18:59 msk, 18 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Жонли журналистика ўлгани йўқ – у шунчаки Тармоққа кўчиб ўтди, холос

24.02.2007 18:23 msk

Алексей Волосевич (Тошкент)

Иллюстрация: Ўзбекистондаги охирги Интернет анжумани нишони

Охирги ўн беш йил мобайнида Ўзбекистонда расмийларга бўйсунмайдиган оммавий ахборот воситаларини йўқотиш бўйича кўламли ишлар амалга оширилди. Бир қарашда ёмон натижаларга эришилгани йўқ: республикада бирорта ҳам мустақил ОАВ қолмади. Бироқ коммуникацион технологияларнинг шиддат билан тарқалаётгани бу ҳаракатларни қарийб йўққа чиқарди. Жонли журналистика ўлгани йўқ – у шунчаки Интернетга кўчиб ўтди, холос.

Табиийки, республика расмийлари исёнкорлик руҳидаги материалларнинг ёйинланишига қўлларидан келганча тўсқинлик қилиб келмоқдалар. Энг хавфли интернет-ресурсларга киришга давлат миқёсида тўсилади, бунга мувозанатан яқиндан бери бир тўп аксилташвиқий сайтлар ҳам очилган. Шунга қарамай, бу тадбирларни таъсирли деб бўлмайди. Прокси-серверлар ва анонимайзерлар билан ишлашдан бирозгина хабардор бўлган киши тўсиқларни бемалол айланиб ўтиб, “даҳшатли” ахборотга етиб бориши мумкин.

Қуйида Ўзбекистон ҳақида ўзбек тилида ёзадиган, жамулжамликда эркин (қисман эса эркин бўлмаган) замонавий ўзбек журналистикаси ахборот майдонини ташкил қилган оммабопроқ вес-сайтлар ҳақидаги қисқа шарҳни муштарийлар эътиборига ҳавола қиламиз.

АХБОРОТ-ТАҲЛИЛИЙ САЙТЛАР

“Узньюс” (http://www.uznews.net)

Мухолифат-ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналиши ёрқин акс этган, нисбатан яқинда очилган ахборот ресурси. “Узньюс” мухолифатчилар, мустақил журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳибсга олинганлиги ва ушланганлиги ҳақида биринчи бўлиб хабар беради. Сайт қаерда бўлишидан қатъий назар – Фарғона водийсидами, Самарқанддами, Хоразмдами, Қорақалпоғистондами ва ё бошқа бирор вилоятдами – бирорта норозилик намойишини эътиборсиз қолдирмайди. Сайтнинг муҳим устунликларидан бири шундаки, у республиканинг бошқа интернет-агентликлар ўз мухбирларига эга бўлмаган жойларидан ахборот ола билади ва чоп қилади.

Сайтнинг яна бир хусусияти шуки, унинг журналистлари ифода учун юмшоқроқ сўз танлаб ўтирмайдилар ва одатда, нарсаларни ўз номи билан атайдилар. Яъни Ислом Каримовни улар президент эмас, “диктатор” деб атайдилар. Бош муҳаррир ва муассис – Галима Бухарбаева. Ўзбекистонда “Узньюс” сайти “душман сайти” ҳисобланади, шунинг учун ҳам доим бўғилади. Сайт чет элдан туриб таҳрир қилинади ва бошқарилади.

“Уруш ва тинчликни ёритиш институти” (http://www.iwpr.net)

Британиянинг “Уруш ва тинчлик муаммоларини ёритиш институти” (Institute for War and Peace Reporting) сайти. IWPR мухбирларининг ҳаракат майдони Болқон, Ироқ, Африка, Кавказ, Ўрта Осиё, Афғонистон бўлиб ҳисобланади.

Сайт материалларини рус ва ўзбек тилларида ҳам ўқиш мумкин.

Ўзбекистонда “Уруш ва тинчлик институти” ваколатхонаси 2005 йилда ёпилган. Ўзбекистондаги вазиятга бағишланган янги мақолалар сайтда ҳафтасига бир неча марта чиқади.

“Озодлик” (http://www.ozodlik.org)

“Озод Европа/Озодлик радиоси” ўзбек хизматининг сайти. Материаллар ўзбек тилида чоп этилади. Фақат Ўзбекистондаги вазият ҳақидагина эмас, Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлардаги вазият ҳақида ҳам ахборот бериб боради. Аудиофайл шаклидаги эшиттиришлар архивига эга.

