод вилоятида қирқ фоиз ер ҳайдалмай қолиб кетган. Аммо жойларда деҳқонлар бу рақам кўрсатилганидан кўра кўпроқ бўлиши мумкин, деб ўйлашга мойиллар.

Бу ишлар яна қанақа оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳозирча айтиш қийин. Аммо қишлоқдагиларнинг кўпчилиги “бундан ёмонроқ бўлмас”, деган фикрда. Экспертлар баҳосига кўра, мамлакат хавфсизлигига бевосита хавф солаётган миграцион жараёнлар Қирғизистон қишлоқларини ҳам қамраб олган. Одамлар хорижга кетиб қолаяптилар. Мамлакатда тамакичилик ва пахтачилик таназзулга юз тутган. Агар деҳқонлар пахта хом ашёсининг нархи кўтарилишига умид қилишиб, ҳали ҳам пахта экаётган бўлсалар, тамаки ҳақида ўйлашни ҳам истамай қолганлар. Ҳосилдорлик пастлигидан пахта ҳам, тамаки ҳам бир неча йилдан буён деҳқонларнинг харажатларини аранг қоплаяпти. Тамакикорларнинг кўпчилиги анчадан буён қўшни Қозоғистон тамаки далаларини ўзлаштираяптилар. Буларнинг ҳаммасига жаҳон бозорида нархларнинг тушиб кетиши ҳам келиб қўшилди.

Новкен туманидаги хусусий фермер Абдурашид Убайдуллаевга кўра, бугунги кунда бир гектар майдонда пахта етиштириш сарф-харажатлари йигирма минг сўмдан (тақрибан 500 доллар) ошиб кетаяпти. Деҳқон баҳор сари олган даромад эса, нари борса, 400-500 доллар кўпроқ бўлаяпти, холос. Бу маблағларни янги йил ҳосилига сарф этишга керак бўлади. “Бу чархпалак ҳамманинг жонига тегиб кетди. Биз бутун мавсум бекорга ишлаган бўлиб чиқаяпмиз, - дея нолийди у. - Кейинги йилларда, айниқса ёз ойларида одамлар тўп-тўп бўлиб Россияга кетаяптилар, ҳар куни қишлоқдан беш-олти киши кетади”. Абдурашид Россияда ҳатто фаррош бўлиб ишлаб ҳам бир мавсумда топган пулни бир ойда топа олиши мумкинлигини билади. Аммо ерга муҳаббат, бунинг устига оилавий шароит қадрдон жойларни ташлаб кетишига имкон бермайди.

Ҳозирча Абдурашид четга кетаётганларнинг ерларини ижарага олиб ишлаяпти. У ўз улушларига ишлов беришни истамаган кўп одамлар Абдурашиддан ижара ҳақи сўрамаётганларидан хурсанд. Кўпинча одамлар бунинг эвазига ер солиқлари ва ижтимоийлар тўловларни тўлаб қўйишни сўрайдилар. “Ер ўз қийматини йўқотаяпти, ҳар йили юзлаб гектар ер фойдаланилмай қолиб кетаяпти, - дейди А. Убайдуллаев. – Агар имкон бўлганида мен йирик кооператив тузиб, одамларни шу ернинг ўзида ишлатган бўлардим.”

Айтиш жоизки, аввалги ҳокимият охирги йилларда турли даражаларда қишлоқ хўжалик субъектларини йириклаштириш зарурлиги ҳақида тез-тез гапира бошлаганди. Бироқ маҳаллий кузатувчилар ва экспертлар буни “жуда мураккаб вазифа” эканини айтадилар. Партияда ишлаб юрган пайтида қишлоқ ҳўжалиги муаммолари билан шуғулланган Улуғбек Абдусаломовга кўра, “ҳозир одамларни йирик хўжаликларга ихтиёрий равишда бирлаштиришнинг имкони йўқ”.

Мамлакат янги бош вазири Азим Исабековнинг яқиндаги нутқидан келиб чиқадиган бўлсак, қишлоқ муаммоларини комплекс равишда ҳал қилишга ҳали-ҳозир умид қилмаса ҳам бўлади. Яқинда тузилган ҳукумат раҳбари ўз нутқида ижроия ҳокимияти идоралари олдида турган асосий вазифалар юзасидан мулоҳазалари билан ўртоқлашган. Мамлакат аҳолисининг тақрибан 60 фоизи меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалиги жабҳасига бош вазир нутқида озгинагина жой ажратилган.

Хусусан, бош вазир ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш, конкрет шарт-шароитдан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни ихтисослаштириш масалаларини ҳал қилиш зарурлиги ҳақида гапирганди. “Боткенда – мева, Иссиқкўлда – туризм, Норинда – чорвачилик ва ҳаказолар. Агар ҳар бир ҳудудда устивор жабҳаларни ривожлантирадиган бўлсак, пировардида яхши натижаларга эга бўламиз, - деди бош вазир. – Аммо Ўш вилоятида пахта, гуруч ва тамаки ишлаб чиқаришни оширсак, у ҳолда бошқа жойларда дон ва картошка ишлаб чиқаришни ошириш зарурлиги тушунарли бўлади”.

Қишлоқ хўжалигининг ўзига тўхталар экан, ҳукумат раҳбари шундай деди: “Бу йил баҳор эрта келди, шунинг учун баҳорги дала ишларини виждонан ташкил этишимиз зарур. Республикада фойдаланилмайдиган шудгорлар қолмаслиги керак”. Бори гап шу.



 

Реклама