06:05 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон жанубида миллатлараро жабҳада вазият таранг бўлган ҳудудлар бор

26.02.2007 16:40 msk

Светлана Гафарова (Ўш)

Мустақилликка эришилганидан бери Қирғизистон қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилларига асосланган демократик давлат қуриш йўналишини эълон қилган. Мамлакат ирқий камситилишнинг барча шаклларини йўқ қилиш ҳақидаги халқаро конвенцияга қўшилган, миллий озчиликка дохил шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳақидаги конвенцияни ратификация қилган. Миллий озчиликларнинг ҳуқуқий ҳолати мамлакат Конституцияси билан, Фуқаролик кодекси билан тартибга солинган.

Бир қарашда, туб бўлмаган халқларнинг жамиятга муваффақиятли интеграцияси учун ҳамма шароит муҳайёдек. Бироқ реал турмуш бу жабҳада яширин жиҳатлар борлигини кўрсатаяпти.

- Бугунги кунда этник ҳамжамиятларнинг ўзаро алоқаларида бир қанча муаммолар очиқ кўриниб қолди, - дея маълум қилади Қирғизистон Халқаро университети профессори Жумақан Ўмукеева. – Бу турмушни таъминловчи ресурслардан фойдаланишда дискриминацияга олиб борувчи манфаатлар номутаносиблиги ҳамда икки йирик халқ бўлмиш қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва ҳатто мафия йўналишидаги рақобатга айланган мақом учун курашдир. Кадрларнинг этник жиҳатдан камситилиши ва Европа халқларига мансуб аҳолининг кўчиб кета бошлашини юзага келтирган рус тилидан фойдаланиш доирасининг торайгани, диний чидамсизликнинг шаклланиши, миллий-диний экстремизмнинг ҳамда миллий террорчиликнинг ўсиши, шунингдек, бошқа бир қатор муҳим омиллар жамиятда тарангликнинг кучайиб бораётганидан далолат беради.

Расмий идора вакиллари эса этник жабҳадаги зиддиятларга тайёр эмасликларини намойиш қилмоқдалар ва кўпинча вазиятни назорат қилолмаяптилар. Шунинг учун ҳам содир бўлиб ўтган воқеага жавоб тадбирларини амалга ошириш бошқарувнинг самарадор воситаси бўлиб ҳисоблана олмаслиги, этник сиёсатдаги аниқ стратегик йўналишнинг йўқлиги эса қозонилган муваффақиятларни хавф остига қўйиши мумкинлиги ҳақидаги масала пишиб етилди.

Бу фикр Ўшда бўлиб ўтган “Қирғизистон жанубидаги этник жабҳа: муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларини қидириш” давра суҳбатидаги устивор фикрлардан бири бўлди. Тадбирни вилоят давлат маъмурияти, республика Миллий Фанлар академияси жанубий бўлими Ижтимоий фанлар институти ҳамда “ИРЭТ” жамоатчилик жамғармаси уюштирганлар. Унда давлат идоралари ходимлари ва фуқаролик сектори вакиллари биргаликда жанубий ҳудуддаги миллатлараро муносабатларни таҳлил қилишга ҳамда этник жабҳада аниқ ва тушунарли сиёсатни ишлаб чиқишга ҳаракат қилиб кўрдилар.

- Барча этник гуруҳлар учун қулай ва хавфсиз умумий уйда тартиб ўрнатишни фақат узоқ муддатга мўлжалланган давлат дастурлари ёрдамидагина амалга ошириш мумкин, - деб ҳисоблайди Ўш вилоят маъмурият раҳбари Жантўрў Сатибалдиев. – Ўтган йил охиридан бери биз томонимиздан тўрт йўналиш – бошқарув, таълим, ахборот-маданий ва хавфсизликни таъминлаш бўйича этник ривожланиш юзасидан кечиктириб бўлмас тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Дастур бугунги кунда вилоят аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилаётган ёшлар ўзини тутишидаги тажовузкорликни бартараф қилиш ва унинг олдини олиш мақсадида режага асосланган фаолият олиб боришни кўзда тутади.

Мамлакатнинг миллий сиёсати жар солинаётган демократик қадриятларга зид ўлароқ узоқ вақт моҳиятан Қирғизистонни моноэтник жамиятга айлантиришга йўналтирилди, шу туфайли у ўз фуқароларининг этник тараққиёт борасидаги ҳуқуқларини номигагина намойиш қилаётган типик этнократик давлатга айланди. Шунинг учун ҳам ўзларини ноқулай сеза бошлаган бошқа миллат вакиллари республикадан чиқиб кетишни маъқул кўрдилар. Бу омил ҳамда қатор иқтисодий қийинчиликлар қисқа постсовет даврида республика жанубидаги бир неча туманлар полиэтник жойдан моноэтник жойга айланиб қолди. Ўш вилоятида бунақа туманлардан учта бор.

- Бугунги кунда миллатчилик ҳисси сезиларли даражада ифодаланган авлод етишиб чиқди, улар бошқа миллат вакиллари билан муомала қилиш у ёқда турсин, уларни ҳурмат қилишни ҳам истамайдилар, - дея таъкидлайди Миллий фанлар академияси жанубий бўлими Ижтимоий фанлар институти миллатларо муносабатлар бўлими мудираси Антонина Захарова. – Ўз зотини ва аймоғини улуғлашда акс этувчи трайбализм кўринишлари ёрқин намоён бўлмоқда. Бунинг натижасида қирғиз миллатининг изоляцияси хавфи вужудга келди.

Ўш давлат университети олими Жўўмарт Сулайманов асосий миллат ва бошқа этник гуруҳлар вакиллари ўзаро муносабати юзасидан баҳсда диққатга сазовор фикр билдирди.

- Биз, қирғизлар, давлат ташкил этувчи халқ бўлганимиз ҳолда, миллий озчилик вакилларининг қарорлар қабул қилишда иштирокидан манфаатдор бўлмоғимиз керак, - дея қайд этди Ж. Сулаймонов. – Кўпгина миллатдошларимнинг фожеаси шундаки, улар буни тушунмаяптилар. Сўзга чиққанлардан кимдир “биз бир-бировимиз учун чет элликка айландик”, дея қистириб ўтди. Шунинг учун ҳам бугунги кунда олдимизда битта масала кўндаланг турибди: қай бирини танлаймиз – миллий-диний зиддият ва жамиятнинг, мамлакатнинг бузилиб кетишиними ёки чидамлилик ва полиэтник давлатнинг яхлитлигиними?

Иккинчи вариантни танлаган “давра суҳбати” иштирокчилари республика жанубида миллатлараро муносабатлар жабҳасидаги вазиятни ўнглаш йўлида давлат тузилмалари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг бир ёқадан бош чиқариб ишлашини таклиф қилдилар. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят маъмуриятидаги махсус органга юклатилди. Бир неча масалаларни ҳал қилиш режалаштирилди. Энг аввало, бу кадрлар сиёсатини мутахассисларнинг жўғрофий, миллий ва уруғ-аймоқ мансубиятига қараб эмас, касбий маҳорат ва салоҳият тамойилларига асосланган ҳолда амалга оширишга дахлдордир. Бундан ташқари, маҳаллий расмий идора раҳбарлари ва ходимларини кўпмаданиятли жамият шароитида бошқаришга ўргатиш ҳам амалга оширилажак тадбирлардан сирасига киради.