03:07 msk, 19 Сентябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Хоразм вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилинди

24.02.2007 12:21 msk

ўз ахб.

Шу йилнинг 15 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Исмоилов, бошқарма бош ҳисобчиси Робиға Ражабова ва «Урганч принт колор» масъулияти чекланган жамияти директори Абдураҳмон Қодировлар устидан уларнинг жиноий ишлари бўйича ҳукм чиқарди. Улуғбек Исмоиловга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаш шарти билан 2 йил муддатга ахлок тузатиш иши жазоси тайинланди ва у 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Унинг шериклари ҳам шу турда жазо олдилар. Тайинланган жазо Урганч шаҳар ички ишлар бўлими белгилаган жойда ўталади.

Маълум бўлишича, Улуғбек Исмоилов матбуот ва ахборот бошқармаси балансидаги ГАЗ-24 русумидаги автомашинани «Хоразм вилоят босмахонаси» масъулияти чекланган жамиятига ўтказиб, 486 минг 752 сўмлик давлат мулкини талон-тарож килган. Шунингдек, у бош ҳисобчи Р. Ражабова ва «Экспресс матбаа» корхонасм директори А. Қодиров билан тил бириктириб, «Экспресс матбаа» кичик корхонасининг 11 миллион 620 минг сўмлик асосий воситаларини сохта ҳужжатлар тайёрлаб, хусусийлаштириб ўзлаштирган. Бундан ташқари, хусусийлаштирилган корхонанинг кўп даромадлари солиқдан яширилиб, бухгалтерлик ҳисоб-китоблари тўғри юритилмаган ва дебиторлик қарзлари вақтида ундирилмаган ва ходимларга вақтида иш ҳақи тўланмаган.

15 феврал ҳукмидан олдин 9 февраль куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди Улуғбек Исмоилов жинояти бўйича ажрим ҳам чиқарган. Ажримда таъкидланишича, Улуғбек Исмоилов бош ҳисобчи Р. Ражабова билан бирга 552 минг сўмлик мол-мулк солиғи, 2 миллион 839 минг сўмлик даромад солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Лицензия олмасдан 15 миллион сўмлик улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланган. «Матбуот уйи» биносининг бўш турган хоналарини ноқонуний равишда ижарага бериш оқибатида бюджет, давлат манфаатларига 2 миллион 790 минг 490 сўм миқдорида зарар етказган. Аммо Улуғбек Исмоилов жиноятларининг бу қисми «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 14 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги ҳукумат қарорига биноан амнистияга тушган.

Маҳаллий журналистларнинг кўпчилиги Улуғбек Исмоиловнинг ишдан бўшатилишини маъқул деб билади. Чунки у Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганда матбуот кўчасидан ҳам ўтмаган шахс шу мансабга ўтирганидан вилоят журналистларининг энсаси қотган эди. Нўноқ раҳбар фаолияти вилоят матбуоти ривожига анча тўсқинлик қилди. Унинг даврида хусусий ва мустақил оммавий ахборот воситасини ташкил қилиш амри маҳол бўлиб қолди. Эркин журналистлар таъқиб остига олинди. Танқидий мақола ёзганлар тазйиққа учради. Бошқа вилоятларда кўплаб хусусий газеталар фаолият юритаётган бўлса, Хоразм вилоятида бирорта мустақил ёки хусусий газета йўқ. Вилоят бўйича нашрлар сони ўттизтага ҳам етмайди.

Улуғбек Исмоилов оммавий ахборот воситаси ташкил қилмоқчи бўлган журналистларни турли баҳоналар билан орқага қайтарган. Бошқа матбаа корхоналарини оммавий ахборот воситаларини чоп қилиш лицензиясидан турли воситалар орқали маҳрум қилиб, мижозлар фақат ўзининг ноқонуний хусусийлаштирилган кичик матбаа корхонасига буюртма билан келиши, яъни монополия яратиш учун қаттиқ уринди. У газеталар кўпайиб кетиши, уларда ҳукуматга ёқмайдиган ёки сиёсатга алоқадор нимадир чоп қилинишидан қўрқиб иш кўрди. Аммо ҳукумат қонунларини ўзи бузишдан эса чўчимади.