Ўзбекистонда “Озод Европа/Озодлик радиоси” ваколатхонаси республика расмийлари томонидан 2005 йилда ёпилган, радиостанциянинг ўзбек хизмати сайти эса Ўзбекистонда очилмайди.

“Америка овози” (http://www.voanews.com/uzbek)

“Америка овози” радиостанциясининг ўзбек хизмати. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳақидаги мақолалар ўзбек тилида чиқади. Ўзбекистоннинг ўзида сайтни очиб бўлмайди.

“Би-би-си” (http://www.bbc.co.uk/uzbek)

“Би-би-си”нинг ўзбек хизмати. Сайт материаллари ўзбек тилида чиқади. “Би-би-си”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2005 йилда ёпилган. Корпорация ўзбек хизматининг сайтини Ўзбекистонда очиб бўлмайди.

“Медиа.Уз” (http://www.mediauz.ucoz.ru)

Ўзбекистонлик мустақил журналистлар сайти. Материаллар ўзбек тилида чиқади. Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий вазият ҳақида, ОАВ фаолияти ва цензура ҳақида, журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифатчиларнинг таъқиб қилинишлари ҳақида мақолалар чоп этилади. Ўзбекистонда бу ресурсни ҳам очиб бўлмайди.

“Фарғона.Ру” (http://www.fergananews.com)

Россия мустақил ахборот агентлиги. Марказий Осиё мамлакатларига бағишланган энг оммабоп интернет-ресурслардан бири. Сайтдаги мавзулар доираси қуйидагича: “Фарғона водийси, Ўзбекистон ва Ўрта Осиё янгиликлари; митнақа давлатларига дохил сиёсий, иқтисодий, маданий ва ҳарбий ахборот; Россия билан МДҲ мамлакатлари муносабатлари; террорчилик, ҳарбий зиддиятлар; этнография ва антропология; адабиёт ва санъат; динлар ва руҳоний амалиётлар; дунёвий ҳаёт ва шахс тақдири қадриятлари”.

Агентлик материаллари уч тилда – рус, инглиз ва ўзбек тилларида чиқади.

Сайтда минтақа ҳақида бошқа ОАВда чоп этилган қизиқарли мақолаларга ишоратлар берилган (бу ҳам уч тилда). Ҳар куни сайтда уч-бешта мақола ва йигирматагача қисқа хабарлар чоп этилади. “Фарғона.Ру”нинг фарқли жиҳати шундаки, унда минтақадан олинган кўплаб ажойиб фотосуратларни топиш мумкин.

Минтақанинг йирик шаҳарларида кенг мухбирлар тармоғига эга бўлган “Фарғона.Ру”да тезкор маълумот олиш яхши йўлга қўйилган. Материаллар электрон почта орқали (пулли ва бепул) тарқатиб турилади. Муассис ва бош муҳаррир – Даниил Кислов (Москва). Ўзбекистонда охирги икки йил мобайнида “Фарғона.Ру” АА сайти мутлақо очилмайди.

ЎЗБЕКИСТОН МУХОЛИФАТИ САЙТЛАРИ

“Мусулмон Ўзбекистон” (http://www.muslimuzbekistan.com/rus)

Ўзбекистондаги исломий ҳаётга бағишланган диний-мухолифатчи сайт. Сайт рукнлари – “Ислом”, “Мазлумалар дунёси” ва ҳаказолар. Сайтда янгиликлар, таҳлилий ва ҳуқуқ муҳофазасига оид мақолалар бор. Андижон воқеаларига дохил юзлаб фотосуратлар бор. Сайт материаллар тўрт тилда – рус, инглиз, араб ва ўзбек тилларида чиқади. Ўзбекистонда уни очиб бўлмайди.

Сайт эгалари ўз мақсадларини қуйидаги тарзда баён қилганлар:

“Ушбу сайт бугунги расмий ўзбек матбуоти устидан ўрнатилган давлат яккаҳокимлигини қоралайди ва унга зид равишда ахборот эркинлигини таъминлашга ҳисса қўшади. “Мусулмон Ўзбекистон” сайти ахборот қамали муҳитида мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни ёритиш, жаҳон оммасига амалдаги авторитар ва террорчи тузумнинг мусулмонларга қарши қирғини (геноциди) фактларини очиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

“Мусулмон Ўзбекистон” юрт мусулмонларининг бугунги ҳақиқий аҳволи ҳақида, уларнинг дин йўлида чекаётган азоб-уқубатлари тўғрисида хабар бериб боради. Минтақа мусулмонларига қарши содир этиб келинаётган жиноятлар ва ҳуқуқбузарлик фактларини омма эътиборига етказади. Мусулмонларнинг орзу-умидлари, ўй-фикрларини ифодалашга ҳаракат қилади. Аллоҳ душманларининг макру-ҳийлаларини фош этади. Дин-иймон ҳимояси ва ғалабаси учун золимларга қарши тинч йўллар билан курашга чорлайди”.

«Бирлик» (http://www.birlik.net)

“Бирлик” халқ ҳаракати сайти. Материаллар ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида чиқади. Бу ерда “Бирлик” ҳаракати тарихи билан, ҳаракатнинг турли сиёсий арбобларга (Ж. Бушга, В. Путинга) ҳамда ташкилотларга (ЕХҲТга, АҚШ Хельсинки комиссиясига) мурожаатлари билан, шунингдек, турли сабабларга кўра ёйинланган баёнотлари билан танишиш мумкин. Сайтда турли бўлимлар кўп. Ўзбекистонда “Бирлик” сайтини очиб бўлмайди.

“Тўхта, диктатор Каримов” (http://www.stopdictatorkarimov.com)

Швецияда яшайдиган ўзбекистонлик муҳожир Ҳазратқул Худойберди томонидан яратилган сайт.

“Бу саҳифа Ислом Каримовнинг Ўзбекистондаги диктатурасига қарши курашга ҳамда жаҳоннинг бошқа мамлакатларидаги бу каби режимлар жиноятларини фош қилишга бағишланади!” – сайт мақсади ана шу тарзда белгиланган.

Бу анча қизиқарли интернет-ресурс бўлиб, сайт муаллифи диктатуранинг турли кўринишлари билан оғишмай курашиб келади ва сайтни фақат Ўзбекистонда эмас, бошқа турли мамлакатларда содир бўлаётган воқеалар билан бойитади, диктатуралар ўртасидаги боғлиқликни фош қилади ва постсовет ўлкаларидаги қора ишлар ҳақида хабар қилади.

Сайтда материалларини тўрт тилда – рус, ўзбек, инглиз ва швед тилларида ўқиш мумкин. Ўзбекистонда уни очиб бўлмайди.

«Эрк» (http://www.uzbekistanerk.org)

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси сайти. Материаллар тўрт тилда – ўзбек, турк, рус ва инглиз тилларида чоп этилади. Ўзбекистонда сайтни очиб бўлмайди.

Мақола сарлавҳаларидан намуналар: “Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей нутқи”, “Ёзувчи ва режим тутқуни Мамадали Маҳмудов 66 ёшга тўлди”, “Нима учун руҳонийлар Исломни қабул қилаяптилар?”, “Диктаторнинг яна бир хоинона қадами”.

Муҳаммад Солиҳ сайти (http://www.muhammadsalih.info)

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг шахсий сайти. Бу ерда “Эрк” партияси дастури ва низоми матни билан танишиш мумкин. Шунингдек, ундан Ўзбекистондаги вазиятга ва унинг турли мамлакатлар билан муносабатларига дохил турли материаллар ўрин олган. Материаллар тўрт тилда – ўзбек, турк, рус ва инглиз тилларида чоп этилади. Ўзбекистонда сайтни очиб бўлмайди.

“Исёнкор” (http://www.isyonkor.ucoz.ru)

Сайт Ўзбекистондаги умумий вазият ва унинг бошқа мамлакатлар билан алоқаси, Европа Иттифоқи санкциялари, мухолифат фаолияти, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳибсга олиниши ва ҳаказо мавзулар ҳақида материалларни чоп қилади. Сайт қарийб ҳар куни янгиланади. Мақолалар ўзбек тилида чиқади. Ўзбекистонда сайтни очиб бўлмайди.

“Ўзбекистон демократик кучлари конгресси”(http://www.uzbekcongress.org)

Мухолифатдаги Ўзбекистон демократик кучлари конгресси сайти (раиси – АҚШда истиқомат қилувчи Жаҳонгир Маматов). “Демократик Ўзбекистон конгресси” (ДЎК) Ўзбекистондаги юзлаб фаол демократларни бирлаштирувчи ҳамда мамлакат ичкарисида минглаб тарафдорларга эга бўлган, шунингдек, АҚШ ва Европада кўплаб аъзолари бўлган халқаро ташкилотдир”, - дейилади сайтда.

Сайтда инглиз, ўзбек ва рус тилларидаги материалларни ўқиш мумкин. Ўзбекистонда сайтни очиб бўлмайди.

“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси (http://sunshineuzbekistan.org)

“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси сайти (лидери – ўтган йили иқтисодий жиноятларда айбланиб қамалган Санжар Умаров). Материаллар инглиз, рус ва ўзбек тилларида чиқади. “Серқуёш” коалиция раҳбарларининг ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёнотлари, бўлиб ўтган пикетлар ва норозилик намойишлари ҳақида хабарлар чоп этилади, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий тизим танқид қилинади. Сайтда кечиктириб бўлмас ислоҳотлар юзасидан таклифларни ўқиш мумкин. Ўзбекистонда сайтни очиб бўлмайди.

РАСМИЙНАМО САЙТЛАР

“Жаҳон” ахборот агентлиги (http://jahon.mfa.uz)

Республика ТИВ қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги ўзбек расмийларининг энг асосий карнайидир. Сайт материаллари билан уч тилда – рус, ўзбек ва инглиз тилларида танишиш мумкин. Парламент мажлислари, президент Каримов нутқлари, янги қонунлар, фармонлар, қарорлар чоп этилади. Бошқа барча материаллар мутлақо ташвиқий характерга эга.

“ЎзА” ахборот агентлиги (http://www.uza.uz)

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги. Асосий вазифаси – Ислом Каримов эришган ютуқ ва муваффақиятларни ташвиқ қилиш. Бу агентлик мухбирлари томонидан тайёрланган барча материаллар қаттиқ цензурадан ўтказилади. Материаллар рус, ўзбек ва инглиз тилларида чиқади.

Шунга қарамай, сайт анча фойдалидир, чунки айнан шу ерда республика президентининг бўлажак сафарлари, чет эл делегациялари ташрифи, ҳукуматдаги кадр алмаштиришлар, вилоят ҳокимларининг алмаштирилгани ҳақидаги хабарлар, янги қонунлар, фармонлар ва қарорлар матнлари биринчи бўлиб пайдо бўлади.

“ЎзРепорт” (http://www.uzreport.com)

Иқтисодий ахборотлар берилувчи сайт. Мақолалар уч тилда – инглиз, рус ва ўзбек тилларида чоп қилинади. Айрим материаллар пулли бўлиб, улардан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Сайт банклар, биржалар, суғурта ширкатлари фаолияти ҳақида, йирик савдо битимлари ва шартномалари ҳақида, қимматбаҳо қоғозлар бозорининг ривожланиши ҳақида, Ўзбекистонда эълон қилинган тендерлар ва кимошди савдолари ҳақида, ўтказилаётган халқаро кўргазмалар ҳақида, меҳнат бозоридаги таклифлар ҳақида, валютанинг расмий қиймати ва ҳаказолар ҳақида ахборот тарқатади.

“Пресс-уз-инфо” (http://www.press-uz.info)

Ўзбек расмийларига дохил энг ёқимсиз сайт. Айнан шу ерда ўзбек диссидентларини, ҳуқуқ ҳимоячиларини, мустақил журналистларини, шунингдек, керак бўлиб қолганда қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни лойга қорувчи аноним ёки сохта муаллифлар мақолалари жойлаштирилади. Бу ерда чет эл нодавлат ташкилотларини ёпиш учун жўровоз бўлиб чиқаётган сарой сиёсатшуносларининг мақолалари чоп этилади. Бу ерда Ўзбекистон раҳбариятини коррупцияда, инсон ҳуқуқларини бузаётганликда, сўз эркинлиги ва демократияни бўғаётганликда, диний сабабларга кўра таъқиб қилаётганликда айбловчи халқаро НДТ ва ташкилотлар маърузаларига раддия ўлароқ ёзилган “экспертлар” мақолалари пайдо бўлади. Умуман олганда, бу сайт Ўзбекистон расмийлари томонидан режим танқидчиларини ахлатга қориш учун 2005 йил сўнгида яратилган. “Пресс-уз.инфо” муаллифлари, одатда, тахаллус билан чиқадилар ёки ўз исмларини мутлақо кўрсатмайдилар.

Бироқ бундай мақолалар ўқилиши учун уларни озми-кўпми қизиқарлироқ бўлган мақолалар билан аралаштиришга тўғри келади. Шунинг учун ҳам сайтда эътиборга сазовор янгиликлар ҳам кўп чоп қилинади.

***

Ўзбекистонга бағишланган ёки республикада содир бўлаётган воқеаларни системали тарзда ёритиб келаётган оммабопроқ ўзбекча сайтларнинг қисқача шарҳи шулардан иборат.